Қувасойда қулупнайдан йил давомида ҳосил олинмоқда
Қувасой шаҳри нафақат замонавий саноат корхоналари, шу билан бирга, мевазор боғлари, боғдорчилик ва томорқачиликда миришкор бободеҳқонлари билан ҳам машҳур.

Айни пайтда шаҳардаги энг омилкор маҳаллалардан бири бўлган “Боғбон” МФЙдаги 1 минг 432 та хонадонда 5,5 минг нафар аҳоли истиқомат қилади. Боғдорчилик маҳалла драйвери сифатида белгиланган бўлиб, кейинги йилларда жаҳон андозалари даражасида малина ва қулупнай етиштириш жадал ривожланмоқда.
Хусусан, бугунги кунда ҳудуддаги 350 га яқин оила малиначиликка ихтисослашган. Шу боис Италия, Туркиядан келтирилган экспортбоп малина навларидан йилига икки-уч маротабагача ҳосил олиняпти. Бу тармоқни янада қўллаб-қувватлаш мақсадида маҳаллада “Ширин малина боғлари” ишлаб чиқариш кооперацияси ҳам ташкил этилган.

Боғбонлик Рўзибой Мамажонов ҳамиша янгиликка интилиб, деҳқончиликда илм-фан ютуқлари, инновация ғояларидан самарали фойдаланиб келмоқда. У оила аъзолари билан бирга 50 сотих ерда қулупнайнинг хориждан келтирилган ўнлаб навларини парваришлайди. Икки йилдан буён эса Италиянинг серҳосил навларини маҳаллийлаштириб, йилига икки-уч маротаба ҳосил олишга эришяпти.

— Одатда қулупнай баҳор ва қиш фаслида эл дастурхонига туҳфа этилади, — дейди миришкор томорқачи. — Бу йил тажриба тариқасида мўъжазгина иссиқхонада совитиш тизими ёрдамида ёз саратонида ҳам қулупнайдан мўл ҳосил етиштирилди.
Ҳозирги кунда янгича ёндашувлар асосида Италиядан келтирилган “Klevi”, “Albion”, “Murano”, “Alba”, “San Andreas”, “Kabrilla” каби қулупнай навларидан йил давомида яхши даромад олиш мумкинлиги исботланди. Иссиқхонада замонавий иситиш-совутиш тизими, томчилатиб суғориш технологияси жорий этилгани эса меҳнат сарфи ҳамда харажатни камайтириш имконини бермоқда.

Ўз навбатида, Фарғона вилояти ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармасининг фитосанитар давлат инспекторлари билан фаол ҳамкорлик йўлга қўйилгани туфайли маҳалла томорқаларида йилдан-йилга сифатли ҳамда экспортбоп маҳсулот етиштириш кўлами ортиб бораётгани эътиборга сазовордир.
Ботир МАДИЁРОВ
«Халқ сўзи»
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- АҚШ ва Британия Сурия муваққат президенти Ахмад аш-Шаръани «қора рўйхат»дан чиқарди
- G20 саммитининг Жанубий Африкада ўтказилиши шармандали ҳолат – Трамп
- «Олтин куз» II Халқаро камер ва симфоник мусиқа фестивали бўлиб ўтади
- Ўзбекистон U-17 терма жамоаси Жаҳон чемпионатидаги иккинчи ўйинида мағлуб бўлди
- Машинада хавфсизлик камарини тақиш мумкин бўлмаган касалликлар рўйхати тасдиқланади
- Ўзбекистон миллий терма жамоасининг халқаро мусобақа учун қайдномаси эълон қилинди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг