Қуёш тарозиси

13:09 05 Август 2024 Жамият
226 0

5 август — Ўзбекистон халқ ёзувчиси

Ўткир ҲОШИМОВ таваллуд топган кун

ҳикоя

Муроджон бугун тағин кеч қолди.

Насиба дераза рўпарасидаги пастак юмшоқ креслода ўтирар, оқшом тушиб қолган эди. Келин тушган уйнинг файзи бошқача бўлади. Деразалардаги нафис дарпардалар, оёқ остидаги чўғдек гиламлар, деворда оҳиста чиқиллаб турган каттакон осма соат, нақшинкор араби гарнитур – ҳаммаси бу хонадонда яқинда тўй бўлганидан дарак бериб турарди. Нариги уйда қайниси телевизорни бақиртириб футбол кўряпти. Ҳали қайнонаси эгачисиникига кетди. Умуман, уларнинг хонадони гавжум. Аммо Муроджон ёнида бўлмаганидан кейин Насиба бари бир ёлғиз…

Муроджон кейинги пайтда айниди. Авваллари ишдан чиқа солиб уйга югурарди. Йўқ, кейинчалик тез-тез кечи-кадиган, баъзан ярим кеча қилиб келадиган одат чиқарди. Тағин топган баҳонаси битта! Навбатчилик қилармиш. ўлар энди, ҳар куни битта одам навбатчилик қилаверса. «Навбатчилик баҳона, дийдор ғанимат» бўлмасин тағин.

Насиба девордаги соатга қаради. Тўққиздан ошибди. Ташқарида қоронғи қуюқлашиб борар, аллақаерда қурбақа қурилларди… Бир вақтлар Муроджон икковлари боғларда атайлаб кун ботишини кутиб ўтиришар, оқшом қуюқлашиб кетганидан кейин ўпишишарди.

Уларнинг танишуви ғалати бўлди. Насиба билим юртининг тўртинчи курсида ўқирди. Қишда шамоллаб қолди. Бир-икки кун парво қилмай ўқишга қатнаб юраверди. Аммо кечаси тўсатдан иситмаси кўтарилиб кетди. Дадаси билан ойиси қўрқиб кетишди. Қўшнининг машинасида касалхонага оборишди. Ўпкаси қаттиқ шамоллаган экан. Уни Мурод Воҳидович деган дўхтир даволади. Насиба илгариям бетоб бўлган, врачларга қаратганди. Аммо мана шу баланд бўйли, қотмадан келган врачнинг қўли баданига тегиши билан негадир қамчи еган отдек сесканиб кетди. Нариги каравотда ётган хотин унинг ҳолатини сезди. Пиқиллаб кулиб юборди. Дўхтир заҳаргина экан.

– Хотиржам бўлинг, кўзим учиб тургани йўқ, – деди қовоғини солиб. – Чуқур нафас олинг…

Насиба соғайиб чиқиб кетгунча ҳам Мурод Воҳидович билан тузук-қуруқ гаплашмади. Айниқса, унинг қош-кўзлари попукдек Марзия деган ҳамшира қиз билан очилиб-сочилиб гаплашиб турганини бир-икки кўрганидан кейин ўзини бутунлай беписанд тутадиган бўлди. Агар Дилфузанинг тўйида яна учрашиб қолишмаса, балки унутиб юборган бўлармиди…

Дилфуза Насибанинг жонажон ўртоғи. Шу қиз турмушга чиқадиган бўлди-ю, ЗАГСдан ўтиш маросимига Насиба ҳам борди. Тўғриси, дугонасининг бахтига жуда ҳаваси келди. Умрида бунақа тантанани кўрмаган эди. Қиз томон салкам йигирма киши бўлиб боришди. Куёв томондан ҳам анча йигитлар келди. ЗАГС мудираси келин-куёвни қутлаб, нутқ сўзлади. Куёв Дилфузага бриллиант сирға, олтин узук ҳадя қилганида ҳамма қарсак чалиб юборди. Насиба куёв томондан келган йигитлар орасида турган Мурод Воҳидовични ташқарига чиқишганидан кейингина кўрди. Доим халатда юргани учунми Насиба эътибор бермаган экан. Бу гал ярашиқли кийиниб олган, сочларини силлиқ тараган, галстук таққан Муроджон унинг кўзига чўғдек кўринди. Бош силкиб, салом берди. Муроджон шу ондаёқ унинг ёнига келди.

– Сиз келин томонмисиз? – деди унинг қўлини оҳиста сиқиб. Насиба индамай бош силкиди. – Мен куёв томонман. Демак, қуда эканмиз… – Муроджон кулиб қўйди.

Йўқ, у кўп ҳам заҳар эмас экан. Машинада шаҳар айланишганида ҳам, «Лаззат» кафесида ўтиришганида ҳам Насибанинг кўнглини овлашга ҳаракат қилди. Кафедан чиқишганида Муроджон жиндек коньяк ичиб олган эди. Ҳамма ҳамма билан, у Насиба билан.

– Яхшими? – деди Муроджон. Насиба тушунмади.

– Нима яхшими?

Муроджон келин-куёв томонга имо қилди.

– Шунақа дабдабалар ёқадими сизга?

– Албатта! – Насиба елкасини қисди. – Умрида бир марта бўладиган тўй…

– Менга ёқмайди. – Муроджон жилмайган кўйи илтимос қилди: – Кузатиб қўйсам майлими? Бари бир, ҳозир ҳамма тарқаб кетади.

Насиба индамади…

Улар тез-тез кўришиб турадиган бўлишди.

Бир куни икковлари далага чиқишди. Шунчаки айланиб келиш учун. Шаҳар четидаги хўжаликка қатнайдиган автобусга ўтиришди-ю, ҳалқа йўлдан ўтгандан кейин дуч келган бекатда тушиб қолишди. Ёз қуёши олис уфқда оловли бир туманлик ичига ботиб борарди, Муроджон қуёшга тикилганча, чуқур ўйга толган эди. Унинг шу ўтириши Насибага нима учундир ғамгин кўриниб кетди.

– Нимани ўйлаяпсиз? – деди унинг елкасига кафтини қўйиб.

– Ўйлаётганим йўқ. Орзу қиляпман, – деди Муроджон ботиб бораётган қуёшдан кўз узмай. – Тўйдан кейин иккаламиз денгиз бўйига борсак. Майли, қайси денгиз бўлса ҳам… Ой чиқиб турган бўлса. Иккаламиз қирғоқда шундоқ ўтириб, ойдинда товланиб турган денгизни томоша қилсак…

Насибанинг юраги қувончдан орзиқиб кетди. Ширин жилмайиб, унинг елкасига бош қўйди.

Кейинчалик у ўша – Муроджон айтган манзарани кўп ўйлайдиган бўлди. Умрида денгизни кўрмаган эди. Аммо энди шовуллаб турган денгиз кўз ўнгига аниқ келадиган бўлди. Ана, тип-тиниқ тўлин ой нурида денгиз ойнадек ярақлаб турибди. Тўлқинлар шовуллаб қирғоққа урилади. Даҳшатли гувуллаб сурон солади. Аммо у қўрқмайди. Унинг ёнида Муроджон бор. У Муроджоннинг кўксига бошини қўйиб ўтиради. Муроджоннинг юраги бир меъёрда гурс-гурс уради. Насибани аллалагандек бўлади.

Турмушга чиқаётган қизнинг орзусидек афсонавий нарса бўлмайди. Назарида, тўй ўтиши билан ўзга бир оламга кириб қоладигандек, худди бир сайёрадан бошқа сайёрага учиб кетаётгандек туюлади. Насибани ҳам шу олам асир этганди. Агар ўзи ойисига шипшитиб қўймаганида, Муроджон юборган совчилар дадасига ёқмаслиги тайин эди. Аввало, Муроджоннинг отаси йўқлиги қиз томонга унчалик маъқул келмади. Қолаверса, Насиба беш ўғил орасида ёлғиз эди. Дадаси қизига ўзгача меҳр қўйган. Кўп йиллардан буён адвокат бўлиб ишлайди. Топганини битта қизидан аярмиди? Куёв томоннинг қўли қисқароқ экан. Куёв бир ўзи ишласа, тағин укаси, синглиси бўлса… Насиба бунисини ҳам ўз зиммасига олди. Бир куни гап орасида Муроджоннинг кўнглини оғритмайдиган қилиб қистириб кетди:

– Дадамлар жуда қизиқлар-да, Муроджон ака. Сен ёлғиз қизимсан, дейдилар. Мендан орзу-ҳаваслари кўп эмиш. Эсингиздами, Дилфузанинг тўйи зўр бўлувди-а?

Муроджон уни юпатди:

– Кўнглингиз тўқ бўлсин. Уялтириб қўймайман.

Чиндан ҳам Насибанинг дадаси куёв томондан хурсанд бўлди. Насиба Дилфузага ҳавас қилган эди. Худди ўшандай машинада сайр қилишди, худди ўша «Лаззат» кафесига киришди. Чиқиб келишаётганида у Муроджоннинг қулоғига шипшиди.

– Яхшими?

– Нима? – деди Муроджон.

– Мана шунақа дабдабалар ёқадими сизга?

Муроджон жилмайиб, унинг белидан қучди.

– Қанақа бўларкан! – деди Насиба бармоғи билан пўписа қилиб.

Тўй ниҳоятда хушчақчақ ўтди. Муроджон билан бирга ишлайдиган Ислом ака деган пак-пакана одам бор экан. Шу киши тамадаликни айниқса боплади. Шунақа қизиқ гаплар айтдики, тўйга ўз-ўзидан файз қўниб, ҳамманинг қулфи дили очилиб кетди. Аммо Насиба ўзга оламга – сирли оламга кириб қолгани йўқ. Ҳаёт ўз йўлида давом этарди. Муроджон ҳар куни ишга отланади. Насиба нонушта тайёрлайди, қўлига дазмолланган рўмолча тутади, кейин қайниси билан қайнсинглиси мактабга кетади. Ундан кейин қайнонасининг чой-нонини тайёрлаб беради-да, ўзи ҳам ишга жўнайди. Кунлар худди муттасил айланаётган глобусга ўхшайди. Ҳар куни ўша манзара…

Энг ёмони бу эмас. Энг ёмони шуки, Муроджон айниди. Насиба буни дарров сезди. Тўйдан кейин икки ҳафта ўтмай, навбатчи эдим, деб кеч келди. Кейин ҳафтада икки мартадан «навбатчилик» қиладиган бўлди. Бора-бора кунора ярим кеча қилиб келадиган одат чиқарди. Насиба гапирса, тескари қарайди. «Ишим кўп, нима қилай?» – дейди. Аввалига Насиба тўй ташвишлари билан чарчагандир, деб ўйлаганди. Йўқ, бу ерда бир сир бор. Муроджон биринчи марта навбатчиликни баҳона қилгандаёқ Насибанинг кўз ўнгига қилпанглаб турган Марзия келган, юраги жизиллаб кетган эди. Кейин шубҳалари янаям кучайди. Бир куни қайнонасига секин гап очган эди, насиҳат эшитди: «Эркак киши тирикчилик деб юради-да, болам, юрагингизни кенг қилинг», – деб юпатди.

Тирикчилик эмиш. Нима етишмайди! Рўзғори бут бўлса, ҳамма нарса етарли бўлса, тағин нима керак? Йўқ, бошқа гап бор. У киши айшини қилиб юрадилар, Насиба шўппайиб уйда ўтиради. Мана ҳозир ҳам… Нима, ердан чиққанми?!

Унинг хўрлиги келди. Тағин денгиз эмиш. Ойдин кечалар эмиш!

У ўрнидан туриб кетди. Дераза олдига келди. Ташқари қоронғи бўлиб кетган, кўчадан ора-чора машиналар гувуллаб ўтиб қоларди. Нима қилсин? Уйига борсинми? Жуда яхши бўлади-да! Муроджон келсаки, уйда Насиба йўқ. Ҳа, зир югуриб қолмас экан-а! Ўшанда билади саёқ юриш қанақа бўлишини!

У беихтиёр тошойна рўпарасига келди. Ойнадан қийғоч қошлари чимирилган, сурма тортилган кўзларида эҳтирос яширинган тиниқ чеҳрали қиз қараб турарди. У ўзининг аксига ўзи бир зум тикилиб турди-да, сочини чаққон турмаклади. Қавиб тикилган нейлон халатини ечиб, атлас кўйлак кийди. Ҳозир айни вақти-да! Қайнонаси йўқ, биров йўлини тўсмайди. У айвонга ўтиб, ҳовлига тушди. Айвон пештоқидаги лампочка ёруғида ҳовлидаги атиргуллар сокин, хаёлий товланиб турарди.

У тез-тез юриб, дарвоза олдига келди. Бу хонадондан бир умрга чиқиб кетаётгандек, хўрсиниб эшикни очди. Ташқарига чиқди-ю, уйига боролмаслигини дафъатан тушунди. Йўқ, дадаси дарров сезади. Бемаҳалда борганидан тушунади. Тўй аниқ бўлганида, олдига ўтқазиб қўйиб, лўндагина қилиб тушунтирган эди. «Ўзинг хоҳлаб қиляпсан шу ишни, билиб қўй, тўйдан кейин майда-чуйда гапларни кўтариб келадиган бўлсанг, дилингни сиёҳ қилиб қўяман».

Ўша сўзлар қулоғи остида тағин жаранглагандек бўлди-ю, бир зум тўхтаб қолди. Лекин шу ондаёқ бошқа бир фикрдан кўнгли ёришиб кетди. Ишхонасига боради! Қани кўрсин-чи, қанақа навбатчилик қилаётган экан Мурод Воҳидович! Ким уни ҳар куни ярим кечагача олиб ўтирар экан. Бошлиқларими ёки анови кўк кўз Марзиями?

У дуч келган машинага қўлини кўтарди. Оппоқ «Жигули» анча нарига ўтиб тўхтади.

– Бешинчи касалхонага! – деди Насиба орқа ўриндиққа ўтириб.

Ўрта ёшлардаги киши бир зум иккиланиб турди-да, индамай йўлга тушди.

Насиба бунақа пайтда касалхонага кириш қийинлигини биларди. Йўл-йўлакай қоровулга нима баҳона қилишни ўйлаб борди. Лекин унинг омади чопдими, буёқдан қоровулхонага кириши билан у ёқдан «Тез ёрдам» машинаси чироғини лопиллатиб келиб қолди. Қоровул чол оқсоқланиб бориб панжарали дарвозани очгунча, Насиба лип этиб ичкарига кириб олди. Ҳатто кинолардаги сингари чаққонлик қилгани учун қувониб ҳам қўйди. Ана, ўша биринчи қават, терапия бўлими. У ойнабанд эшикни очиб, ёп-ёруғ айвонга кирди. Вестибюль кимсасиз, чекка-чеккадаги скамейкалар бўш эди. Насиба юраги гупиллаб урганча тўхтаб қолди. Ҳозир худди ўша Марзияга дуч келса нима бўлади?

У энди йўлак томон юрган эди, оқ халат кийган нотаниш қиз ичкаридан югуриб чиқди.

– Ким керак сизга? – деди қошини чимириб. – Ҳозир отбой бўлади.

– Навбатчи врачни чақиринг. – Насиба атайлаб Муроджоннинг отини айтмади.

Ҳамшира қиз унга бошдан-оёқ яна бир қараб чиқди-да, ичкари кириб кетди. Насиба харчанд бепар-во бўлишга уринмасин, яхши иш қилмаганини энди тушунди. Ўзидан-ўзи ижирғана бошлади. Нима кераги бор эди шу ёққа келиб? Муроджон нега келдинг деса, нимани баҳона қилади? Сизни соғиниб келдим, дейдими?

Йўлакдаги эшиклардан бири шарақлаб очилди. Насиба шу ёққа қараб пилдираб келаётган оқ халатли пакана кишини кўриб, эсанкираб қолди. Бу – уларнинг тўйида косагуллик қилган худди ўша Ислом ака эди.

У яқин келиб саломлашди.

– Ҳа, келин? – деди қандайдир қуруқ оҳангда. – Куёвни излаб кепсиз-да!

Насиба жуда ҳижолатли аҳволда қолди.

– Шундоқ ўтиб кетаётувдим, – деди овози зўрға чиқиб. – Муроджон акам, навбатчиман, дегандилар.

– Муроджон акангиз навбатчи эмас! – деди Ислом ака унинг гапини бўлиб.

Насиба ярқ этиб қаради.

– Кеча… – деди тутилиб.

– Кечаям дежур бўлганмас! – Ислом ака тағин унинг гапини кесди. Насибага бу одамнинг гапидан кўра, сўзлаш оҳанги оғир ботди.

– Кечирасиз, – деди киноя билан. – Бўлмаса сиз биларсиз қаёқда юришларини?

– Биламан! Хоҳласангиз, оборишим мумкин.

– Майли. Мен ҳам билиб қўйсам зарар қилмас.

– Ҳовлига чиқиб туринг. Мен ҳозир… – Ислом ака шундай деди-ю, ўзининг паканалиги учун ер айбдордек қарс-қурс юрганча, ичкари кириб кетди.

Насиба ҳовлига тушди. Қандайдир мавҳум ўйлардан кўнгли бўм-бўш бўлиб, секин-секин дарвоза томонга юра бошлади. Қизиқ, бу нимаси? Нега бу одам у билан бунақа гаплашади? Ўтқазиб қўйгани борми?

Унинг орқасидан келган машина ғийқиллаб тўхтади.

– Чиқинг, келин!

У Ислом аканинг овозини таниб, бурилиб қаради. Тўрт-беш қадам нарида сутранг тез ёрдам машинаси тўхтаган. Ислом ака автобус эшигини қия очиб, бошини чиқариб турарди. Насиба иккиланиб машинага чиқди. Шу ондаёқ димоғига дори ҳиди урилди. Машина ўртасига оқ чойшаб ёпилган йиғма каравот ўрнатилган экан. Насиба эшик олдидаги ихчам ўриндиққа ўтирди. Ислом ака машинанинг нариги биқинидаги ўриндиққа чўкди.

– Қаёққа борамиз ўзи? – деди Насиба унга тезгина қараб олиб.

– Ўзингиз айтдингиз-ку! Мурод Воҳидовичнинг олдига, – Ислом ака шофёр ўтирган кабина томонга энгаш-ди. – Кетдик.

Шундагина Насиба шофёр кабинасининг деворида туйнукча борлигини кўрди.

Машина бир силкинди-ю, шиддат билан юриб кетди.

У рўпарасидаги Ислом акага шубҳаланиб қараб қўйди. Ислом ака ўриндиқ ёнидаги тутқични ушлаганча, кўзини лўқ қилиб ўтирар, шифтдаги чироқнинг хира ёруғида юзидаги ифодани пайқаш қийин эди. Насиба беихтиёр кўзини олиб қочди. Деразадан ташқарига қаради. Машина чироқлар маржони ловиллаб ётган кўчадан елиб борарди. Анча юришди. Ислом ака ҳамон миқ этмай ўтирар, Насиба унинг ўзига тикилиб боратёганини билар, шунинг учун атайлаб кўчадан кўз узмасди. Бир маҳал шаҳар чеккасига чиқиб кетишаётганини кўрди-ю,хавотирга тушиб қолди. Ана, Қўйлиқ бозорининг дарвозаси. Нарёғи далалар… Ана, қоп-қоронғи дала йўлига бурилишди. Насиба, юраги гурсиллаб урганча, ўрнидан туриб кетди.

– Менга қаранг, қаёққа кетяпмиз ўзи? – деди таҳдид билан. – Тўхтатинг!

Хира чироқ ёруғида Ислом ака кинояли кулиб қўйгандек бўлди.

– Мана, етдик… Ҳозир.

Машина ғийқиллаб тормоз берди. Насиба эшик тутқичини силтаб очиб юборди. Шу ондаёқ ичкарига тўзон ёпирилиб кирди. Ерга сакраб тушди-ю, туфлиси тўпиғигача тупроққа ботиб кетди. Ислом ака эшикдан бошини чиқариб, қоронғи бўшлиққа қараб қичқирди:

– Машинани бир соатдан кейин юбораман!

Машина орқаси билан тисарилиб, бора-бора катта йўлга бурилди.

Насиба қоп-қоронғи зулматда, тупроқ кўчанинг қоқ ўртасида гаранг бўлганича туриб қолди. Ваҳима ичи-да атрофга аланглади-ю, йигирма қадамча наридаги чироққа кўзи тушди. Ёнғоқ шоҳига каттакон лампочка илиб қўйилган, унинг атрофида парвоналар муттасил айланарди. Шундагина у йўлнинг ўша томонида девори чала тикланган яккам-дуккам уйлар борлигини пайқади. Улар қоронғида қандайдир сирли, ваҳимали туюлар-ди. Насиба лампочка остида аллакимнинг шарпасини кўрди. Бошига қийиқчани чамбарак қилиб боғлаб олган, майкачан одам бир қўлида ғишт қолипни ушлаганча шу томонга қараб турарди. У бир зум тикилиб турди-да, қичқириб юборди:

– Наси!

Насиба эрининг товушини таний олмади. Бу товушда ҳам ҳайрат, ҳам қўрқувга ўхшаш оҳанг бор эди.

Муроджон қолипни ерга улоқтирганча шу томонга югурди. Ўн қадамча югургандан кейин қаттиқ ҳатлади. Насиба ўртада ариқ борлигини энди идрок этди.

Муроджон югуриб келиб, қўлини олға чўзди. Чамаси, Насибанинг елкасидан қучмоқчи бўлди-ю, қўли лойлиги учун тегмади. Насиба эрини ҳеч қачон бунақа аҳволда кўрмаган эди. Қизил қийиқча билан бошини боғлаб олган, эски майкали, почаси қайтарилган шими лой, яланг оёқларида балчиқ қотиб қолган эди.

– Тинчликми? – деди Муроджон унинг кўзига тики-либ. Кейин анча хотиржам овозда сўради: – Ким опкелди? Ислом аками?

Насиба ҳамон ҳайкалдек қотиб турар, рўпарасидаги мана шу одам, лойга беланган мана шу киши эри эканига – Муроджон акаси эканига ҳечам ишонгиси келмасди.

Муроджон унинг кўнглида кечаётган гапларни пайқади.

– Юринг, – деди қандайдир сокин овозда. – Машина бир соатдан кейин келса битириб қўяй. Лойим қотиб қолади.

У Насибани эргаштириб ариқ устига ўрнатилган тах-та «якка чўп»дан олиб ўтди. Насиба шуурсиз бир тарз-да ёнғоқ тагига келди. Дарахт шохига илинган лампочка атрофида катта-кичик парвоналар ҳамон муттасил айланарди. Майдонча кафтдек теп-текис бўлиб кетган, нарироқда қуриган ғиштлар девор қилиб тахлаб қўйилган. Қатор-қатор қилиб қуйилган хом ғиштлар чироқ ёруғида совуқ ялтираб турарди.

– Оз қолди. – Муроджон бир чеккада турган уюмдан кафти билан қолипга қум сепди. Кейин уста доиракашлардек қолипни айлантириб-айлантириб тўкди. Тез-тез юрганча берироқдаги гумбаздек лой олдига келди. Чўнқайиб ўтириб олди-да, лойдан зувала ясаб, қолипга урди. Қолипдан отилиб чиққан лой парчалари майкасига, пешонасига сачраганига парво қилмади. Ортиқча лойни сидириб ташлади-да, қолипни даст кўтарди. Икки елкасининг бўйни билан туташган ерида чуқурча пайдо бўлиб, яланг оёқ товонлари билан ерни гурс-гурс урганча югургилаб борди-да, қолипни бояги ғиштлар сафига элтди. Пақ этган товуш эшитилди. У қолипни кўтарган эди, Ғиштлар сафига яна тўрттаси қўшилди.

Насибанинг тили энди калимага келди:

– Тузук, бунақа ҳунарингиз ҳам бор экан.

Муроджон қолипни қумга қорар экан, шу томонга қараб жилмайиб қўйди:

– Йигит кишига қирқ ҳунар ҳам оз… – Шундай деди-ю, яна чўнқайиб, лой зувала қила бошлади.

Насиба майдонча ўртасида ҳамон қаққайиб тураркан, бирдан ҳаммасини тушунди. У ҳали эрини кўргандаёқ ниманидир пайқагандай бўлганди… Энди ҳаммасининг тагига етди. Муроджон нима учун ўзгариб қолганини ҳам, нега ҳар куни «навбатчи» бўлишини, нима учун ярим кечада бурнидан тортса йиқилгудек бўлиб бориши-ни, ҳаммасини тушунди. Нима учун Ислом ака ўзига бундай муомала қилганини, нима учун бу ерга олиб келиб, бир оғиз сўз айтмай ташлаб кетганини… – Бу билан нима демоқчи эканлигини – ҳаммасини!

«Мана, келинпошша! Эрингнинг аҳволини кўриб қўй! Сени деб, сенинг орзу-ҳавасларинг деб эринг шу ҳунарни қиляпти». Йўқ, Ислом ака буни айтгани йўқ. Аммо…

Қандоқ уят! Қандоқ шармандалик! Хўш, бўлмаса нима қилсин? Ўғирлик қилсинми? Арзимас маош билан шохона тўй қилган одам нима қилсин?

Орзу-ҳавас эмиш! Умрида бир марта бўладиган тўй эмиш!

Насиба боши ғувуллаб бораётганини, кўнгли беҳузур бўлиб кетаётганини ҳис этар, қулоғи остида ҳамон қолипнинг ора-чора ерга пақ-пақ урилгани эшитилиб турарди. Гўё ер юзида шундан бошқа садо йўқдек, шундан бошқа оҳанг қуриб қолгандек.

У оёқларини судрагудек бўлиб борди-да, ёнғоқнинг ғадир-будур танасига суянди. Шунда шамол турдими ё ўзининг шуури тиниқлашдими, ёнғоқ шохларининг шо-вуллаши эшитила бошлади. У кўзларини юмди. Негадир тасаввурида яна ўша денгиз шовуллаши жонланди. Ўша ойдин кеча, ўша денгиз, ўша тўлқинлар… Соҳилда Муроджон билан ўтиришибди.

Насиба сесканиб кўзини очди. Йўқ энди улар денгиз бўйига боришмайди. Ойдин кечада соҳилда ўтиришмайди. Мабодо, боришганида ҳам, беадад денгиз сатҳида ой нури ярақлаб турганида ҳам энди бу бошқа денгиз бўлади. Ой ҳам бошқа бўлади. Тўлқинлар ҳам, ҳатто Мурод акаси ҳам. Энди унинг юраги бир текис гурсиллаб уриб, Насибани аллаламайди.

Улар анча нарсага эга бўлишди. Тўй қилишди, ота-онаси хоҳлаганича, Насиба истаганча орзу-ҳавас кўришди. Ҳаммасини таомилдагидек, «қарс-бадабанг» қилишди. Ҳаммасини! Қизиқ устида бир нарсани унутиб қолдиришди. Қуёшнинг ўлчови бўладими! Нурнинг вазни-чи? Бахтнинг тарозиси-чи? Денгиз эмиш. Ойдин кечалар эмиш?! Ана, лойга қўшилиб қолипга тушяпти. Қанча кўп тушса, қарзи шунча камаяди!

Насибанинг кўзларидан тирқираб ёш чиқиб кетди. У ёнғоқнинг ғадир-будур танасига юзини босганча, ўкраб юборди.

Бир маҳал Муроджон лойли кафти билан унинг сочини силай бошлади.

– Наси! Нима бўлди сизга, Наси? – деди овози титраб. Насиба кескин бурилди-ю, эрининг лой ёпишган, зах анқиб турган елкасига бошини ташлаганча, унсиз йиғлар эди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?