Рамзан Қодиров Алламжоновни ўлдирмоқчи бўлганмиди? Чеченистон раҳбари жавоб берди

12:12 11 Ноябрь 2024 Жамият
971 0

Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров Ўзбекистонда Комил Алламжоновга уюштирилган суиқасдга оид хабарларга муносабат билдирди. Хорижий нашрлар томонидан унинг бу ҳодисага алоқадорлиги ҳақида тарқатилган маълумотларни Қодиров «сиёсий ўйин» деб баҳолади. Унинг сўзларига кўра, бу каби хабарлар ўзбек ва чечен халқлари ўртасида низо чиқаришга қаратилган.

Қодиров ўз Телеграм каналида, «Ўзбекистонда бир неча ҳафта олдин Президент администрациясининг собиқ ходими бўлган машинага қарата ўқ узилган эди. Ҳеч ким жабрланмади. Гумонланувчилардан бири аллақачон ҳибсга олинган, тергов барча иштирокчиларни ва суиқасд сабабларини аниқлаши керак», деб ёзди.

Шунингдек, у ушбу хабарларга муносабат билдирар экан, буни «провокация» деб атади ва бунга жавоб бермаслигини айтди. Қодиров шундай ёзди: «Мен бу провокацион нарсаларга жавоб бермайман. Қолаверса, Ўзбекистонда Шавкат Мирзиёевнинг оқилона сиёсати туфайли барча соҳалар, жумладан, ахборот ва ҳуқуқ-тартибот тизимидаги ишлар аъло даражада».

Қодиров ўзига нисбатан қилинган айбловлар ҳақидаги фикрларини давом эттирар экан, бунинг сиёсий ўйин эканини қайд этди. Унга кўра, чеченлар ва ўзбеклар тарихий ўтмиши умумий бўлган қардош халқлардир. Бизнинг умумий жиҳатларимиз жуда кўп.

Шунингдек, у ўзининг Ўзбекистон ва ўзбек халқига бўлган алоҳида муносабатини таъкидлади. Қодиров, «Шахсан мен учун Ўзбекистон – ўзбек халқини, унинг одоб-ахлоқини севган азиз отам Аҳмад Ҳожи ҳаётининг алоҳида ва муҳим қисмидир», деди. У учинчи томонларнинг бу каби сиёсий ўйинларига қарши қатъий туришини айтди.

«Қўшимча қиламанки, агар мен ҳақиқатан ҳам бирор нарсани режалаштирадиган бўлсам, бу ишни 100 фоиз натижа билан охирига етказаман», деган у.

Қайд этиш керакки, жиноят юзасидан Ўзбекистон Бош прокуратураси томонидан тергов ишлари давом этмоқда. Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 25, 97-моддаси (Қасддан одам ўлдиришга суиқасд қилиш) бўйича жиноят иши очилган. Гумонланувчиларнинг тўрт нафари ушланган бўлиб, тергов жараёнлари давом этмоқда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?