Чорвачилик қишлоқ хўжалигида ялпи маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажмининг 46,3 фоизни ташкил қилади
Ўзбекистонда чорвачилик қишлоқ хўжалигининг етакчи соҳаларидан бири бўлиб, аҳолини асосий озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлашда алоҳида ўринга эга. Ушбу тармоқнинг қишлоқ хўжалигидаги ялпи маҳсулот ишлаб чиқаришдаги улуши 46,3 фоизни ташкил қилади. Қуёнчилик чорвачиликнинг бир тармоғи сифатида асосан аҳоли хонадонларида кўпайтирилиб, бу соҳа билан шуғулланувчи фермер хўжаликлари сони жуда озчиликни ташкил қилади. Чорвачилик қишлоқ аҳолиси учун озиқ-овқат ва даромад олишнинг муҳим манбаига айланиб бормоқда. Озиқ-овқатга талаб ортиб бораётган ушбу кунларда мазкур соҳа самарадорлигини ва рақобатдошлигини янада ошириш вазифаси муҳим аҳамият касб этади.
Қуён кўп бола бериши ва тез етилувчанлиги билан бошқа қишлоқ хўжалик ҳайвонларидан ажралиб туради. Қуён гўшти соғлиқ учун фойдали бўлиб, бошқа гўштлардан таъми ва парҳез хусусиятлари билан тубдан фарқ қилади. Қуён гўштининг биологик қиймати, юмшоқлиги ҳамда ёғ ва холестерин моддасининг камлигини ҳисобига аллергия, гипертония, ошқозон-ичак, меъда, ўт пуфак, жигар хасталигига чалинган беморларга истеъмол қилиш тавсия этилади. Қуён гўшти, айниқса, тўла қийматли оқсил моддасига эҳтиёжи бўлган мактабгача ёшдаги болалар, ўсмирлар, эмизикли аёллар, кексалар учун фойдалидир. Қуён гўшти таркибидаги ёғ биофаол модда жароҳатларни даволайди, юмшатувчи, қичима ва аллергияга қарши восита сифатида қўлланилади. Ундан пардоз ва даволовчи дори-дармонлар тайёрланади. Гўшт йўналишида қуён болалари 60-70 кунликда, гўшт мўйна йўналишида эса 3-5 ойлигида сўйилади. Ҳар бир она қуёндан йил давомида 5-6 марта бола олиш мумкин. Бу эса 70-80 кг гўшт ва 25-30 дона сифатли мўйна демакдир. Гўшт, мўйнадан ташқари момиқ олинади. Қуён момиғи ингичкалиги, пишиқлиги, иссиқликни ўтказиш бўйича майин жунли қўйларнинг жунидан қолишмайди. 1 кг қуён момиғидан 25 та бош кийимини тайёрлаш мумкин.
Маҳсулот етиштирилишига кўра қуёнлар 3 турга бўлинади: гўшт, гўшт-тери (мўйна) ва юнг олинадиган қуёнлар.
Бундан ташқари яна юнг қопламасига кўра: қисқа юнгли, меъёрий юнгли ва узун юнгли (момиқли); танасининг катталигига кўра: йирик, ўрта ва майда. гуруҳларга ажралади. Ҳозирги вақтда юртимизда 60 дан ортиқ қуён зотлари боқилади.
Қуёнлар бундан 2000 йиллар илгари хонакилаштириш асосида яратилган бўлиб, ёввойи қуёнларнинг асл ватани Ўрта ер, Қора денгиз атрофида бўлиб бу ерлар мулойим иқлимли ҳудудлар ҳисобланади. Қуёнлар дастлаб Испания, Франция ҳудудларида яшаган. Хонакилаштирилгандан кейин бутун Европа, Осиё, Австралия ва Америка қитъаларига тарқалган. Осиё ва Европанинг кўпгина ҳудудларида қуёнларнинг ёввойи аждодларини ҳозирги пайтда ҳам учратиш мумкин.
Зотдор қуёнларни яхши шароитда урчитиш лозим. Янги шароитга кўчирилган қуёнлар иқлим ва табиий-иқтисодий шароитлар таъсирида ўзгаради. Аммо яхши боқилса, яхши сақланса, зотли сифатини сақлаб қолиши мумкин.
Қуёнчиликда зот деб, келиб чиқиши бўйича умумийликка эга бўлиб, хўжалик фойдали белгиларга хос, тана тузилиши ва физиологик хусусиятлари маҳсулдорлиги жиҳатидан ўхшаш, ҳамда бу хусусиятларини авлоддан–авлодга ўтказа оладиган кўп сонли гуруҳи тушунилади.
Зотни доимий яхшиланишида мукаммал танлаш ва саралаш, ҳамда машҳур қаторлар ва оилалардан тўғри фойдаланишнинг аҳамияти катта.
Қуён зотлари маҳсулдорлик белгиларига кўра: гўштдор, гўшт-тери, тивит йўналишларига бўлинади. Шунингдек жун қопламининг узунлигига кўра:
— ўрта жундор;
— узун жундор;
— ҳамда қўшимча равишда тивитли;
— декоратив йўналишларга бўлинади.
Ўзбекистон Марказий Осиё ҳудудида ҳар томонлама эътиборга тааллуқли бўлишидан ташқари, табиий иқлими тез ўзгарувчан, яъни ёзи иссиқ, қиши кескин совиб кетувчи ҳудуд ҳисобланади. Шунинг учун ҳам урчитиладиган қуён зотлари синовдан ўтказилиши лозим. Бизнинг шароитимизга мослашиб урчитилаётган бир нечта қуён зотларини кўрсатиб ўтишимиз мумкин.
Қуёнлардан олинадиган маҳсулотларга қараб, улар иккита катта гуруҳга ажратилади.
Биринчи гуруҳ гўшт ва тери берадиган қуён зотлари. Бу гуруҳга жуда кўп қуёнлар киради.
Улар қуйидагилар: оқ великан, кулранг великан, Россия мардери, шиншилла, капалаксимон, олмахонсимон, кумушсимон, қора қўнғир, вена зангориси, рус горностай, новозеландия оқи, калифорния қуёни, шаншан, гигант шиншилла, фландра, дания қуёни, бельгия ёввойиси, оқ мускат, бургундия қизили, Франция папилиони, польша оқи, реке, Франция қўйсимони, оқланд ва бошқалар.
Иккинчи гуруҳга тивит берадиган қуёнлар кириб, бу гуруҳнинг вакиллари кам тарқалган, зотлари ҳам кўп эмас. Бу гуруҳга оқ момиқ берадиган қуён, ангор зоти, киров зоти ва бошқа вакиллари киради.
Тошкент вилояти Қуйичирчиқ туманида 2019-2021 йилларда «Қуёнчилик ва наслчилик» комплексини ишга туширилиши режалаштирилган бўлиб, туман ҳокимлиги томонидан 2019 йил 25 декабрь куни 11 гектар ер майдони Беруний ҳудудидан қурилиш учун ажратилиб берилди. 2020 йил 24 декабрь куни туман ҳокимлиги томонидан захира ер майдонларидан 254,5 гектар ер майдони озуқа учун ажратилиб берилди. 2021 йилга келиб «Қуёнчилик ва наслчилик» комплекси қурилиш ишлари якунланиб, шу йил охирига «Италия» давлатидан 2500 бош биянка зотли қуёнлар келтирилди.
2022 йил бошида яна 3 минг бош наслли қуёнлар келтирилди ҳамда Украина давлатидан малакали мутахассислар жалб қилиниб, ҳозирда қуёнчилик селекцияси яъни қуёнларни сунъий уруғлантириш ишларини йўлга қўйилди, бундан ташқари «Қуёнчилик ва наслчилик агро комплекс» МЧЖ таркибида қуён гўштини қадоқлаш, мўйна ва тери олиш, ҳамда қайта ишлаш корхоналарини ишга тушириш режалаштирилган. Ҳозирги кунга келиб «Қуёнчилик ва наслчилик агро комплекс» МЧЖда 30 минг бош наслли қуён зотлари кўпайтириб, боқилиб келинмоқда.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Саккизта гол урилган ўйинда “Барселона” ғалаба қозонди
- “Башакшеҳир” Туркиянинг гранд клуби билан дуранг ўйнади
- Ўзбекистон миллий терма жамоаси учун Жаҳон чемпионати қуръаси омадли ўтдими?
- Ўзбекистон терма жамоасининг Жаҳон чемпионатидаги ўйин саналари эълон қилинди
- АҚШ Европадан НАТО мажбуриятларининг асосий қисмини ўз зиммасига олишни талаб қилди
- “Матонатли Марям” фильми кенг жамоатчиликка тақдим этилди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг