Қорақалпоғистонда сувдан самарали фойдаланиш юзасидан матбуот анжумани ўтказилди

19:15 02 Май 2024 Жамият
350 0

Ғайрат Отажонов / «Халқ сўзи». Жорий йилнинг 2 май куни Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлигида сув ресурсларидан самарали фойдаланиш, сув тежовчи технологияларни жорий қилишнинг зарурати ва ҳозирги кунда Қорақалпоғистон Республикасига Амударё орқали келиб турган сув миқдорлари бўйича жамоатчиликка маълумот бериш мақсадида матбуот анжумани ўтказилди.

Матбуот анжумани аввалида Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазири Бахтияр Жузбаев ҳудудга олдинги даврларда келиб турган сув миқдорлари, ҳозирги даврда камайиб бораётгани ва мавжуд сув ресурсларидан самарали фойдаланиш заруратининг қанчалик долзарб масала эканлиги бўйича баёнот қилди.

Таъкидланганидек, кейинги йилларда иқлим-ўзгариши, ёғингарчилик миқдори ва тоғликларда муз захиралари камайганлиги ҳисобига республикамизнинг ягона сув манбаси бўлган Амударё дарёсида сув ҳажми йилдан йилга камайиб бормоқда.

Маълумотларга кўра, 2030 йилга бориб сувнинг умумий тақчиллиги 2,3 баробар ошиши кутилмоқда, кейинги 10–15 йил ичида аҳоли жон бошига сув таъминоти деярли 2 баробар қисқаради. Лекин сувга бўлган талаб 20 фоизга ошади, саноат ва энергетика соҳаларининг сув истеъмоли 84 фоизга ўсиши кутилмоқда.

Сувни тежаш масаласига Давлат раҳбари алоҳида эътибор қаратиб, 2023 йилнинг 29 ноябрь куни қишлоқ хўжалигида сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш ва йўқотишларни камайтириш чора-тадбирлари юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида «каналларни бетонлаш бўйича зарбдор йил» эълон қилинганди. Президент топшириғи билан сув ресурсларидан самарали фойдаланишни ташкил этиш мақсадида бир йил давомида сувни тежаш бўйича фавқулодда иш тизимига ўтилиши белгилан.

Юртбошимиз белгилаб берган вазифалар ижросини таъминлаш, республикамизда сув йўқотишларни камайтириш мақсадида, Ҳукуматнинг тегишли қарори асосида биргина Хўжайли туманининг ўзида «Ширин жап» ва «Ташли жап» каналларида кенг кўламда реконструкция, яъни бетонлаш ишлари амалга оширилгани таъкидлаб ўтилди.

Очиқ мулоқот шаклида ўтказилган тадбирда журналистлар ўзларини ва ҳудудлардаги сув истеъмолчиларини қизиқтираётган саволлар билан сув хўжалиги масъулларига юзландилар. Саволларга Қорақалпоғистон Республикаси сув хўжалиги вазири Б.Жузбаев батафсил жавоблар берди.

Матбуот анжумани якунида юқорида берилган саволлар ҳамда сув хўжалигида амалга оширилаётган ишларни оммавий ахборот воситаларида кенг ёритиш бўйича вазирликнинг Матбуот хизмати билан тиғиз ҳамкорликда ишлашга келишиб олинди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер