Риштон туманида япониялик ҳамкорлар билан бирга мономарказ ташкил этилади

18:37 04 Ноябрь 2022 Жамият
518 0

Фото: Халқ сўзи

Маълумки, 2019 йили Фарғона вилоятининг Риштон тумани ва Япониянинг Киото префектураси Майдзуру шаҳри ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланган эди.

Ўтган вақт мобайнида Риштон-Япон ҳамкорлиги сифат жиҳатдан янги босқичга чиқиб, бир неча маротаба ўзаро делегациялар алмашилди. Миллий ҳунармандчилик, тадбиркорлик, иқтисод, маданият ва ёшлар сиёсати соҳасида фаол ҳамкорлик йўлга қўйилди.

Шу кунларда Риштон ва Майдзуру шаҳри ўртасида имзоланган меморандум доирасида икки биродарлашган ҳудуд ўртасида ҳамкорликни янада ривожлантириш мақсадида кунчиқар юртдаги ушбу шаҳар ҳокимлиги вакиллари - Хироши Кодзима, Суноути Ёшинори, Куба Марино Риштон туманига ташриф буюрди.

Майдзуру шаҳри билан имзоланган меморандумга кўра, 2023 йили яна бир гуруҳ ўқувчилар Япония гранти асосида мазкур давлат таълим муассасаларига ўқишга қабул қилинади. Бунинг учун жорий йилнинг декабрь ойида махсус имтиҳонлар ўтказилади. Унда энг юқори кўрсаткичларга эга бўлган ўқувчилар грантга эга бўлади.

Ўз навбатида Риштон туманида мономарказ ташкил этиш, унда таҳсил олганларни Японияда ишлаш ҳуқуқига эга бўлиши борасида ҳам музокара ўтказилди. Тиббиёт техникумини битирган ва япон тилини мукаммал ўрганган риштонлик ҳамшираларга Майдзуруда ишлаш имкониятини яратиш бўйича келишувларга эришилди.

Юзма-юз мулоқотларда япониялик тиббиёт ходимларининг Риштон туманига келиб, маҳорат дарслари ўтказиши борасида Майдзуру шаҳар ҳокимлиги вакиллари амалий ёрдам беришга тайёр эканликларини маълум қилишди.

Ботир Мадиёров, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер