Қонун устуворлиги, тинчлик-осойишталик ва хавфсизлик мамлакатимиз ички ишлар органлари ходимларининг бош мақсадидир
Юртимизда қонун устуворлиги ҳамда тинчлик-осойишталикни мустаҳкамлаш энг долзарб вазифалардан биридир. Шахс, жамият ва давлат хавфсизлигини таъминлаш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ҳамда профилактикасини олиб бориш ишлари эса ундан-да муҳим, десак, айни ҳақиқат.
Шу маънода, мамлакатимизда мазкур масалалар ижросига масъул — ички ишлар органларини аҳолининг ишончли ҳимоячиси сифатида халқчил профессионал тузилмага айлантириш борасида туб ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Ушбу йўналишларда олиб борилаётган ишлар ва кейинги йилларда соҳани янада такомиллаштириш бўйича татбиқ этилаётган янгича ёндашувлар, шу билан бирга, айрим муаммолар ва уларнинг ечимлари, истиқболдаги режалар хусусида Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири Пўлат БОБОЖОНОВ билан суҳбатлашдик.
— Пўлат Раззоқович, мамлакатимизнинг сиёсий ҳаёти учун муҳим саналган Конституцияга ўзгартишлар киритиш юзасидан референдум жараёнлари бошланди. Шундан келиб чиқиб, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишни кучайтириш борасида қандай ишлар режалаштирилмоқда?
— Ҳозирги кунда тинчлик ва хавфсизликни таъминлаш, ҳар бир инсоннинг ҳаёти, соғлиғи ҳамда мол-мулкини турли хавф-хатарлардан ишончли ҳимоя қилиш масалалари жуда муҳим ҳисобланади.
Шу боис ҳам янги Ўзбекистон тарихида давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан илк ислоҳотлар айнан фуқароларнинг саломатлиги ва хавфсизлигини таъминлаш соҳаларида бошланди.
Бунда асосий эътибор ички ишлар органларини аҳолига ўз вақтида ҳамда сифатли ёрдам кўрсатадиган, ҳар бир ходим томонидан халқ манфаатларига хизмат қилишни ўз хизмат бурчи деб биладиган ижтимоий йўналтирилган профессионал тузилмага айлантиришга қаратилди.
Мамлакатимизда барча давлат идоралари каби ички ишлар органларида ҳам раҳбарларнинг фуқаролар билан мулоқот қилиш, жиноятларни маҳаллаларнинг ўзида муҳокама этиш, энг чекка қишлоқларга бориб, аҳолининг дардини эшитиш амалиёти йўлга қўйилди.
Шуни алоҳида айтиш жоизки, ислоҳотлар давомида, адашиб жиноят содир этган шахсларни ижтимоий ҳаётга тўғри йўналтириш, жамиятнинг муносиб вакилига айланиши учун уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Жумладан, 2019 йилдан бошлаб, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг “Маҳкумлар билан муомала қилишнинг минимал стандартлари қоидалари”, бошқача айтганда, Нельсон Мандела қоидалари миллий қонунчилигимизга тўлиқ имплементация қилинди. Бунинг доирасида маҳкумларга илк бор, сайлаш, пенсия ва ижтимоий суғурта пулларини олиш, касб эгаллаш, таълим ҳамда сифатли тиббий ёрдам олиш ҳуқуқи берилди. Уларга меҳнат қилиш, яқинлари билан суҳбатлашиш ва учрашиш учун қўшимча имкониятлар яратилди.
Шунингдек, содир қилинган жиноятдан чин кўнгилдан пушаймон бўлган маҳкумларни афв этиш орқали озодликка чиқариш, адашиб, ёт ғоялар таъсирига тушиб қолган фуқароларни, жумладан, давлатимиз раҳбарининг топшириқлари асосида ўтказилган “Меҳр” акциялари доирасида жанговар ҳаракатлар бўлаётган ҳудудлардан олиб келинганларни ижтимоий реабилитация қилиш тизими яратилди.
Умуман олганда, ички ишлар органлари ходимлари томонидан ҳар қандай кўринишдаги қадр-қимматни камситиш, қийноқ ҳолатларига йўл қўймаслик ҳамда фуқаролар билан муносабатларда “инсон омили” таъсирини камайтирувчи замонавий ахборот технологиялари амалиётга жорий этилмоқда.
Мамлакатимизда инсон қадрини улуғлаш ва ҳурмат қилиш масаласига катта аҳамият қаратиляпти. Шу боис Президентимиз Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига йўллаган Мурожаатномасида инсон ҳуқуқ ҳамда эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш — давлатнинг конституциявий мажбурияти сифатида белгиланиши лозимлигини таъкидлаб ўтди.
Дарвоқе, Ўзбекистон тарихида биринчи марта ўта муҳим аҳамиятга эга бўлган ва ҳар қандай давлатнинг ривожланиш йўлини белгилаб берувчи олий қонун ҳужжати референдумда бевосита халқ томонидан қабул қилинади.
Мазкур Конституцияни ҳар қандай шахс “Бу менинг Конституциям” деб айта олишига асослар мавжуд. Конституция лойиҳасидаги моддалар амалдаги 128 тадан 155 тага, нормалар сони 275 тадан 434 тага ошди. Умуман олганда, Бош қомусимизни мана шу нормалар билан тўлдириш ёки мавжудларини такомиллаштириш бўйича фуқароларимиз кўплаб таклифлар беришди.
Шу билан бирга, меҳнат жамоалари, олийгоҳлар, маҳалла фаоллари ва зиёлилар билан бўлиб ўтган муҳокамаларда ҳам қўшимча таклифлар келиб тушди. Ҳар бир таклиф ортида инсон тақдири ва унинг ҳақ-ҳуқуқлари турганлигини инобатга олиб, халқаро-ҳуқуқий ҳужжатлар ва 190 дан ортиқ давлатлар тажрибаси ўрганилди, лойиҳа 6 турдаги экспертизадан ўтказилди.
Янги Конституция “инсон — жамият — давлат” парадигмасига асослангани, унда барча тоифаларнинг — ёшлар, аёллар, ногиронлиги борлар, ўқитувчилар, ҳатто жиноят содир этган шахсларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари акс этган. Агар мазкур лойиҳани халқимиз ҳам қўллаб-қувватласа, амалдаги Конституциямиз 65 фоизга янгиланади.
Жумладан, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган умумэътироф этилган “Хабеас корпус” институти конституциявий даражада мустаҳкамланади.
Жумладан:
— айбдорликка оид барча шубҳалар, агар уларни бартараф этиш имкониятлари тугаган бўлса, гумон қилинувчининг, айбланувчининг, судланувчининг ёки маҳкумнинг фойдасига ҳал қилинади;
— ҳибсга олишга, қамоққа олишга ва қамоқда сақлашга фақат суднинг қарорига кўра йўл қўйилади;
— шахс суднинг қарорисиз 48 соатдан ортиқ муддат ушлаб турилиши мумкин эмас каби нормалар энди Бош қомусимиз билан тасдиқланади.
Яна бир янгилик — илк бор шахсни ушлаш чоғида унга тушунарли тилда унинг ҳуқуқлари ва ушлаб туриш асосларини тушунтириш бўйича “Миранда қоидаси” жорий этилади. Бу орқали давлатимиз раҳбарининг қатъий талаби, яъни “Ҳеч кимнинг унутишга ҳаққи йўқ — қонун талаблари ва инсон ҳуқуқлари — биз учун олий қадрият” эканлигини ҳар бир ходим томонидан бажарилиши устидан кунлик назорат тизими ўрнатилади.
Мазкур талаб ва бошқа янги нормаларнинг амалиётга татбиқ этилиши инсон ҳуқуқларини ишончли ҳимоялаш, ижтимоий-иқтисодий соҳаларни ривожлантиришга хизмат қилади, албатта.
Мухтасар айтганда, аввало, халқимизни рози қилиш, хизмат фаолияти орқали фуқароларга янада қулайликлар яратиш борасидаги ишлар изчил давом эттирилади.
— Ўзингизга яхши маълумки, бугунги кунда ҳар бир соҳани коррупциядан тозалаш ишларига алоҳида эътибор қаратиляпти. Ички ишлар органлари тизимида бу борада қилинаётган ишлар натижалари сизни қониқтирадими?
— Жамият ҳаётининг барча жабҳасида коррупцияга қарши курашиш долзарб вазифага айланди. Жумладан, ички ишлар органларида ҳам бу борада тегишли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, тизимда коррупцияга қарши курашиш ва коррупциявий ҳолатларнинг барвақт олдини олиш, ушбу жараёнга жамоатчиликни кенг жалб этиш ҳамда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатда бўлиш муҳитини шакллантириш мақсадида вазирликнинг тегишли буйруғи ишлаб чиқилган.
Ушбу буйруққа асосан вазирликда Коррупцияга қарши курашиш комиссияси, таркибий тузилмалар ҳамда ҳудудий ички ишлар органларида ишчи гуруҳлар тузилган. Комиссия томонидан амалга оширилиши лозим бўлган чора-тадбирлар дастури ҳамда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ва Ички ишлар вазирлиги ҳамкорлигида амалга ошириладиган чора-тадбирлар дастури ҳам тасдиқланган.
2022 йил якуни бўйича комиссия томонидан вазирликнинг таркибий ва ҳудудий ички ишлар органлари фаолияти текширилди. Ўрганиш натижаларига кўра, коррупциявий хавф-хатар даражасидан келиб чиқиб улар “қизил”, “сариқ”, “яшил” ҳудуд тоифаларига ажратилди.
9 декабрь — Халқаро коррупцияга қарши курашиш куни муносабати билан ўтказилган видеороликлар танловига ички ишлар органлари ходимлари ва фуқаролар томонидан тайёрланган 42 та видеоролик келиб тушди. Фахрли ўринларни эгаллаган ва номинация ғолиблари ИИВнинг диплом ва қимматбаҳо совғалари билан тақдирланди. Коррупцияга қарши курашишни тарғиб қилувчи ушбу видеороликлар ижтимоий тармоқлар орқали намойиш этилди.
Ходимларимиз ўз ташаббусига кўра коррупцияга оид ҳуқуқбузарлик ёки жиноят ҳақида хабар беришяпти. Ана шундай ташаббуслар туфайли ўтган йили фуқаролар ходимларга пора беришга уринганлиги бўйича 133 та ҳолат аниқланди. Айбдорлар тегишли тартибда жавобгарликка тортилди.
Ходимлар ўртасида коррупция ҳолатларининг олдини олиш мақсадида Сирдарё вилоятининг Мирзаобод тумани ИИБ ходимлари томонидан содир этилган порахўрлик жинояти юзасидан “Коррупция — жаҳолатга йўл” номли махсус видеофильм шахсий таркиб ва уларнинг оила аъзоларига намойиш этилди.
Шунингдек, пора олиш, пора бериш ва бунда воситачилик қилиш ҳам жиноят эканлиги ҳамда коррупцияга оид ҳуқуқбузарлик ёки жиноят ҳақида хабар берган тақдирда пул мукофоти билан тақдирланиши бўйича махсус тарғибот ролиги тайёрланиб, ижтимоий тармоқлар орқали профилактик-тарғибот ишлари олиб борилди.
Ички ишлар органларининг маъмурий биноларида махсус бурчаклар ташкил этилган. Уларда коррупцияга қарши курашишга даъват қилувчи стенд, буклет ва плакатлар жой олган. Барча ходимларимиз хизмат фаолияти давомида тамагирлик, порахўрлик каби иллатларга қўл урмаслик юзасидан расман огоҳлантирилиб, бу бўйича ҳар бир ходимдан тилхат олинди.
Лекин бу билан коррупцияга қарши курашиш бўйича тизимда барча чора-тадбирлар кўрилди, демоқчи эмасман. Ушбу йўналишдаги ишларни бундан буён ҳам собитқадамлик билан давом эттирамиз. Мақсадимиз вазирликнинг барча бўлинмасида мазкур иллатга муросасизлик муҳитини қарор топтиришдан иборат.
— Президентимизнинг шу йил 20 январда “Ички ишлар органларини халқчил профессионал тузилмага айлантириш ва аҳоли билан янада яқин ҳамкорликда ишлашга йўналтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Ушбу қарорда белгиланган вазифалар ҳақида ҳам тўхталиб ўтсангиз.
— Давлатимиз раҳбари бошчилигида бугунги кунда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг бош мақсади инсон қадрини улуғлашга, унинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган. Ушбу эзгу, савобли ҳамда масъулиятли вазифаларни бажариш кўп жиҳатдан ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари фаолиятининг самарадорлигига, шунингдек, ундаги кадрларнинг салоҳияти, маънавияти, интизоми ва албатта, садоқатига бевосита боғлиқ.
Айниқса, сўнгги йилларда давлатимиз раҳбарининг ташаббуслари ва ҳаётбахш ғоялари асосида ички ишлар органларида амалга оширилаётган ислоҳотлар тизимни халқ манфаатларига хизмат қиладиган, аҳолининг кундалик муаммолари билан ҳамнафас ишлайдиган, халқпарвар тузилмага айлантирмоқда, десак, хато бўлмайди.
Президентимизнинг “Ички ишлар органларини халқчил профессионал тузилмага айлантириш ва аҳоли билан янада яқин ҳамкорликда ишлашга йўналтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ушбу йўналишдаги яна бир улкан қадам бўлди.
Энди хизматга номзодларни танлашнинг адолатли ва шаффоф тизими яратилиб, ўрнатилган тартиблар тубдан соддалаштирилади ва бюрократик тўсиқлар бартараф этилади. Шу мақсадда “Е-nomzod” ёпиқ ахборот тизимини яратиш орқали хизматга қабул қилиш жараёнлари тўлиқ рақамлаштирилади. Танлов жараёнида суҳбат ўрнига тест синовлари ва психофизиологик (полиграф) текширувдан ўтказилади.
Кадрлар билан ишлашда ҳам янги тартиб жорий этилди. Унга кўра, хизматга қабул қилинган ходимларга тайинланадиган дастлабки синов муддати бир йилгача узайтирилади. Улар ИИВ Малака ошириш институтида уч ойлик бошланғич касбий тайёргарлик курсларини муваффақиятли тамомлагандан сўнггина лавозимга тайинланадилар.
2023 йил 1 сентябрдан эътиборан ҳуқуқбузарликлар профилактикаси, йўл-патруль ва патруль-пост хизмати бўлинмалари ходимларини “Фуқаролар билан ишлаш модули” бўйича узлуксиз ўқитиш амалиёти йўлга қўйилади. Улар ИИВ Малака ошириш институтида ҳар уч йилда бир маротаба ўқитилади. Махсус синовларни муваффақиятли топширган ходимларга келгусида ушбу соҳада хизмат қилиш ҳуқуқини берувчи сертификат топширилади.
Яна бир муҳим янгилик — ИИВ ва ҳудудий ички ишлар органларида соҳа олимлари, фахрийлари ва журналистлардан иборат маслаҳат-кенгаш органи ҳисобланган жамоатчилик кенгашлари тузилишидир. Кенгашларнинг асосий вазифалари ички ишлар органлари устидан жамоатчилик назоратини амалга ошириш, соҳа бўйича ижтимоий фикрни ўрганиш ва мониторинг қилиб бориш, тизимдаги коррупция ҳолатлари бўйича интернет тармоқларида эълон қилинган хабарларни батафсил ўрганиш ва натижасини кенг жамоатчиликка етказиш ҳисобланади.
— Йўл-транспорт ҳодисалари бугуннинг энг долзарб муаммоларидан бири. Автомобиль йўлларига камера ва радарлар ўрнатилиши ҳам кутилган натижани беради, дейиш қийин. Айтинг-чи, бу муаммонинг яна қандай ечимлари бор, деб ҳисоблайсиз?
— 2022 йил давомида йўллардаги носозликлар ва камчиликлар, ҳаракат қатнашчиларининг қўпол қоидабузарликлари натижасида турли кўринишдаги йўл-транспорт ҳодисалари содир бўлди. 2021 йилдагига нисбатан солиштирилганда уларнинг сони кўпайгани йўқ, лекин юз берган битта йўл-транспорт ҳодисаси ҳам ачинарли ҳолатдир.
Ўтган йили йўлларда инсон хавфсизлигини таъминлаш бўйича давлатимиз раҳбарининг топшириғига асосан республиканинг барча ҳудудида ўзига хос тажрибалар яратилмоқда.
Хусусан, иккита мезон асосида автоҳалокат ўчоқларини бартараф этиш, яъни фожиалар миқдори бўйича йўл участкалари ҳамда ҳайдовчиларнинг ҳуқуқбузарликлари сонига қараб маҳаллаларни “қизил” ва “сариқ” тоифаларга ажратиш бўйича “Бухоро тажрибаси” яратилди.
Шундан келиб чиқиб, жорий йилда ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида “Автомобиль йўлларида инсон хавфсизлигини ишончли таъминлаш ва ўлим ҳолатларини камайтириш бўйича ишлар самарадорлигини ошириш тўғрисида” фармойиш имзоланди.
Ушбу ҳужжат йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш бўйича махсус дастурни, вилоятлар, шаҳар-туманлар ва маҳаллалар кесимидаги “Йўл харитаси”ни ҳамда тармоқ жадвалини ўз ичига олган. Унинг асосида мутахассислардан иборат ишчи гуруҳ ташкил этилди.
Мазкур гуруҳ мутахассислари сутка давомида республикада содир этилган йўл-транспорт ҳодисаларининг сабаб ва омилларини ўрганади, тармоқ жадвали асосида йўл-транспорт ҳодисалари ҳисоби бўйича ҳудудларни “яшил”, “сариқ” ва “қизил” тоифаларга ажратади, автоҳалокат ўчоқларини аниқлайди ҳамда уларни бартараф этиш юзасидан аниқ чораларни белгилайди. Фармойиш ва унда белгиланган талабларнинг асосий мақсади — республика ҳудудида йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олишдан иборат.
Шунингдек, “Ҳудудларда йўл-транспорт ҳодисаларининг барвақт олдини олиш, йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш ва қоидабузарликларга қарши курашиш бўйича маҳаллабай ишлаш тизими самарадорлигини ошириш тўғрисида”ги фармойиш ҳам қабул қилинди.
Унга кўра, маҳаллалардаги йўл инфратузилмаси аҳволини ўрганиш ва назорат қилиш, ижтимоий объектлардаги ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш, ҳудудлар бўйича ўз вақтида профилактик тадбирларни ташкиллаштириш, ҳайдовчиларни тайёрлашни назорат қилишнинг маҳаллабай тизими синов тариқасида жорий этилди.
Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ходимлари маҳаллаларга ҳудуддаги транспорт воситалари, аҳоли сони, автомобиль йўлларининг узунлиги, транспорт воситаларининг оқими, ижтимоий объектлар сонини ҳисобга олган ҳолда бириктирилди. Уларнинг фаолияти аввалгидек вилоятлар миқёсида эмас, балки бундан буён ҳар бир шаҳар-туман ҳамда уларда жойлашган маҳаллалар миқёсида кўрилган самарали ишлар бўйича баҳоланади.
Албатта, амалга оширилаётган бу ўзгаришларнинг барчаси йўлларимизда ҳаракатланиш хавфсизлигини таъминлашга хизмат қилади. Шу билан бир қаторда, ҳар бир ҳаракат иштирокчиси ўз хавфсизлигини, соғлиғини муҳофаза қилиши учун йўл ҳаракати қоидалари талабларига қатъий риоя этиши керак.
— Ички ишлар органлари ходимлари учун касб этикаси масаласи жуда муҳим ҳисобланади. Сиз раҳбарлик қилаётган тизим ходимларининг одоб-ахлоқ қоидаларига риоя этишларини таъминлаш борасида қандай чоралар кўриляпти?
— Бу борада юқорида зикр этилган Президентимиз қарори билан Ички ишлар органлари ходимларининг касбий маданият ва хизмат интизоми кодекси тасдиқланган. Кодексда ходимларнинг маданиятини, билимини ошириш ва тартиб-интизомини мустаҳкамлаш, кучайтириш назарда тутилган.
Ходимларда биринчи ўринда камтарлик қадрланади. Кодексда улардан фуқароларга нисбатан менсимаслик ҳолатлари содир этмаслиги қатъий талаб сифатида белгиланган. Илгари вазир буйруғи шаклида ҳам шундай талаблар бўлган, аммо уларни фақат ходимларнинг ўзлари биларди, фуқароларнинг хабари бўлмасди. Ҳозирги ҳужжатни ҳар бир фуқаро кўриши, билиши мумкин. Фуқаролар ходимлардан кодексдаги қоидаларга риоя этишни талаб қилиш имконига эга.
Кодекс қоидаларини бузган ҳар қандай ходимга нисбатан тегишли чора кўрилади. Керак бўлса, ҳар битта ходим кодексни ёнида олиб юради. Барча ходимлар ундаги қоидаларни ёддан билиши ва сўзсиз амал қилиши керак. Бу бўйича ҳам қўшимча машғулотлар ўтказилмоқда.
Бундан ташқари, кодексда баҳолаш мезони ҳам мавжуд. Ходимларнинг даража олиши, лавозимларга кўтарилиши масалалари, рағбатлантириш меъёрлари ҳам белгиланган. Кодекс талабларини бажармаган ходимлар рағбатлантирилмайди, уларнинг навбатдаги унвонни олиши, юқори лавозимга кўтарилиши тўхтатилади.
Ножўя хатти-ҳаракатларнинг барчаси кодексда аниқ белгиланган. Масалан, ички ишлар ходими уч кун асоссиз ишга чиқмаса, уни ишдан бўшатиш мумкин. Шунингдек, ходимларга хизмат мажбуриятларини бажариш пайтида ва хизмат вақтида ёхуд хизмат кийимида спиртли ичимликлар истеъмол қилиш тақиқланган. Улар фуқароларга ва ҳамкасбларига самимий ва ҳурмат билан муносабатда бўлиши лозим. Шу каби бошқа ҳолатлар ҳам кўзда тутилган.
Агар ходим нотўғри хатти-ҳаракат содир этган бўлса, фуқаролар унинг устидан шикоят қилишга ҳақли. Хизмат текшируви орқали уларнинг хатти-ҳаракатига ҳуқуқий баҳо берилади. Хато қилган бўлса, албатта, чора кўрилади. Кодексда чора турлари ҳам аниқ баён этилган.
— Ижтимоий тармоқларда деярли ҳар куни фош этилган бирор жиноят ҳақида эшитамиз, ўқиймиз. Айтинг-чи, бу ахборотларнинг шаффофлашиши туфайлими ёки чиндан ҳам, жиноятлар сони кўпайганми? Жиноятлар таҳлили нималарни кўрсатади?
— Қайд этиш лозимки, бугунги кунда ички ишлар органлари фаолияти шаффофлигини таъминлаш учун 22 та веб-сайт, ижтимоий тармоқларда эса 70 тадан ортиқ расмий саҳифалар юритилмоқда. Улар орқали 2022 йил давомида 2,5 миллиондан зиёд доимий фойдаланувчиларга маълумотлар тақдим этилди.
Криминоген вазиятни холисона таҳлил қилиш, жиноятларни яширмаслик мақсадида, ходимлар ташаббуси билан аниқланадиган жиноятлар ижобий натижа сифатида баҳолаш тизимига ўтилди. Бу ўз самарасини берди. 2022 йилнинг 12 ойида қайд этилган жиноятларнинг деярли учдан бир қисми ходимларнинг ташаббуси билан аниқланди.
Шу билан бирга, ҳозир мамлакатимизнинг барча ҳудудида жиноятлар секторлар кесимида таҳлил қилиниб, вазиятга маҳалладаги хавфсиз шароит яратилганлигига қараб баҳо берилмоқда. Бундай ёндашув криминоген вазиятни ижобий томонга ўзгартириш учун замин яратмоқда. Агар бундан олти йил аввал жиноятдан холи ҳудудга айланган маҳаллалар улуши 13 фоиздан ошмаган бўлса, бугунги кунда уларнинг улуши 35 фоизни ташкил этмоқда.
Шу даврда ҳар 100 минг аҳолига нисбатан олди олиниши лозим бўлган жиноятлар сони қарийб бир ярим бараварга (216 тадан 153 тага) камайди ва бу кўрсаткич бўйича Ўзбекистон Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги ҳудудида энг хавфсиз давлат ҳисобланади. Энг асосийси, ходимларнинг кундалик фаолияти рақам ва фоиз ортидан қувишга эмас, балки жиноятчиликнинг асл сабабларини бартараф этиш орқали фуқароларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилмоқда.
Лекин эришилган натижалардан ортиқча хотиржамликка берилмасдан, келгусида ҳам аҳолининг тинч ва хавфсиз ҳаёт кечиришини таъминлаш, фаолиятимиз натижасини Президентимиз ва халқимиз кутган даражага етказиш учун ҳар бир ходим тиним билмасдан ишлаши лозим.
Раҳим ШЕРҚУЛОВ («Халқ сўзи») суҳбатлашди.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Мактабларда янги ўқув йили бошланди — Фоторепортаж
- Солиқ инспекцияси ходими 2 синф ўқувчиларидан нимани хоҳлайди (видео)?
- Талабалар диққатига: ижара пулининг бир қисмини қоплаб бериш бўйича онлайн ариза бериш бошланди
- «Мутлақо йўл қўйиб бўлмайдиган ҳолат!»: Давлат солиқ хизмати ва Болалар омбудсмани Қашқадарёдаги ҳолатга муносабат билдирди
- Қирғизистон-Ўзбекистон чегарасидаги узоқ йилдан бери ёпиқ турган назорат-ўтказиш пункти очилади
- Инновацион ишланмалар ва илғор технологиялар намойиши
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг