Қувада ноёб цитрус мева – киви етиштирилмоқда
Ботир МАДИЁРОВ/«Халқ сўзи». Қува тумани миришкорлари боғдорчилик, кўчатчилик ва гулчилик соҳасида нафақат мамлакатимиз, балки МДҲ давлатлари, Европада ҳам машҳур.
Айни пайтда тумандаги 65 та маҳалла фуқаролар йиғинида 46,2 мингдан зиёд хонадон бўлиб, аҳоли тасарруфида 2,9 минг гектар томорқа мавжуд. Ҳозирда 30 та МФЙ кўчатчилик ва гулчиликка ихтисослашган. Қувалик миришкорлар ҳар йили ўртача 75 миллион донадан кўпроқ мевали ва манзарали дарахт, гул кўчатларини етиштириб, ички бозор эҳтиёжидан ортганини хорижга экспорт қилмоқда.
Ер билан тиллашиш ва диллашиш ҳадисини олган туман аҳли бу борада ҳамиша янгиликка интилиб, кўчатчилик, гулчилик, боғдорчиликда янги-янги ташаббусларни амалиётга жорий этиб келаётир. Хусусан, «Янги чек» маҳалласида истиқомат қилувчи меҳнат фахрийси Эсонали Ҳошимов хонадони томорқасида кейинги йилларда ноёб цитрус мева – киви етиштириш орқали яхши даромад олинмоқда.
— Бобом билан бирга беш-олти йил олдин тажриба тариқасида қўшни Андижон вилоятидан киви кўчатлари олиб келиб эккан эдик, — дейди боғбоннинг набираси Асадбек Фурунзаев. — Дастлаб киви етиштириш агротехникасини ўрганиш, маҳаллий иқлим шароитига мослаштириш осон бўлмади. Ҳаётий тажрибалар асосида бу борада илм-фан ютуқлари, инновация ғояларини ўрганиб, эндиликда нафақат киви етиштириш, унинг кўчатларини кўпайтириб сотишда ҳам қувонарли ютуқларга эришиляпти.
Хонадон соҳибларининг қайд этишича, киви бошқа цитрус меваларига қараганда совуққа чидамли, шу боис уни иссиқхонада эмас, бемалол очиқ ҳавода парваришлаш мумкин. Ҳосили кеч кузда пишади ва бир тупдан 30 килограммгача мева йиғиб олинади. Аслида фанда бир туп кивидан 100 килограммгача ҳосил олиш мумкинлиги исботланган. Миришкор томорқачилар оиласи яқин келажакда ана шундай юқори ҳосил олиш ҳаракатида илмий ҳамда амалий тажрибалар олиб бораётгани таҳсинга лойиқ.
Эътиборлиси, кивига ҳеч қандай кимёвий ўғит шарт эмас. Шу сабабли у экологик жиҳатдан тоза, қишда сифатли сақлаш, узоқ масофага ташишга қулай. Хонадон эгалари киви уруғидан кўчат етиштириб, пайвандтак усулида кўпайтириш орқали интенсив усулда икки йилда ҳосил олиш бўйича яхши натижага эришяпти. Қолаверса, Қува кивиси асл ватанидагига қараганда мазали, ширин ва сувли бўлгани учун унинг кўчатлари тобора харидоргир бўлиб бормоқда. Бугунги кунда миришкор томорқачилар мамлакатимиз вилоятларидан ташқари, қўшни республикаларга ҳам киви кўчатлари сотади.
Қува туманида кейинги йилларда лимондан ташқари, апельсин, мандарин, банан каби цитрус меваларни маҳаллийлаштириш бўйича изланишлар давом этмоқда. Эндиликда туманда ноёб цитрус мева ҳисобланувчи кивини етиштириш ҳам кенг оммалашса, ажаб эмас.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистонда 2025 йил 1 апрелдан электр энергияси ва газ нархлари оширилади
- Ҳарбий хизматни ўташ билан боғлиқ тартиблар янгиланади
- “Энг яхши мақолалар” танлови ғолиблари аниқланди
- Наманганда 3 та йирик институт битта университетга бирлаштирилади
- Вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тизими такомиллаштирилмоқда
- Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Ойгул Халилова вафот этди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг