Қорақалпоғистонда мобил суғориш тизими оммалашмоқда

17:31 01 Август 2024 Жамият
359 0

Ғайрат Отажонов/«Халқ сўзи». Қорақалпоғистон Республикаси сув хўжалиги вазирлиги ва Глобал яшил ўсиш институти (Жанубий Корея) ўртасида ҳамкорлик қилиш бўйича меморандум имзоланган эди. Меморандумда Қорақалпоғистон Республикасида сув тежовчи технологияларни жорий этиш мақсадида техник жиҳатдан ёрдам бериш режалаштирилган.

Ҳамкорлик ишлари доирасида Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги (KOICA) томонидан молиялаштирилган ҳамда Глобал яшил ўсиш институти (GGGI) томонидан «Орол денгизи фожиаси оқибатларини юмшатиш учун Қорақалпоғистон Республикасини яшил реабилитация қилиш» инвестиция лойиҳаси амалга оширилмоқда.

Лойиҳа доирасида қиймати 850 минг доллардан ортиқ маблағ асосида технологиялар Қорақалпоғистонга олиб келиниши ва амалиётга жорий этилиши белгиланган.

Яқинда Чимбой туманидаги «Жүзбасы» фермер хўжалигига CASSELLA компанияси томонидан қиймати 70 минг долларлик Италияда ишлаб чиқарилган шланг барабанли машиналар етказиб берилди.

— Ушбу технологияга қизиқиш билдираётган фермерлар сафи кенгаймоқда, — дейди Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги бош мутахассиси А.Қидирбаев. — Сувни пуркаб яъни, ёмғирлатиб суғорадиган технология сув турбинаси ғилдирагини айлантириш учун суғориш босими сувидан фойдаланади. Тезликни ўзгартириш мосламаси орқали айланиш учун ғилдиракни бошқаради. Автоматик равишда ҳаракат қилиш учун пуркагични тортади. У қулай ҳаракатланиш, оддий операция, меҳнат ва вақтни тежаш, суғоришнинг юқори аниқлиги, яхши сувни тежаш эффекти ва кучли мослашувчанлик афзалликларига эга.

Ушбу суғориш технологияси сув тежовчи технология ёмғирлатиб суғориш типига кирадиган Мобил суғориш тизими ҳисобланади. Бу усулда анъанавий суғоришга нисбатан, 40-50 фоизгача сув иқтисод қилинади.

Барабан машиналарининг асосий афзаллиги юқори ҳаракатчанликдир. Шундай машиналар катта майдонни суғоришни таъминлайди. Суғориш кенглиги 100 метр ва шланг узунлиги 400 метр, умумий тўрт гектар майдонни суғориш имконияти мавжуд. Битта машина кунига ўнлаб гектар майдонларни суғоради. Катта майдонларда бир вақтнинг ўзида бир нечта пуркагичлардан фойдаланилади. Бу ўз навбатида, катта майдонларни тез ва самарали суғориш имконини беради.

Маълумот учун: Бугунги кунгача кластер ва фермер хўжаликларининг ёмғирлатиб суғориш типига кирадиган – Мобил суғориш тизимига бўлган қизиқишлари натижасида банк кредитлари ҳисобидан Кегейли, Қораўзак, Тахтакўпир, Бўзатов, Тахиатош, Хўжайли, Қонликўл, Мўйноқ ва Амударё туманларида жами 20 та ёмғирлатиб суғориш типига кирадиган – Мобил суғориш машинаси олиб келиниб суғоришда қўллана бошланди. Яна 11 дона ана шундай ғальтакли пуркагичли суғориш машиналари олиб келинмоқда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер