Қува ўриги жаҳон бозорини забт этмоқда

11:08 13 Май 2025 Жамият
129 0

Ботир МАДИЁРОВ/«Халқ сўзи». Қува тумани боғдорлари узоқ йиллардан буён боғдорчилик соҳасидаги ютуқлари билан мамлакатимизда ҳам, хорижда ҳам танилган. Туманнинг гилоси, анори, хурмо ва шафтолиси, шунингдек, ўриги аллақачон Қуванинг брендига айланиб, жаҳон бозорида талабгир маҳсулотлар сифатида эътироф этилмоқда.

Айни кунларда тумандаги интенсив боғларда пишиб етилган сершира ўриклар қўшни давлатлар, жумладан, Россияга экспорт қилинмоқда. Хусусан, «Ашуров Мўминжон» боғдорчилик фермер хўжалигида 80 гектар майдонда Туркиядан олиб келинган 5 хил навли ўрик парваришланмоқда. Интенсив усулда ташкил этилган боғда тўлиқ томчилатиб суғориш технологияси жорий қилинган бўлиб, барча агротехник ишлар илмий-амалий ёндашув асосида амалга оширилмоқда.

— Бу йил ўртача 250–270 тонна ўрик экспорт қилишни мақсад қилганмиз, — дейди фермер хўжалиги раҳбари Каримжон Ашуров. — Яқинда тажриба тариқасида боғимиз мевасини самолёт орқали Жанубий Кореяга юбордик. Қува ўриги ушбу мамлакатдаги йирик савдо тармоқларида харидор топгач, узоқ муддатли ҳамкорликни йўлга қўйиш ниятидамиз. Шу орқали экспорт ҳажми ва географиясини йилдан йилга кенгайтириш режалаштирилган.

Айтиш лозимки, бугунги кунда фермер хўжалиги томонидан интенсив технологиялар асосида янги боғлар барпо этиш, қўшимча ерларни ўзлаштириш ишлари изчил давом эттирилмоқда. Шу мақсадда узоқ муддат сақланувчи, касалликларга чидамли ва маҳаллий иқлимга мос, серҳосил навларни олиб келиш ва маҳаллийлаштириш бўйича ҳам амалий ишларга киришилган.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?