Қонун ишламаса – депутатлик сўрови шарт

15:11 18 Декабрь 2025 Жамият
188 0

Бугун қонунлар ва қарорларнинг жойларда қандай ишлаётгани, аҳолини қийнаб келаётган муаммоларга масъул ташкилотлар қай даражада ечим топаётгани, одамлар қандай яшаётгани ва нимадан ташвишда эканига халқ вакили сифатида депутатлар бефарқ қараб турмаслиги керак.

Депутатлар минтақавий парламентларда турли сиёсий партиялар ва сайловчиларнинг турли қатламлари вакили бўлса-да, барчамиз учун умумий вазифа бор — ҳудудларни ривожлантиришнинг ҳуқуқий асосларини шакллантириш, сайловчилар ва бутун аҳолининг ҳуқуқ ҳамда манфаатларини ҳимоя қилишдир.

Шу маънода Самарқанд шаҳридаги “Хўжа Дониёр” ва “Оби Раҳмат” маҳалла фуқаролар йиғинларида амалга оширилаётган ишларга эътибор қаратиш жоиз. Ушбу маҳаллалар бирлашиб, янги Хўжа Дониёр маҳалласи ташкил этилгандан сўнг, маҳалла фаоллари ободонлаштириш ҳамда аҳолини йиллар давомида қийнаб келаётган инфратузилмавий муаммоларни ҳал этиш масаласида мурожаат билан чиқишди.

Мазкур мурожаатлар асосида Самарқанд шаҳар ҳокимлигига депутатлик сўрови киритилди. Сўровга мувофиқ шаҳар ҳокимлиги томонидан маҳаллага чиқиб, муаммоларни жойида ўрганиш, депутат ва маҳалла фаоллари билан бевосита мулоқот қилиш ишлари амалга оширилди. Ўрганиш жараёнида Оби Раҳмат кўчасида бўш турган ер майдонида тадбиркорлар ва фуқаролар кўмагида замонавий стадион ҳамда аҳоли дам олиши учун боғ барпо этиш бўйича келишувга эришилди. Шунингдек, “Хўжапирмайдон” қабристони олдидан ўтувчи йўлнинг торлиги транспорт ҳаракати учун ноқулайлик туғдираётгани инобатга олиниб, йўлни кенгайтириш масаласида маҳалла тадбиркорлари амалий ёрдам кўрсатишга тайёр эканини билдирди. Бу борада тегишли ташкилотлар билан зарур ҳужжатлаштириш ишларини ташкил этиш вазифаси белгиланди.

Шу билан бирга, ҳудудда жойлашган собиқ 3-сон оилавий поликлиника филиалини қайта тиклаш масаласи ҳам атрофлича ўрганилди. Маълум бўлишича, маҳаллада истиқомат қилувчи фуқаро Ботир Набиев ўз маблағи ҳисобидан бино қуриб, маҳалла ихтиёрига берган. Бироқ тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилмагани сабабли бино коммунал тармоқларга уланмаган. Кекса фуқаролар учун қулайлик яратиш мақсадида бинoни маҳалла балансига олиш ва шаҳар соғлиқни сақлаш бўлими томонидан мутахассислар ажратиш бўйича келишувга эришилди.

Албатта, ҳар бир ҳудудда муаммоларга бундай масъулият билан ёндашиляпти, деб айтиш қийин. Айрим жойларда ҳали ҳам ташаббускорлик етишмайди, масъул ташкилотлар эса муаммоларга юзаки муносабатда бўлиб келмоқда. Жамият эса депутатлардан ҳам, ижро органларидан ҳам аниқ натижа, очиқлик ва масъулият кутяпти. Депутатлик сўровлари қоғозда қолмасдан, амалда ечим топиши халқ ишончини мустаҳкамлашнинг энг муҳим шартларидан биридир. Ҳали кўп ишлашимиз керак.

Бадриддин НАСРИЕВ,
халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгаши депутати.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?