Россия газини Ўзбекистонга етказиб бериш бўйича шартнома шартлари қандай?

Фото: Энергетика вазирлиги
Санкт-Петербург Халқаро иқтисодий форумида Россия газини Ўзбекистонга етказиб бериш бўйича шартнома ва республика газ узатиш тизимини Россия газини қабул қилишга тайёрлаш бўйича “Йўл харитаси” имзоланганди. Энергетика вазирлиги ушбу шартнома тафсилотларини маълум қилди.
Унда кўра, газ олди-сотдиси бўйича шартнома UzGastrade АЖ ва “Газпром экспорт” МЧЖ ўртасида 2 йил муддатга тузилган бўлиб, уни ишончнома асосида Ўзбекистон энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов ва “Газпром” ОАЖ бошқаруви раиси Алексей Миллер имзолади.
Шартнома доирасида 2023 йилнинг 1-октябридан кунига 9 миллион кубометр табиий газни импорт қилиш бошланиши мўлжалланмоқда. Йиллик ҳажм эса қарийб 2 миллиард 800 миллион кубометрни ташкил этади.
“Таъкидлаш лозимки, шартнома тўлиқ тижорий шартларда ишлаб чиқилиб, республика истеъмолчиларининг табиий газга бўлган йилдан йилга ошиб бораётган эҳтиёжини қисман қондириш ҳамда куз-қиш мавсумини беталафот ўтказишга қаратилган чора-тадбирлардан биридир.
Табиий газ нархи минтақадаги бозор нархлари асосида, шунингдек, республикадаги амалдаги нархлар ҳамда уларни бозор тамойиллари асосида шакллантириш бўйича амалга оширилиши режалаштирилаётган ислоҳотлардан келиб чиқиб, келишилган”, — дейилади вазирлик хабарида.
Шунингдек, маълум қилинишича, юқорида кўрсатилган “Йўл харитаси”га мувофиқ, аввал табиий газ “Ўрта Осиё—Марказ” магистрал газ қувури орқали Қозоғистондан транзит билан Россияга юборилгани ва эндиликда газнинг реверс режимида (тескари оқимда) Ўзбекистонга етказилиши, шунингдек, республика ҳудудида янги газ ўлчаш станцияси қурилишини ҳисобга олган ҳолда, белгиланган тадбирларни 2023 йилнинг сентябригача якунлаш режалаштирилган.
Жумладан, “йўл харитаси” доирасида Ўзбекистон газ-транспорт тизимидаги 3 та газ ҳайдаш ускунаси янгиларига алмаштирилади ва 11 та турли русумдаги газ ҳайдаш ускунасида мукаммал таъмирлаш ҳамда тиклаш ишлари бажарилади. 22 километрлик янги магистрал газ қувурлари қурилади ва 56 километрлик газ қувурлари таъмирланади.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Мирзо Бобур – буюк империя асосчиси
- Навоий вилоятида 2025 йил «Алишер Навоий йили» деб номланади
- Миллий гвардияга янги ваколат берилди
- Президент «Алишер Навоий ва Шарқ Ренессанси» IV халқаро симпозиуми иштирокчиларига табрик йўллади
- «Атроф-муҳитни асраш ва «яшил иқтисодиёт» йилига мўлжалланган давлат дастури қабул қилинди
- Ёшлар буюк келажагимизнинг асосий бўғини эканлигини тушунмаган раҳбар бизнинг сафимизда бўлишга ҳаққи йўқ – Президент
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг