Рихиати Салиҳ НАЖИБ: “Бухоронинг 2020 йилда ислом маданияти пойтахти, деб эълон қилингани барчамиз учун муҳим воқеадир”​ 

10:10 24 Февраль 2020 Welcome to uzbekistan
1800 0

Маълумки, дунёдаги саноқли шариф шаҳарлардан бири саналган Бухоро 2020 йилда “Ислом маданияти пойтахти” деб эълон қилинган. Шу муносабат билан 13 — 17 апрель кунлари юртимизда халқаро миқёсда нуфузли анжуман бўлиб ўтиши кутилмоқда. Унда Ислом ҳамкорлик ташкилоти, ЮНЕСКО мутасаддилари, жаҳоннинг таниқли тарихчилари, шарқшунослари, дин уламолари иштирок этади.

Мазкур анжуманга кўрилаётган тайёргарлик ишлари билан танишиш мақсадида мамлакатимизга ташриф буюрган Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича Ислом ташкилоти (ISESCO) раҳбарининг биринчи ўринбосари Рихиати Салиҳ Нажиб бошчилигидаги делегация аъзолари Бухорода бўлишди. Нуфузли меҳмондан таассуротлари ҳақида эксклюзив интервью олдик.

— Бухоро шаҳрининг “Ислом маданияти пойтахти” деган нуфузли мақомга эга бўлгани нафақат Ўзбекистон, ўзбек -халқи, балки биз учун ҳам муҳим воқеадир, — дейди жаноб Рихиати Салиҳ Нажиб. — Негаки, Бухоро азал-азалдан илм-маърифат, маънавият бешиги бўлиб келган. Бу ўринда биргина Имом Бухорий ҳазратларини, у кишидан қолган бой маънавий ¬меросни эслашнинг ўзи кифоя. Бу муҳтарам зот қаторида юртингиздан кўплаб азиз авлиёлар, тасаввуф илми донишмандлари етишиб чиққан. Бу заминга шу боисдан ҳам ¬бутун дунё мусулмонларининг қизиқиши катта.

2020 йилда Бухоронинг “Ислом маданияти пойтахти” деб эълон қилингани муносабати билан юртингизда ташкил этилиши режалаштирилаётган тадбирларга кўтаринки руҳда тайёргарлик кўрилаётганидан мамнун бўлдик.

Жумладан, “Ислом дунёси маданий ¬меросида Ўзбекистоннинг ўрни” мавзуидаги халқаро конференция ва кўргазма, “Ўзбекистон — Ислом цивилизацияси маркази” деб номланган илмий форум, Имом Бухорийнинг ҳадис илми равнақига қўшган ҳиссасига, шунингдек, тасаввуф оламининг таниқли намояндалари Абдухолиқ Ғиждувоний таваллудининг 915, Баҳоуддин Нақшбанд таваллудининг 700 йиллигига бағишланган маданий-маърифий тадбирлар аждодларингиз қолдирган бой меросдан дунё аҳлини баҳраманд этиши нуқтаи назаридан ғоятда аҳамиятлидир.

Биз ташриф асносида пойтахтингизда амалга оширилаётган кенг кўламли бунёдкорлик ишлари, хусусан, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази биносини ҳам кўздан кечириб, ўтмиши буюк халқнинг бугуни фараҳли, келажаги эса янада порлоқ бўлишига ишонч ҳосил қилдик. Бухородаги қадимий масжиду мадрасалар, муқаддас қадамжоларда ҳам бўлиб, юртингизда тарихий ёдгорликлар, миллий ва диний қадриятлар кўз қорачиғидек асраб-авайлаб келинаётганига амин бўлдик. Хусусан, Президентингиз ташаббуси билан Етти пир қадамжоларида амалга оширилган ободончилик, қурилиш-таъмирлаш ишлари барчамизда илиқ таассурот қолдирди. Бу халқингизнинг инсоният тамаддуни равнақига жуда катта ҳисса қўшган аждодларга бўлган чуқур ҳурмат-эҳтиромидан дарак беради.

Истам ИБРОҲИМОВ

(“Халқ сўзи”) ёзиб олди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?