Қорақалпоғистонда «Жўхори гуртик куни» кенг нишонланмоқда

18:20 25 Февраль 2025 Жамият
219 0

Ғайрат ОТАЖОНОВ/«Халқ сўзи». Бугун Қорақалпоғистон Республикаси шаҳар ва туманларида, меҳнат жамоаларида, ўқув юртларида «Жўхори гуртик куни» кўтаринки кайфиятда ўтказилмоқда. Сана муносабати билан Нукус шаҳридаги Қорақалпоқ этно овулида ташкил этилган байрам тадбирида жўхори гуртик таомини пишириш, миллий урф-одатлар, маданий меросга оид кўргазмалар намойиш этилди.

Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институтининг талабалар тураржойида ҳам қорақалпоқ халқининг миллий таоми — жўхори гуртик тайёрлашга пухта ҳозирлик кўрилди.

— Мана, 3 йилдирки талабалар билан биргаликда «Жўхори гуртик куни»да ушбу таомни пишириб, байрам сифатида нишонлаш анъанага айланган, — дейди Талабалар тураржойи директори Мийўагул Қаллибекова. — Бугун институтнинг «Аргония» масъулияти чекланган жамияти билан давлат-хусусий шериклик асосида ташкил этилган талабалар тураржойида байрам муносабати билан жўхори гуртик тайёрланди. Тадбир давомида ота-боболаримиздан мерос бўлиб келаётган урф-одатлар, анъаналар ва қадриятлар ҳақида суҳбатлашамиз, ўзаро фикр алмашиб, тарихимиз ва маданиятимиз ҳақида маълумотлар берамиз. Бу байрам талабалар ўртасида ҳам катта қизиқиш уйғотади. Улар қорақалпоқ халқининг миллий таоми — жўхори гуртик ва унинг тайёрланиши ҳақида маълумотларга эга бўлади. Албатта, бу байрам орқали биз юртимизнинг ўзига хос маданияти, тарихи, урф-одатлари ва миллий таомимиз ҳисобланган жўхори гуртикни дунёга танитишга ҳисса қўшамиз.

Байрам кечасида институтнинг ёшлар масалалари ва маънавий-маърифий ишлар бўйича биринчи проректори вазифасини бажарувчиси Қ.Реймов иштирок этиб, ёшлар ўртасида миллийлигимизни тарғиб қилишга ҳисса қўшаётган талабалар тураржойи жамоасига ва педагог-тарбиячиларига миннатдорлик билдирди. Талабалар миллий либосларда халқимизнинг қиз-йигитлар айтишувини ўтказиб, шу билан бирга, миллий анъаналаримиз, уларнинг тарихи ҳақида қимматли маълумотларга эга бўлди.

Байрам тадбири доирасида талабалар тураржойи жамоаси, нуроний онахонлар ва ёшлар биргаликда миллий таомни дастурхонга тортди.

Маълумот ўрнида таъкидлаш жоизки, 2023 йилдан бошлаб Қорақалпоғистон Республикасида 25 февраль жамоатчилик ташаббуси асосида «Жўхори гуртик куни» сифатида нишонланиб келинмоқда. Ҳар йили шу санада аҳоли катта ҳамжиҳатлик намунасини кўрсатиб, нафақат оилаларда дастурхон атрофида, балки меҳнат жамоалари, ўқув юртларида, умумий овқатланиш масканларида ҳам юқори кўтаринкилик билан ўтказилмоқда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?