Республика бўйлаб 9,1 миллиард сўмдан ортиқ давлат харидларида қонунбузарлик ҳолатлари аниқланди

11:18 14 Октябр 2025 Жамият
205 0

Рақобат қўмитаси томонидан умумий 9,1 млрд сўмдан ортиқ давлат харидларида қонунбузарлик ҳолатлари аниқланиб, тегишли чоралар кўрилди. Бу ҳақида қўмитанинг расмий Telegram-каналида маълум қилинди.

Унда айтилишича, Қарши давлат университети буюртмачилигида 250 миллион сўмга яқин танлов савдосида олиб борилган ўрганишларда баҳолаш жараёнида нохолисликка йўл қўйилиб, хусусан, харид комиссияси иштирокчилар тақдим этган ҳужжатларни нотўғри баҳолаб, мавжуд қонун талабларига зид равишда амалга оширилгани аниқланган.

Навоий вилоятида олиб борилган ўрганишларда Ўзбекистон Республикаси Маҳаллалар уюшмасининг Навбаҳор туман бўлими томонидан ўтказилган 90 миллион сўмга яқин бўлган 7 та танлов (тендер) савдоларининг барчасида қонунбузилиш ҳолатлари мавжудлиги маълум бўлган.

Наманган вилоятида ҳам «Поп Мурувват» эркаклар учун интернат уйи буюртмачилигида 2024 йилда амалга оширилган давлат харидлари бўйича ўрганиш ва таҳлиллар олиб борилган.

Мазкур интернат уйи 2 та лот бўйича бошланғич нархи 3.5 миллион сўмлик товар, иш ва хизматлар сотиб олиш бўйича амалга оширилган давлат харидларида, қонунчиликда белгиланган тартибини бузиш ҳолатлари фош қилинган.

Рақобат қўмитасининг Жиззах вилояти ҳудудий бошқармаси томонидан Фориш тумани ҳокимлиги томонидан «Маиший техника харид қилиш» бўйича ўтказилган бошланғич нархи 72 миллион сўмга яқин танлов савдоcи юзасидан ўрганишлар ўтказилганда қонун талаблари бузилганлиги маълум бўлган.

Фарғона вилоятида ҳам «Қамчиқавтойўл» ихтисослаштирилган йўллардан фойдаланиш корхонаси томонидан бошланғич нархи 900 миллион сўм бўлган «Автомобиль йўлларида қишда сирпанишга қарши қум маҳсулотлари сотиб олиш» учун ўтказилган энг яхши таклифларни танлаш савдоси бўйича ўрганиш ишлари ўтказилганда, унда ўзаро аффилланган «Sand and Gravel Wholesale» МЧЖ ва «Bus Park and Trading» МЧЖ талабгор сифатида тижорат таклифларини топширгани аниқланган.

Шунингдек, Бухоро вилоятида «Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи» МЧЖ томонидан бошланғич нархи 500 миллион сўмлик ўтказилган танлов (тендер) савдосининг қонун талабларига мослиги юзасидан ўрганиш ишлари олиб борилган.

Маълум бўлишича, амалга оширилган давлат харидида «Etender.uzex.Uz» ахборот порталида танлаш ҳужжатларида таклифларни баҳолаш мезонлари жойлаштирилмагани ҳамда харид комиссияси томонидан иштирокчиларнинг таклифларини техник қисми баҳолаш мезонларисиз баҳоланганлиги маълум бўлган.

Бундан ташқари, Тошкент шаҳрида «Ўзбекистон Миллий Электр Тармоқлари» АЖ томонидан бошланғич нархи 7,3 миллиард сўмлик танлов савдоси «Рақобат тўғрисида»ги Қонуннинг 29-моддаси талабларига зид равишда ўтказилгани фош қилинган.

Ўзбекистон Республикаси «Рақобат тўғрисида»ги Қонуни талаблари бузилиши бўйича аниқланган юқоридаги ҳолатлар юзасидан, аниқланган қонунбузилиш ҳолатлари бўйича буюртмачиларга нисбатан белгиланган тартибда иш қўзғатилиб, тегишли кўрсатмалар берилган. Шунингдек, мансабдор шахсларга маъмурий чора кўриш юзасидан тегишли маълумотлар суд органларига юборилган.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?