Қонун лойиҳаси нодавлат архивлар фаолиятини ташкил этиш самарадорлигини оширишга хизмат қилади

09:22 05 Сентябр 2023 Сиёсат
330 0

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Унда дастлаб «Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилди.

Қайд этилганидек, кейинги йилларда мамлакатимизда архив иши ва иш юритиш соҳасида зарур инфратузилма яратилди, архив ҳужжатларини жамлаш, ҳисобга олиш, сақлаш ва улардан фойдаланиш борасида ижобий натижаларга эришилди. Шунингдек, Миллий архив фонди Ўзбекистон халқининг моддий ва маънавий ҳаётини акс эттирган, тарихий, илмий ва маданий аҳамиятга эга бўлган архив ҳужжатлар билан бойитилди.

Тадбиркорлик субъектлари учун архив ҳужжатларининг тўлиқлиги, уларни ҳисобга олиш ва сақлашга қўйиладиган талаблар соддалаштирилди, шу жумладан, архив ҳужжатлари муддатлари қайта кўриб чиқилиб, уларнинг узоқ муддат сақланиши лозим бўлган турлари қисқартирилди.

Шу билан бирга, бугунги кунда нодавлат электрон архивлар ташкил этишни тартибга солувчи тартиб-таомилларни соддалаштириш зарурати мавжуд.

Мазкур қонун лойиҳаси билан ҳужжатларни электрон архивлаш (сақлаш) хизматларини кўрсатувчи нодавлат архивларнинг маълумотлар узатиш тармоқлари хизматларини кўрсатиш учун лицензия олиш талабини хабардор қилиш тартиб-таомилига ўтказишни назарда тутувчи қўшимчалар киритилмоқда.

Фракция аъзолари томонидан муҳокамалар жараёнида мазкур лойиҳанинг муҳим аҳамиятга эга эканлиги қайд этилиб, қонун лойиҳаси нодавлат архивлар фаолиятини ташкил этиш самарадорлигини оширишга хизмат қилишини таъкидладилар. Қонун лойиҳаси фракция аъзолари томонидан маъқулланди.

Кун тартибидаги навбатдаги масала — «Давлат мулкини хусусийлаштириш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси депутатлар томонидан атрофлича кўриб чиқилди ва қўллаб-қувватланди.

Қонун лойиҳаси билан давлат мулкини хусусийлаштиришни амалга ошириш тартиби, яъни, хусусийлаштириш услублари, уларни танлаш мезонлари, танлов савдоларида хусусийлаштириш, музокараларга оммавий таклиф қилиш йўли билан хусусийлаштириш, рақобатга асосланган мулоқат услубида хусусийлаштириш, биржа савдоларида хусусийлаштириш каби жараёнлар тартибга солинмоқда. Узоқ давом этган муҳокамалардан сўнг қонун лойиҳаси фракция аъзолари томонидан маъқулланди.

Йиғилишда фракция фаолиятига тааллуқли бошқа масалалар ҳам кўриб чиқилди.

 

 

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер