Қудратимиз – аҳиллик ва дўстликда

Истам ИБРОҲИМОВ/«Халқ сўзи». Надежда Моничга кўпчилик тиниб-тинчимас аёл, дея таъриф беради. Бу бежиз эмас. “Светлица польска” Ўзбекистон поляк миллий маданий марказининг Бухоро вилояти бўлими раиси саналган юртдошимиз миллий ҳамда умуммиллий қадриятлар билан боғлиқ ҳар бир маросимни рисоладагидек ўтказишга бош-қош бўлади. Ҳатто вилоятнинг чекка туманларида истиқомат қилувчи польяк қавми вакиллари аҳволидан хабар олишга ҳам улгуради.
— Иккинчи жаҳон уруши йилларида рус, украин, татар каби кўплаб миллат вакиллари қатори польяк кексалари, болалари ҳам Ўрта Осиё, жумладан Ўзбекистонга эвакуация қилинишган, — дейди у. — Ўзбеклар уларнинг аксариятини ўз оилалари бағрига олиб, меҳр-оқибат кўрсатишган. Кўчириб олиб келинган польяк ўғил-қизлари учун Ўзбекистон иккинчи Ватан бўлиб қолган. Ҳатто вояга етган қизларимизнинг ўзбек йигитларига турмушга чиқиб, бахтли яшашганидан хабаримиз бор. Яқинда Пешкуда яшовчи шундай хонадонлардан бирида бўлдим. Бу оила фарзанду невараларининг тинч ва аҳил яшашаётганидан бошим кўкка етди.
Надежда опа билан Бухоро шаҳридаги “Дўстлик уйи”да суҳбатимиз ниҳоясига етар-етмас, даврага Лубат Штирценбехер келиб қўшилди. Вилоятдаги “Wiedergeburt” номи билан фаолият юритувчи немис маданий маркази раҳбари саналган бу юртдошимиз ҳам кўпчиликка таниш.
— Юртимиз тинч, мамлакатимизда дўстлик, бағрикенглик тамойиллари чуқур илдиз отган, — дейди у. — Булар барчасининг асосида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси мужассам. Унда барча миллат ва элатларнинг ҳақ-ҳуқуқлари кафолатланган. Биз шу асосда ўз миллий урф-одатларимизни асраб-авайлаяпмиз, уларни ёшларимиз онгига сингдиряпмиз. Марказимизга келсак, у меҳнат фахрийлари-ю турли ёшдаги ўғил-қизларни ўз атрофига жамлаган. Турли тўгараклар фаолиятини йўлга қўйганмиз. Ёшларга немис тилини ўргатиш йўлга қўйилган. Расм чизиш, Повольежи немислари таомларини тайёрлаш, халқ амалий санъати сир-асрорларини ўғил-қизлар қунт билан ўзлаштиришмоқда. Ёзги тил ўрганиш майдончаси, миллий пишириқларга оид маҳорат сабоқлари, ҳаваскорлик театри жамоаси тайёрлаган саҳна асарлари – буларнинг бари ҳаётнинг мазмунли ўтишига хизмат қиляпти.
Марказда “Эзгу иш қилинг” деб аталган хайрия акциясини ўтказиш ҳам анъанага айланган.Унга кўра, немис қавми кекса вакилларига озиқ-овқат маҳсулотлари туҳфа қилинади. Шунингдек, маскан аъзолари рус, туркман, тожик, корейс миллий маданий марказлари қатори Мустақиллик ҳамда Наврўз байрамларида фаол иштирок этишмоқда.
— Ўзбекистон – кўп миллатли, бағрикенг мамлакат, — дейди “Wiedergeburt”даги хор тўгарагига раҳбарлик қилаётган Маргарита Тен. — Бу юртда барча миллат ва элатларнинг ўз маданияти, санъати, урф-одатлари, анъаналарини асраб-авайлашлари учун шарт-шароитлар яратилган. Биз Ўзбекистон деб аталган шундай аҳил, иноқ оилада умргузаронлик қилаётганимиздан мамнунмиз.
Назаримизда, бу сўзларга ортиқча изоҳ беришнинг ҳожати йўқ.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- “Юракка кўмилар асл шоирлар”
- Миллий гвардияга янги ваколат берилди
- Коинотдаги «шарпа шаҳарлар» ёхуд митти галактикалар ҳақида нималарни биламиз?
- Жадидчилик ҳаракатининг карвонбошиси
- Хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш ва тадбиркорликка жалб қилиш масалалари муҳокама қилинди
- «Атроф-муҳитни асраш ва «яшил иқтисодиёт» йилига мўлжалланган давлат дастури қабул қилинди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг