Реабилитация менежменти: Швеция тажрибаси кўмак беради
2020 йил 18 ноябрь куни «Реабилитация марказлари (шелтерлар) фаолиятини самарали юритиш ва менежмент. Швеция тажрибаси» мавзусида онлайн семинар-тренинг бўлиб ўтди. Тадбирда зўравонликдан жабр кўрганлар билан ишлаш ва уларга ўз вақтида ёрдам кўрсатишда илғор халқаро тажриба ўрганилди.
Тадбир «Давлат бошқарувида иштирок этиш учун хотин-қизлар ҳуқуқлари ва имкониятларини кенгайтириш ҳамда ижтимоий-иқтисодий ҳаётда уларнинг иштирокини ошириш» лойиҳаси доирасида Швеция ҳукуматининг молиявий кўмагида Ўзбекистон Республикаси Гендер тенгликни таъминлаш масалалари бўйича комиссияси, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ва БМТ Тараққиёт дастури (БМТТД) томонидан ташкил этилди.
БМТ маълумотларига кўра COVID-19 пандемияси шароитида хотин-қизларга нисбатан зўравонлик таҳдиди кучайди. Карантин чекловлари туфайли кўплаб жабрланувчилар ўз вақтида керакли ёрдам ололмаган бўлиши мумкин. Бундай шароитда зўравонликдан жабрланганларни реабилитация қилиш институтларининг роли ниҳоятда муҳим, деб таъкидлади тадбир иштирокчилари.
Мамлакатимизда қандай ишлар олиб борилмоқда? Зўрлик ишлатишдан жабр кўрган шахсларни реабилитация қилиш ва мослаштириш бўйича республикада фаолият кўрсатаётган 200 га яқин марказга 2020 йил январь-сентябрь ойларида 14 849 та мурожаат келиб тушди. 5796 та ҳолатда психологик ёрдам кўрсатилди, 3680 та ҳолатда ҳуқуқий ёрдам кўрсатилди, 503 та ҳолатда фуқаролар тиббий ёрдам олди, яна 1553 та ҳолатда уларга бошқа турдаги ёрдам кўрсатилди.
Тренингда зўрлик ишлатишдан жабр кўрган шахсларни реабилитация қилиш ва мослаштириш ҳамда ўз жонига қасд қилишнинг олдини олиш марказлари раҳбарлари ва ходимлари ҳамда Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги тизими ходимлари иштирок этдилар.
Тадбир давомида чет эллик ҳамкасблар билан тажриба алмашишга эътибор қаратилди. Жумладан, хотин-қизлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва жабрланганлар билан ишлаш бўйича швециялик илғор мутахассислар ва экспертлар зўравонликдан жабрланганлар билан алоқада бўлиш усуллари, реабилитация марказлари (шелтерлар) фаолиятини ташкил этиш, ижтимоий ёрдам олиш ва маблағ жалб қилиш ҳақида сўзлаб бердилар.
Хусусан, Зўравонликдан жабрланган хотин-қизлар учун шелтерлар уюшмасининг (UNIZON) хотин-қизлар ҳуқуқлари ва уларни ҳимоя қилиш бўйича мутахассиси Мария Бёрссон иштирокчиларни Швецияда фаолият кўрсатаётган шелтерлар, зўравонликдан жабрланганларнинг ёрдам сўраб мурожаат қилиш усуллари, мамлакатдаги барча шелтерларнинг фаолиятини мувофиқлаштириш ва улардаги уюшган жамоавий ишлар билан таништирди. Шу билан бирга, эксперт Швеция қонунларига кўра маҳаллий ҳокимият органлари зўравонлик жабр кўрган хотин-қизлар ва болаларга ёрдам ва ҳимоя кўрсатиши шарт эканлигини таъкидлади.
Шелтерларни ташкил этиш бўйича маслаҳатчи Улрика Бодин эса Швецияда зўравонликдан жабр кўрганларни шелтерларга қабул қилиш механизми, жумладан, вазият хавфлари таҳлили ўтказилиши тўғрисида сўзлаб берди. Шундан сўнг зарур ёрдам ва ҳимоя турларини кўрсатиш режаси тузилади.
Тренинг давомида унинг иштирокчилари шелтерлардаги кейс менежмент принципи, уларни молиялаштириш усуллари, психологик қўллаб-қувватлаш бўйича Швеция амалиёти, зўравонликдан жабр кўрганларга ижтимоий ва ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш амалиёти тўғрисида билиб олдилар.
— Бугунги семинар Ўзбекистондаги шелтерлар фаолиятини жаҳон стандартларига мувофиқ ташкил этиш бўйича халқаро тажриба билан танишиш, ижтимоий қўллаб-қувватлашнинг янги манбаларини излаш ва маҳаллий шелтерларни молиялаштириш, зўравонликдан жабр кўрганларга психологик ва ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш бўйича реабилитация марказлари ходимларининг малакалари ва билимларини ошириш учун яхши имконият бўлди. Биз шелтерлар фаолиятини ташкил этиш бўйича тажриба, фикр ва билим алмашиш учун ушбу мавзуда янги семинарлар ўтказишни таклиф этамиз, — деди БМТТДнинг Ўзбекистондаги доимий вакили ўринбосари Дойна Мунтяну хоним.
Иштирокчилар нафақат тажриба алмашдилар, балки мавзу бўйича масалаларни муҳокама қилиб, саволларига мутахассислардан жавоб олдилар.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Тинчлик сулҳи шартлари бажарилмоқда: Ғазо 3 нафар, Исроил 90 нафар маҳбусни ватанига қайтарди
- Шавкат Мирзиёев аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартиришга оид муҳим қарорни имзолади
- “Энг яхши мақолалар” танлови ғолиблари аниқланди
- Ўзбекистонда 2025 йил 1 апрелдан электр энергияси ва газ нархлари оширилади
- Ҳарбий хизматни ўташ билан боғлиқ тартиблар янгиланади
- Вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тизими такомиллаштирилмоқда
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг