Қори Йўлдош Пўлатов номи абадийлаштириладими?

14:56 08 Ноябрь 2024 Жамият
306 0

Истам ИБРОҲИМОВ/«Халқ сўзи». 8 ноябрь санаси бухоролик тарих ва маданият ихлосмандлари, хусусан, музей ходимлари учун қадрли. Негаки, бундан роппа-роса 102 йил муқаддам — 1922 йилнинг 8 ноябрида кўпчиликка ҳозир Бухоро давлат музей-қўриқхонаси номи билан яхши таниш табаррук масканга тамал тоши қўйилган.

Эътиборлиси, бу “Бухоро ахбори” (ҳозирги “Бухоронома”) газетасидаги бир хабар орқали тарих зарварақларида муҳрланиб қолди. Шу биргина далил ҳам газетанинг ўрни, аҳамияти нечоғли катта эканлигидан кичик бир нишонадир.

— “Бухоро ахбори”нинг 1922 йил 112-сонида “Бухорода биринчи музахонанинг очилиш маросими” сарлавҳали мақола эълон қилинган, — дейди музей-қўриқхона Тарих илмий бўлими мудири Ўктамали Равшанов. — Унда ёзилишича, маориф нозири Қори Йўлдошнинг саъй-ҳаракати билан Бухорода биринчи музейга асос солинган. Шу муносабат билан ташкил этилган маросим тантанали тарзда ўтган. Меҳмонлар орасида нозирлар шўросининг раиси Ота Хўжа, ҳукумат аъзолари, Россия вакили Фунштейн ва бошқаларни кўриш мумкин эди. Тадбир аввалида маориф нозири муовини Мазҳар Махдум сўз олиб, “Бир мамлакатнинг тарихини билмак учун музахонадан ортиқ бир тарих китоби бўлмас”, деган сўзларни айтади.

Маросим сўнггида маориф нозири Қори Йўлдош Пўлатов сўзга чиқиб, донишмандларга хос камтарлик билан “Биз бу йўлда ғоят оз ишлаб, кичик бир нарса майдонга чиқора билдик. Ишонаманки, биздан сўнграгилар муни такмил этарлар”, деган гапларни айтади.

Воқеалар ривожидан ўзиб айтиш лозимки, бу маърифатпарвар, жадид инсоннинг башорати тўғри бўлиб чиқди. Айни дамда музей-қўриқхонанинг жойларда ўндан зиёд филиали ишлаб турибди.Улардаги минглаб экспонатлар халқимизнинг бой маданий, маданий, моддий бойлиги сифатида хорижий сайёҳларда катта қизиқиш уйғотмоқда.

Айтмоқчи, музей очиш ташаббускори бўлган Қори Йўлдош Пўлатов ҳақида нималар маълум? Табиатан элпарвар, тараққиёт йўлини илму маърифатда деб билган бу инсон Бухоро Республикаси тузилганида халқ маорифи нозири бўлган. “Мактаблар ҳақидаги умумий қоидалар” дастурини ишлаб чиққан. Бир йилча “Бухоро ахбори” газетаси бош муҳаррири лавозимида ишлаган. Ўзбекистон ССР ташкил топганидан сўнг аввалига молия вазири, кейин Халқ Комиссарлар Совети раиси вазифасини бажарган. Вазирлик пайтида хизмат машинасидан воз кечиб, ишга эл қатори пиёда бориб келган.

Афсуски, суронли 30-йиллардаги қаттолликлар Қори Йўлдошни ҳам ўз чангалига олди. 1937 йилда қамалди. Совуқ ўлкаларга сургун қилинди. 1947 йилда она юртга қайтиб келдию аммо рўшнолик кўрмади. Уни яна суд столига ўтирғиздилар. Оқибатда умрининг яна 9 йили қамоқда кечди. 1957 йилда оқланди. Гарчи, у қатағондан тирик қолган бўлса-да қаттол тузум ўз ниятига етганди. Қори Йўлдош соғлигидан айрилди. “Халқ душмани” тамғаси уни қон-қариндошларидан ҳам жудо қилди. Оғир дард туфайли 1965 йилда ҳаётдан кўз юмди. Тарих фанлари доктори, профессор Шодмон Ҳайитов таъкидлаганидек, у ўз тўшагида жон таслим қилган ягона жадид сифатида тарихда қолди.

Яна ўша суронли йилларда газетада эълон қилинган мақолага қайтамиз. Унда ёзилишича, маросимда сўз олганлардан бири музейга Қори Йўлдош номини бериш таклифини ўртага ташлайди. Тадбир иштирокчиси Ота Хўжа ҳукумат вакили сифатида бу таклифни қўллаб-қувватлайди. Кейин нима бўлгани бизга ҳозирча номаълум. Лекин Файзулла Хўжаев, Фитрат, Садриддин Айний, Усмон Хўжа Пўлатхўжаев сингари жадидлар билан бир сафда турган бу фидойи инсоннинг номи абадийлаштирилса фойдадан холи бўлмасди. Зеро, юртимизни ҳур ва озод кўриш, халқимизни илму маърифатли қилиш йўлида жон тиккан аждодларимизни ёд этиш инсоний бурчимиздир!

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер