Қорақалпоғистонда янги тежамкор сув насослари ўрнатилмоқда

11:58 04 Август 2025 Жамият
176 0

Президентимиз раислигида 2024 йилнинг 7 ноябрь куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида 2025 йил – сув хўжалигида “насослар самарадорлигини ошириш йили” бўлиши белгиланган эди. Шу боис, бугунги кунда сув хўжалиги вазирлиги тасарруфидаги насослар самарадорлигини оширишга қаратилган кенг кўламли ишларга олимлар ҳам жалб этилди.

Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Қорақалпоғистон насос станциялари ва энергетика бошқармаси тасарруфида ҳозирги кунда 303 та СНПЭ-500/10 русумли насослардан фойдаланилади. Мутахассисларнинг маълум қилишича, ушбу насослар электр энергия сарфи юқори бўлиб, тўлиқ қувватда ишлаганда соатига 110 кВт электр энергиясини сарфлайди.

Қорақалпоғистон насос станциялари ва энергетика бошқармаси ушбу русумдаги насосларни муқобили бўлган замонавий, энергия тежамкор “ShIMGE” русумли насосларга алмаштириш тадбирларини бажаришмоқда. Янги русумли насослар Хитой давлатида ишлаб чиқарилган бўлиб, 18,5 кВт электр қувватидаги электро-двигателлар билан жиҳозланган ва секундига 277 литр сув чиқаришга мўлжалланган.

—Тадқиқот давомида ҳар бир насос станцияга ўрнатилган замонавий, энергия тежамкор “ShIMGE” русумли насослардан чиқарилаётган сув сарфлари ва бошқа бир неча кўрсаткичлар ўрганилди, — дейди Ирригация ва сув муаммолари илмий-тадқиқот институтининг “Насос станциялари ва электр энергияси” лаборатория мудири Жасур Нарзиев. — Хусусан, босимли қувурларда AFT-2000Н маркали сув сарфини ўлчаш лазерли портатив қурилмаси орқали ҳамда сув келтирувчи каналлардаги сув сарфлари SONTEK S5 русумли доплер-профилограф ёрдамида аниқланди. “СНПЭ 500/10” русумли насос агрегатининг муқобили сифатида фойдаланилаётган “ShIMGE” насос агрегатининг самарадорлигини баҳолаш мақсадида тадқиқот натижалари таққосланди ва таҳлилий хулосалар тайёрланмоқда.

Тадбир давомида Қонликўл туманидаги “Азамат”, Нукус туманидаги “Каттагар”, Кегайли туманидаги “Кўкўзак”, Қораўзак туманидаги “Есимўзак” насос станцияларида электр энергияси тежамкорлигига эришиш ҳамда уларга сув келтирувчи каналларда сув ресурсларидан самарали фойдаланиш бўйича илмий-амалий тадқиқотлар олиб борилди.

Эътиборлиси, насослар самарадорлигини ошириш ишига олимлар ҳам жалб этилиб, илмий хулосалар асосида энг самарали ҳамда камроқ энергия билан кўпроқ сув чиқариб, олис овулларгача сув етказиш борасида барча якдил ҳаракат қилишмоқда.

Ғайрат ОТАЖОНОВ,

“Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер