Қуёшнинг беминнат марҳамати
Истам ИБРОҲИМОВ/«Халқ сўзи». Давлатимиз раҳбари жорий йилнинг 31 майида Бухоро вилоятига ташрифи чоғида йирик ишлаб чиқариш, энергетика ва транспорт мажмуалари қурилишини рамзий бошлаб берган эди. Ана шундай корхоналар қаторида 250 мегаваттли қуёш электр станцияси ҳам бор. Олот туманида барпо этилаётган мазкур иншоот учун 649 гектар майдон ажратилган. Қуёш электр станцияси Бирлашган Араб Амирликларининг «Маsdar» компанияси томонидан қурилмоқда.
Қирлишон – бир томони қўшни Қоракўл ва Жондор туманлари, бир томони Қашқадарё вилоятига туташ бепоён саҳро. Унда чўккан асрий сукунатни мана, салкам уч ойдирки, қудратли юк машиналари шовқини, одамларнинг қадамлари бузмоқда. Чўлда инсон ақлу заковати билан битмас-туганмас муқобил манба — қуёш электр станцияси қад ростлаяпти.
— Кўриб турганингиздек, бу ердаги ишлар пудратчи ташкилот — Ҳиндистоннинг «Jackon Green» компанияси томонидан амалга оширилмоқда, — дейди ҳамроҳимиз, «Nur – Bukhara Solar project» қуёш станцияси масъул ходими Суҳроб Болтаев. — Яқингача массивда ижтимоий ва экологик ўрганишлар олиб борилди. Офис ҳамда ишчи-ходимлар учун бинолар қурилди. Ажратилган ер майдони панжара билан ўраб олинди. Объектга олиб борувчи йўллар барпо этилди. Асосий назорат, боғланиш иншооти бинолари қуриляпти. Бошқарув пункти қурилиши ҳам жадал бораяпти. Давлатимиз раҳбарининг 2023 йил 30 ноябрдаги қарори ушбу йирик станцияга тамал тоши қўйиш учун асос вазифасини ўтади.
— Бу каби иншоотлар қурилишида етарли тажрибага эгамиз, — дейди ўз навбатида «Jackon Green» компанияси менежери Баскар Медарам. — Бирлашган Араб Амирликлари, Арманистон, Озарбайжон давлатларида, шунингдек, Ўзбекистоннинг Самарқанд, Жиззах, Навоий вилоятларида муқобил энергия манбалари асосида ишловчи станциялар қурилишида иштирок этганмиз. Олотдаги мазкур иншоот таркибида энергия сақлагич батареялари ҳам бўлади. Бу Ўзбекистонда илк бор қўлланилаётган тажриба ҳисобланади.
Дарвоқе, қуёш панелларининг салмоқли қисми иншоотга етиб келди. Улар асосан Хитойдан, айримлари Ҳиндистондан харид қилинмоқда. Алоқа кабеллари, чироқлар, камера каби жиҳозларни маҳаллий ишлаб чиқарувчилар етказиб бермоқда.
Эътиборлиси, атроф-муҳит, чўл экотизимига имкон қадар зиён етказмаслик чора-тадбирлари кўрилади. Инвесторлар ва мамлакатимиз Энергетика вазирлиги ҳамда атроф-муҳит муҳофазасига масъул ташкилотлар талабига кўра, бу юмуш назоратига малакали мутахассислар жалб этилган. Лойиҳага мувофиқ, қуёш панеллари оралиғида ҳам саксовул, юлғун, янтоқ каби ўсимликларнинг ўсиши учун имконият яратилади.
Биз лойиҳа қиймати 270 миллион АҚШ доллари бўлган ушбу иншоотга оид баъзи рақамларни ҳам ёндафтарчамизга туширдик. Қуёш станциясини 2025 йилда ишга тушириш мўлжалланмоқда. У йилига 638 миллион кВт/соат электр энергияси ишлаб чиқаради. Натижада қўшимча тарзда 300 минг хонадон электр энергияси билан таъминланади. Йилига 193 миллион куб метр газни тежаш имкони юзага келади. Атроф-муҳитга зарарли карбонат ангидрит чиқиндиларини ташлаш ҳажми йилига 360 минг тоннага камаяди.
Булар Ер курраси учун ҳаёт риштаси саналган офтобнинг серқуёш юртимизга, халқимизга кўрсатаётган чексиз марҳаматидай бўлиб туюлмаяптими?!.
Айтиш жоизки, вилоятда Саудия Арабистонининг «ACWA Power», Хитойнинг «Gezhouba» компаниялари томонидан ҳам муқобил энергия комплекслари барпо этилмоқда. Маълумотларга қараганда, бу каби йирик иншоотларнинг ишга тушиши натижасида 2030 йилга бориб «яшил» энергия ишлаб чиқариш ҳажми йилига 12,5 миллиард киловаттни ташкил этади. Бу эса нафақат аҳолининг, балки саноат тармоқларининг электр энергиясига бўлган талаб ва эҳтиёжини қондириш, шу орқали иқтисодиётни жадал суръатларда ривожлантириш имконини беради.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистонда 2025 йил 1 апрелдан электр энергияси ва газ нархлари оширилади
- Ҳарбий хизматни ўташ билан боғлиқ тартиблар янгиланади
- “Энг яхши мақолалар” танлови ғолиблари аниқланди
- Наманганда 3 та йирик институт битта университетга бирлаштирилади
- Вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тизими такомиллаштирилмоқда
- Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Ойгул Халилова вафот этди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг