Қоп-қоп ваъдалар қопнинг ичида қолмоқда

Истам ИБРОҲИМОВ/«Халқ сўзи». Бундан салкам уч йил муқаддам, аниқроғи, 2021 йилнинг 27 октябрида «Халқ сўзи»нинг электрон нашрида «Гиннес рекордлар китобига киришга номзод кутубхона ёхуд қачонгача қарор фақат қоғозда қолади?» сарлавҳали танқидий мақола эълон қилинганди. Унда Бухоро вилояти кўзи ожизлар махсус кутубхонаси Шофиркон филиали биносининг абгор ҳолати қаламга олинган.
Хўш, шундан сўнг аҳвол ўзгардими? Кутубхоначию ўнлаб кўзи ожиз китобхонларнинг кенг ва ёруғ, замонавий шарт-шароитлар яратилган кутубхонага эга бўлиш орзу-умидлари ушалдими?
— Афсуски, йўқ, — дейди вилоят кўзи ожизлар махсус кутубхонаси раҳбари Аъзам Ўроқов. — Биз томонимиздан ажратилган жавонларни ва жорий таъмирлаш ишларини айтмаганда, бу филиалдаги аҳвол энг оғриқли нуқталаримиздан бири бўлиб турибди.
Аъзам аканинг куйинганича бор. Филиал жойлашган бино (аслида уни бино дегани тил бормайди) бундан 77 йил аввал хом ғишт яъни гуваладан қурилган. У узоқ йиллар ўрмон хўжалиги учун бошпана вазифасини ўтаган. Орқа томонга ўтилса, шўрлик бинонинг адойи тамом бўлганини кўриш мумкин. Ҳатто унга тиргак вазифасини ўтаётган деворларнинг ҳам ҳоли танг. Пойдеворга дарз кетган. Ўқув зали вазифасини ўтаётган хона тор. Беш киши кирса, олтинчиси коридорда туриб қолади. Адабиётлар сақланадиган хонани кўриб «Биз қайси асрда яшаяпмиз?» дея ёқа ушлашингиз тайин. Негаки, хона поли синиб, ўра ҳосил бўлган. Айтмоқчи, биз вилоят ва туман масъулларига томининг ёрилган бир чеккасидан қуёш нури тушадиган, ёғин-сочинли кунларда чакки ўтадиган бу антиқа хонадаги манзарадан баҳраманд бўлишни тавсия этардик.
— Фондимизда 8884 та адабиёт мавжуд, — дейди филиал мудираси вазифасини бажарувчи Комила Суннатова. — Уларни асраб-авайлаш биз учун энг катта муаммо саналади. Аслида бўртма нуқталисини оласизми, ясси адабиётларними, барчасини сақлашнинг ўз тартиб-қоидалари бор. Мен бу ўринда хонадаги намлик, ёруғлик даражаси, ҳароратни назарда тутаяпман. Ҳаво тозалагич ва бошқа жиҳозлар талаб этилади. Аммо кўриб турганингиздек, биномизнинг ўзи яроқсиз аҳволда. Мана бу хонага киргани ҳатто юрагимиз бетламайди. Томи ўпирилиб кетишидан хавотирдамиз.
— Ёғин-сочинли кунларда чакки ўтади, — дея суҳбатга қўшилади кутубхоначи Ойдин Аслонова. — Шундай пайтларда тоғора қўйиб, полиэтилен қоғоз тўшаб адабиётларни асраш пайида бўламиз.
Биз бу кутубхонага узоқ йиллардан буён қатнаб китобхонлик қилаётганларнинг бир гуруҳини кўзи ожизлар туман ўқув ишлаб чиқариш корхонасида учратдик.
— Бу ерда меҳнат қилаяпмиз. Рўзғоримизга ҳам, жамиятимизга ҳам нафимиз тегаяпти, — дейди ўзини Шоира Яҳёева дея таништирган ишчилардан бири. — Бўш пайтимизда албатта, кутубхонага борамиз. Мен учун у қадрдон маскан бўлиб қолган. Аммо биноси жуда эски. Кутубхона дегани ийманасан, киши.
— Кутубхона билан бир бинода кўзи ожизлар махсус маданият маркази фаолият кўрсатади, — дейди яна бир суҳбатдошимиз Ҳилола Истамова. — «Энг яхши китобхон», «Иқбол» кўрик-танловларида қатнашамиз. Шахмат, шашка тўгараги бор. Ҳозир мономарказ воситачилигида брайл ёзувини ўрганаяпмиз. Лекин кутубхонада ҳам, клубда ҳам машғулотларни рисоладагидек ўтказиш учун шу кун талабига жавоб берадиган шароит йўқ. Томдан чакки ўтиб, китоблар ивиб қолганига шоҳидман.
Бу гапларга қўшимча тарзда айтиш лозимки, кутубхона биноси қишда иситилмайди. Кутубхоначилар уйларидан ўтин олиб келишади. Уни ёқиб, қўлбола печда жон сақлашади.
— Яқинда кўзи ожизлар ўқув ишлаб чиқариш корхонаси янги биносининг очилиш маросими бўлиб ўтди, — дейди кекса китобхонлардан бири Ихтиёр Усмонов. — Шунда мен давлатимиз томонидан ногиронлиги бўлган инсонларга кўрсатилаётган ғамхўрликдан миннатдор эканимизни билдириб, тадбирга ташриф буюрган вилоят ҳокими эътиборини кутубхона ва клуб масаласига қаратдим. Энди аҳвол яхши томонга ўзгаришидан умидвормиз. Негаки, ёшларимизнинг дунёқарашларини, тафаккурларини бойитишда кутубхонанинг ўрни катта. Биз ҳам невараларимизнинг кенг ва ёруғ, шинам кутубхонада китоб мутолаа қилишларини истаймиз, албатта.
Сирасини айтганда, бунга қадар ҳам зиё маскани биносининг абгорлиги ҳақида масъулларга кўплаб мурожаатлар қилинганди. Аммо улар сувга тушган тошдек изсиз кетди. Бу орада туманда неча бор раҳбар ўзгарди. Қоп – қоп ваъдалар берилди. Лекин кўзи ожизлар туман кутубхонасидаги аҳвол ўзгармади.
Нима бўлганида ҳам бир аччиқ ҳақиқат бор: кўзи ожиз инсонлар телевизор кўриш, театр томоша қилиш, ижтимоий тармоқларни кузатиб бориш имкониятидан мосуво. Китоб – уларнинг юпанчи, таянчи, энг яқин дўсти. Шу боисдан ҳам республика Вазирлар Маҳкамаси томонидан 2018 йилнинг 18 сентябрида «Ногиронлиги бўлган шахсларга ахборот – кутубхона хизмати кўрсатиш тизимини такомиллаштириш тўғрисида»ги қарори қабул қилинган. Ҳамма гап шу қарор ижросини бекаму кўст бажаришда.
Қизиқ, қарор ижроси учун масъуллар Шофиркондаги бу нохуш ҳолатга нима дейишаркан?!
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистонда доимий аҳоли сони ҳар куни неча кишига ошяпти?
- Шаҳрам Ғиёсов тажрибали рақибини муддатдан олдин мағлуб этди
- Самарқанд яна бир нуфузли форумга мезбонлик қилади
- Яна бир бозор аукционга қўйилди
- Марказий банк шошилинч огоҳлантириш билан чиқди
- «Leapmotor» Ўзбекистонда ўтказилган автомобиль тести натижаларидан норозилигини билдирди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг