Қопдаги саккизинчи хазина
![](https://xs.uz/upload/post/2025/02/13/840701528e23694ff470e0aa848feee20213.jpg)
Истам ИБРОҲИМОВ/«Халқ сўзи». Вобкент туманидаги «Найман» маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида туғилиб ўсган Чинора Юсупованинг асл касби дизайнер – конструктор. Банкдан кредит олиб тикув машиналари харид қилган қиз айни пандемия даврида кутилмаган ташвишлар гирдобига тушиб қолди. Қарзни қандоқ қилиб узсак, деган ўйда юраркан, унда озиқ-овқат маҳсулоти, аниқроғи, қўзиқорин етиштириш ғояси туғилди.
— Соҳага оид адабиётларни ўқидим, — дейди у. — Зарур маълумотларни тўпладим. Мутахассислар билан маслаҳатлашдим. Шу тариқа ҳовлимизда, шунингдек, уйимиз ертўласида ҳам қўзиқорин етиштиришга киришдик.
Ўшанда ертўладаги 20 квадрат метр жойдан ойига 3 миллион сўмдан зиёд даромад қилган интилувчан қизнинг иш тажрибаси вилоят раҳбарларининг ҳам қизиқишига сабаб бўлди.
Бухоро шаҳридан истиқомат қилаётган қаҳрамонимиз турмушга чиққандан кейин ҳам қўзиқорин етиштириш билан боғлиқ бизнес лойиҳасини бир чеккага суриб қўйгани йўқ. Аксинча, бу фаолият янги босқичга ўтди.
— Мунтазам ўқиб ўрганиш, изланиш натижасида қўзиқорин етиштиришнинг европача усулини йўлга қўйдик, — дейди «Келажак бунёдкори» медали билан тақдирланган Чинора. — Бу усулда қўзиқорин тўрт бурчакли бежирим қутида етиштирилади. Уни уйнинг бир четига ёки ошхонага ҳам қўйса бўлади. Уруғи 7 – 10 кунда униб чиқади. 8 – 12 ҳафта давомида ҳосил беради. Қутида маҳсулотни етиштиришга оид тавсиялар ёзилган. Рисоладагидек парвариш қилинса, ўртача 1 – 1,4 килограммдан ҳосил олиш мумкин. Шундай қутиларимизнинг дастлабки мингтаси аллақачон сотилиб кетди.
Буни қарангки, экологик жиҳатдан тоза саналган, гўшт ўрнини боса оладиган, шифобахшлиги амалда исботланган қўзиқоринни ҳар биримиз хонадонимизда етиштиришимиз мумкин экан.
— Кейинги бир йилда нафақат Бухоро, балки Навоий, Хоразм вилоятларида истиқомат қилувчи ўндан зиёд оилага қўзиқорин уруғини етказиб бердик. Уларга экинни парваришлаш сирларини ўргатдик, — дейди Ромитан туманидаги «Истиқлол» маҳалласида яшовчи ёш оила соҳиби Раҳматилла Олимов. — Шукр, ҳозир дўконларга кирсангиз ёки деҳқон бозорига тушсангиз пештахтада помидор, бодринг, сабзи, пиёз қаторида қўзиқорин ҳам турганини кўрасиз. Килоси 30 минг сўмдан кам эмас. Сизга айтсам, қўзиқорин етиштиришда ишлатиладиган чигит шелухаси ҳам чиқитга чиқмаяпти. Аксинча, рўзғорга даромад келтирмоқда. Ундан чорва озуқаси сифатида фойдаланаяпмиз. Оғилда тўрт бош қорамолимиз бор.
Раҳматилланинг турмуш ўртоғи Латофат ҳам қўзиқорин парвариши билан банд. Унинг таъкидлашича, бу аёлларбоп иш. Сарфлаган пулингиз икки-уч ҳисса ортиғи билан қайтади. Ҳисоб-китобларга қараганда, битта кичик халтада интенсив усулда уч ой давомида 2 -2,2 килограмм миқдорида қўзиқорин етиштириш мумкин. Муҳими, энди рўзғор тебратаман, деб узоқ ва совуқ ўлкаларга боришнинг ҳожати йўқ.
Раҳматилла билан Латофат илгари ишлагани Россияга йўл олишарди. Жўнашардию иккаласининг ҳам кўнгли Ромитанда қоларди. Ахир, ўзбек борки, бири-биридан ширин болаларини соғинади, уларни бир кун кўрмаса ўзини қўярга жой тополмайди. Энди у кунлар бу оила учун ўтмишга айланди.
Шу ўринда қўзиқорин уруғини танлашда адашмаслик зарурлигини таъкидламоқчимиз. Унинг нави ҳам кўп. Дейлик, рейши нави Осиёда кенг тарқаган. У АҚШда ҳам қадрланади. Мутахассисларнинг гувоҳлик беришича, биргина рейшининг дунё бўйлаб йиллик сотуви 2 миллиард АҚШ долларидан ошади. Бу рақамни тилга олишимизнинг сабаби бор.
— Кейинги уч-тўрт ойда анъанавий усулда ишлаб уч тонна атрофида ҳосил йиғиб олишга муваффақ бўлдик, — дейди Чинора Юсупова. — Умуман, юртимизда нисбатан арзон ва сифатли қўзиқорин етиштириш, уни экспорт қилиш борасида катта имконият мавжуд . Шуни назарда тутган ҳолда фаолиятимизни кенгайтириш ниятидамиз.
Бу масалада ташаббускорга «маҳалла еттилиги», вилоят ва шаҳар масъуллари, молиявий муассасаларнинг кўмаги керак бўлади, албатта. Зеро, саккизинчи хазина сифатида қарашга арзийдиган қўзиқорин етиштиришда ҳам маррани баланд олиш мавриди келди.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Ойгул Халилова вафот этди
- “Юракка кўмилар асл шоирлар”
- Картошка нархи қачон пасайиши маълум бўлди
- «Ҳамза Ҳасановдан Ғайбулла Турсуновгача»: «Янги Ўзбекистон юлдузлари» мукофоти ғолиблари аниқланди
- Келгуси ҳафта учун об-ҳаво маълумоти эълон қилинди
- Алишер Навоий ижодини ўрганиш — қалб амримиз бўлмоғи даркор
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг