Қуруқлик экотизимларини ҳимоялаш ва тиклаш борасидаги устувор вазифалар

19:34 23 Ноябрь 2023 Жамият
248 0

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масалалари қўмитаси Сенатнинг Оролбўйи минтақасини ривожлантириш масалалари ва экология қўмитаси билан ҳамкорликда Барқарор ривожланиш ойлиги доирасида «Қуруқлик экотизимларини ҳимоялаш ва тиклаш, улардан оқилона фойдаланишга кўмаклашиш» мавзусида семинар ўтказди.

Қуйи палата депутатлари, сенат аъзолари, вазирлик ва идоралар мутасаддилари иштирок этган семинарда БРМнинг 15-мақсади доирасида қуруқлик экотизимларини ҳимоялаш ва тиклаш, улардан оқилона фойдаланишга кўмаклашиш, ўрмонлардан оқилона фойдаланиш, чўлланишга қарши курашиш, ерларнинг емирилишини тўхтатиш ва ортга қайтариш, биохилма-хилликнинг йўқолиб кетиш жараёнини тўхтатиш борасида амалга оширилаётган ишлар муҳокама қилинди.

Таъкидланганидек, инсон фаолияти натижасида қуруқлик экотизимида жиддий ўзгаришлар содир бўлмоқда. Минглаб турлар кулгусида йўқолиб кетиш хавфи остида қолмоқда. Ҳар йили 10 млн гектарга яқин майдонда ўрмонлар вайрон бўлмоқда. Ўзбекистон эса ўрмонлари кам давлат ҳисобланиб, ўрмон билан қопланган майдон 8,7 фоизни ташкил қилади. Ўрмон фонди ерларининг энг катта майдонлари Қорақалпоғистон Республикаси, Бухоро, Навоий ва Қашқадарё вилоятлари ҳудудларида жойлашган.

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан 2021 йилда бутун мамлакат миқёсида амалга ошириш бошланган «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида ҳал йили 200 млн туп дарахт экиш, 5 йил ичида мамлакатимиз бўйлаб 1 млрд туп дарахт ва бута кўчатлари экиш режалаштирилган. Лойиҳанинг доирасида 2030 йилга келиб республика шаҳарларидаги яшил маконлар майдонини 30 фоизга ошириш кўзда тутилган.

Ўрмон хўжалигида олиб борилаётган чора-тадбирлар натижасида 2030 йилга қадар ўрмон фонди ерлари майдонини 14 миллион гектарга, шундан ўрмон билан қопланган ерларни 6 миллион гектарга, уруғ тайёрлаш ҳажмини йилига 840 тоннага, асалари оилалари сонини 300 мингтага, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш ҳажмини йилига 32 минг тоннага, доривор ўсимликлар етиштириш ҳажмини йилига 11,6 минг тоннага етказиш назарда тутилган.

«Ўзбекистон – 2030» стратегиясида чўлланиш, қурғоқчилик, чанг-қум бўронлари ва ҳароратнинг кўтарилишига қарши чора сифатида жами 600 минг гектар майдонда «яшил қопламалар» – ҳимоя ўрмонзорларини барпо этиш белгилангани юртимизда иқлим ўзгариши салбий таъсирининг олдини олиш имконини беради.

Ўзбекистон биохилма-хиллиги 27 минг турдан зиёдни ташкил этиб, Қизил китобга 206 ҳайвон турлари ва 314 ўсимлик турлари киритилган. Қизил китобда ҳайвонот ва ўсимликлар оламининг камёб, йўқолиб кетиш хавфи остида турган турлари тўғрисидаги маълумотлар жамланган бўлиб, унда ҳар бир турнинг қисқача тавсифи, тарқалиши, ўсиш шароити, сони, кўпайиши, ареалининг ўзгариш сабаблари, маданийлаштирилиши ва муҳофаза чоралари кўрсатилган.

Мутахассислар томонидан ҳар йили дунёда 100 миллион гектарга яқин соғлом ва унумдор ерлар йўқолиб бориши қайд этилди. Ушбу тенденцияни ҳисобга олган ҳолда, дунёда ер деградациясининг нейтраллигига эришиш учун 2030 йилгача 1,5 миллиард гектар майдонни тиклаш керак лозимлиги билдирилди.

Ўзбекистонда жорий йилда БМТнинг чўлланиш бўйича конвенцияси ижросини кўриб чиқиш қўмитасининг 21-сессияси юқори савияда ўтказилиб, долзарб экологик муаммолар, хусусан, қурғоқчилик, чўлланиш, ерларнинг деградацияга учраши, чанг ва қум бўронларига қарши чора-тадбирлар муҳокама этилди.

Тадбирда республикамизда чўлланиш ва қурғоқчиликка қарши курашиш бўйича бир қатор тадбирлар амалга оширилаётгани қайд этилди. Шунлардан бири Орол денгизининг суви қуриган ҳудудида «яшил қопламалар» – ҳимоя ўрмонзорлари барпо этиш бўйича олиб борилган ишлар бўлиб, ушбу ҳудудда 2019-2023 йиллар мобайнида қарийиб 1,8 млн. гектардан ошиқ майдонда «яшил қопламалар» барпо этилгани таъкидланди.

Қизғин савол-жавоблар давомида маҳаллий ва халқаро экспертлар томонидан халқаро келишувлар бўйича мажбуриятларни инобатга олган ҳолда, қуруқлик ва ички чучук сув экотизимларини, шу жумладан, ўрмонлар, сув-ботқоқлар, тоғлар ва қурғоқ ерларни сақлаш, тиклаш ва улардан барқарор фойдаланишни таъминлаш бўйича аниқ чора-тадбирлар ишлаб чиқиш, шунингдек, чўлланишга қарши самарали курашиш, деградацияга учраган ерлар ва тупроқларни, шу жумладан чўлланиш ва қурғоқчиликдан зарар кўрган ерларни тиклаш орқали 2030 йилгача ер деградацияси нейтраллигига эришиш юзасидан фикр-муҳолазалар, таклифлар билдирилди.

Семинар якунида тегишли таклиф ва тавсиялар қабул қилинди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер