Қўшни Тожикистон билан туризм соҳасида ҳамкорлик йўлга қўйилади

14:52 24 Январь 2024 Жамият
356 0

2024 йили Фарғона вилоятига қарийб 3,5 миллион сайёҳ жалб этиш кўзда тутилган бўлиб, унинг 430 мингдан зиёди хорижлик сайёҳларни ташкил этиши мақсад қилинган. Шу тариқа жорий йилда вилоятда туризм экспорти ҳажмини 130 миллион долларга етказиш режалаштирилмоқда.

Шунингдек, бу йил вилоятда туризм соҳасини жадал ривожлантириш учун 3 та туризм кўчаси ҳамда 2 та туризм маҳалласи ташкил этилади. Ўз навбатида 20 дан кўпроқ фестиваллар ўтказиш ҳам кўзда тутилмоқда. Айни жараёнда туризм соҳасида мамлакатимизнинг тарихий шаҳарлари, қўшни мамлакатлар билан фаол ҳамкорликни йўлга қўйиш учун изчил саъй-ҳаракатлар олиб бориляпти.

Бу борада белгиланган чора-тадбирлар режаси асосида Фарғона вилояти туризм бошқармаси ташаббуси билан ОАВ ходимлари ҳамда тур фирмалар вакиллари учун Тожикистоннинг чегарадош ҳудудларида жойлашган туристик маршрутлар бўйлаб саёҳат уюштирилди. Унда қўшни юртнинг Хўжанд вилояти тасарруфидаги Конибодом, Суғд ва Истарафшон шаҳарларида жойлашган тарихий-маданий объектлар билан яқиндан танишилди.

Шу билан бирга тадбир қатнашчилари Тожикистоннинг машҳур “Пайшанба” бозори, Шайх Муслиҳиддин мақбараси, Камол Хўжандий хиёбони ва уй музейи, Хўжанд қалъаси тарихий обидаси, “Арбоб” маданият уйи, “Муг” қалъаси, заргарлик буюмлари ишлаб чиқарувчи “Зари Суғд” корхонаси ҳамда миллий ҳунармандчиликка ихтисослашган касб-ҳунар коллежида бўлиб, ўзаро тажриба алмашдилар.

— Яқин истиқболда “Олтин водий” туристик ҳалқаси доирасида қўшни юрт сайёҳлари учун экотуризм, тиббиёт туризми, гастрономик туризм, агротуризм, зиёрат туризми каби йўналишларида бир қатор лойиҳалар амалга оширилади, — дейди Фарғона вилояти ҳокими ўринбосари Хуршиджон Аҳмедов. — Шу мақсадда қардош Қирғизистон, Тожикистоннинг чегарадош вилоятлари билан туризм соҳасида фаол ҳамкорлик кўламини кенгайтириш борасида катта саъй-ҳаракатлар олиб бориляпти.

Ботир МАДИЁРОВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер