Раҳбарлар ёшлар ишсизлигининг салбий оқибатларидан огоҳлантирилди

15:15 14 Февраль 2025 Сиёсат
190 0

Фото: Президент матбуот хизмати

Президент Шавкат Мирзиёевнинг ёшлар билан мулоқоти давомида 2025 йилда Ўзбекистонда ёшлар ишсизлигига барҳам бериш ишлари янги босқичга кўтарилиши таъкидланди.

Раҳбарлар ёшлар ишсизлигининг салбий оқибатларидан, ўз вақтида банд бўлмаган ёшлар билиб-билмай номақбул ишларга қўл уриши, диний радикализм таъсирига тушиб қолиши, жиноят кўчасига кириши мумкинлигидан огоҳлантирилди.

Юнусобод, Асака, Шароф Рашидов, Чироқчи, Пастдарғом туманлари, Олмалиқ ва Бухоро шаҳарларида бу борадаги ишлар қониқарсизлиги кўрсатиб ўтилди.

Ёшларни касб ва тилга ўқитиб, юқори даромадли ишларга жойлаштириш мақсадида бу йил бандлик бўйича катта дастур қабул қилинди. Бунинг учун жами 126 триллион сўм йўналтирилмоқда.

Унга кўра, маҳаллаларда 378 мингта микролойиҳа амалга оширилади, маҳалла банкирлари янги кредит маҳсулотлари ҳисобига 250 минг нафар одамни даромадли қилади.

Сервис соҳасида ҳам ёшлар учун имкониятлар кенгайтирилади.

Тадбиркорлар ёш ходимларни ишга олиб, камида 3 миллион сўм ойлик тўласа, ижтимоий солиқ 1 фоиз бўлади.

Бу имтиёз 3 йил амал қилади. Бу орқали тадбиркор ҳам манфаат кўради, ёшлар расмий ишлаб, даромади ошади.

Умуман, “Ёшлар дафтари” тизимини ҳам янгилаш, трансформация қилиш вақти келгани таъкидланди.

Мутасаддиларга ёшларга кўрсатилаётган барча турдаги ижтимоий пакетларни тўлиқ хатловдан ўтказиб, уларни мақбуллаштириш ва натижадорлигини ошириш бўйича таклиф киритиш топширилди.

Юртимизда креатив иқтисодиёт жадал ривожланмоқда. Соҳада фаолият кўрсаётганларнинг 98 фоизи ёшлар.

Ўтган йили креатив иқтисодиётни ривожлантириш бўйича алоҳида қонун қабул қилиниб, ҳуқуқий асослари белгиланди.

Тошкент шаҳридаги “Ёшлар ижод саройи”да намунавий “Креатив парк” ташкил қилинди.

Энди, креатив индустрия парклари ҳудудларда ҳам барпо этилади. Улар зарур ресурс ва инфратузилма билан таъминланади.

Креатив индустрия парки резидентларига 2030 йил якунигача имтиёзли солиқ режими жорий этилади. Бунда ижтимоий ва даромад солиқ ставкалари 50 фоизга камайтирилади, резидентлар товарларни реализация қилиш ҳажмидан қатъи назар айланмадан олинадиган солиқ тўловчилар бўлади.

Парклар негизида креатив соҳа вакилларини ўқитадиган бизнес мактаблари ташкил қилинади. Ушбу мактабларда ёшлар янги ва замонавий бизнес юритиш ҳамда электрон тижорат каби хизмат кўрсатишнинг инновацион усулларини ўрганади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?