Россия АҚШ мудофаа компаниялари учун саботаж хавфини оширмоқда

11:06 22 Ноябрь 2024 Дунё
212 0

АҚШ разведка идоралари Америка мудофаа компанияларига Россия томонидан саботаж хавфи ошганидан огоҳлантирди. Айниқса, Украинага ёрдам кўрсатаётган компаниялар хавфсизлик чораларини кучайтириши кераклиги айтилган. Саботаж таҳдидлари АҚШнинг хориждаги ва маҳаллий инфратузилмалари учун жиддий муаммо бўлиши мумкин. Бу ҳақда «Newsweek» нашри хабар берди.

Разведка маълумотларига кўра, Россия Европада саботаж операцияларини ўтказиб, инфратузилмаларни издан чиқаришга ва қўрқув уйғотишга қаратилган ҳаракатларни амалга оширмоқда. Бу ҳаракатлар Европа давлатларининг Украинага кўрсатаётган қўллаб-қувватлашини заифлаштиришга қаратилган. АҚШ компаниялари ҳам бу каби хавфларга тайёр туриши ва ходимларини эҳтиёткор бўлишга чақирилган.

Разведка органлари компанияларга ходимларнинг ижтимоий тармоқлардаги фаоллигига алоҳида эътибор қаратишни тавсия қилди. Хусусан, Украинага боғлиқ лойиҳаларда ишлаётган ходимлар ўзларининг хизмат сафарлари ва шахсий маълумотларини ошкор қилмасликлари лозимлиги айтилган.

Россия нафақат Европа мудофаа компанияларига, балки логистика ва коммунал инфратузилмаларига ҳам ҳужумлар уюштирган. Бу ҳужумлар асосан Украина ва Ғарб давлатларига босим ўтказиш мақсадида амалга ошириляпти. Халқаро экспертлар Россиянинг бу ҳаракатлари учун жиноятчилар ва бошқа воситачилар жалб этилганини тахмин қилишмоқда.

Бундан ташқари, Полша ва Буюк Британияда Россия манфаатлари учун саботаж ташкил қилган шахслар ҳибсга олингани хабар қилинган. Июнда Полша ҳукумати Россия ва Беларус фойдасига ҳаракат қилган 20 дан ортиқ одамни қўлга олган. Лондонда эса Россия разведкаси фойдасига арсон ҳужумини (қасддан бинони ёқиб юбориш) амалга оширганликда айбланган шахслар устидан суд иши қўзғатилган.

Охирги пайтда ғарбий хавфсизлик органлари Россияни Шимолий Америкага юборилган юк самолётларида ёндирувчи мосламалар жойлаштириш режасида гумон қиляпти. Бу каби ҳаракатлар глобал хавфсизликка жиддий таҳдид туғдираётгани ҳақида маълумот берилди. Россия эса бу айбловларни рад этиб келмоқда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?