Қўмита мажлисида бир қатор қонунлар муҳокама қилинди
Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси мажлисида бир қатор муҳим қонунлар дастлабки тарзда кўриб чиқилди.
Хусусан, «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Қонун маҳаллаларда хавфсиз муҳит яратиш ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш тизими самарадорлигини оширишга йўналтирилган изчил ислоҳотларнинг ҳуқуқий асосларини ривожлантиришга қаратилгани қайд этилди.
Жумладан, ушбу ҳужжат билан маҳаллаларда профилактика тизимини мустаҳкамлаш назарда тутилмоқда ҳамда профилактика кичик инспектори лавозими ва ваколатлари қонунчиликда аниқ акс эттирилмоқда. Бу эса криминоген вазияти оғир ҳудудлардаги маҳаллаларда янги профилактика механизмларини тўлиқ ишга тушириш имконини беради.
Бундан ташқари, маҳалла ҳуқуқ-тартибот масканлари ва таянч пунктлари таркиби, шунингдек, профилактика инспекторларининг (бош, катта инспектор, инспектор, кичик инспектор) ваколатларига ойдинлик киритилмоқда.
Шу билан бирга, жамоат хавфсизлигини ошириш ва янги хавф-хатарларни бартараф этиш ҳам назарда тутилган. Жумладан, портатив лазерли нур тарқатгичларнинг қонунга хилоф муомаласи учун жавобгарлик белгиланмоқда.
Қўмита мажлисида «Атом энергиясидан тинчлик мақсадларида фойдаланиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиришлар ва қўшимча киритиш ҳақида»ги Қонун ҳам муҳокама қилинди.
Сенаторлар таъкидлаганидек, бугунги кунда бутун дунёда аҳоли ва саноатда электр энергиясига бўлган талаб тобора ортиб бормоқда. Экспертларнинг фикрича, Ўзбекистонда иқтисодий тараққиёт, аҳоли сони ва турмуш фаровонлигининг ўсиши натижасида электр энергиясига бўлган эҳтиёж 2030 йилга келиб 120-125 миллиард кВТ соатга етади.
Шу боисдан ҳам кейинги йилларда мамлакатимизда атом энергетикасини ривожлантиришга, энергиядан фойдаланиш хавфсизлигини, иқтисодиёт тармоқларининг барқарор ўсишини таъминлашга қаратилган салмоқли ишлар амалга оширилмоқда.
Қонун билан «Атом энергиясидан тинчлик мақсадларида фойдаланиш тўғрисида»ги Қонунга Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Атом энергияси агентлигининг ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг атом энергиясидан фойдаланиш соҳасида ваколатлари аниқлаштирилишини, шунингдек, Энергетика вазирлигининг атом энергиясидан фойдаланиш соҳасидаги ваколатлари белгиланишини назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.
Қўмита мажлисида криминоген вазияти мураккаб маҳаллаларда жиноятларнинг келиб чиқиш сабаблари юзасидан илмий ёндашувлар асосида ўтказилган ўрганишлар натижаси бўйича ИИВ Академияси ҳамда Жамоат хавфсизлиги университети раҳбарларининг ахборотлари ҳам эшитилди.
Қайд этиш лозимки, Президентимизнинг бевосита ташаббуслари билан мамлакатимизда тинчлик ва осойишталикни, аҳолининг хавфсиз ҳаёт кечиришини таъминлаш борасида ҳам ҳуқуқий, ҳам ташкилий жиҳатдан барча зарур чоралар кўрилмоқда.
Қисқа муддатда соҳага доир алоҳида концепциялар, янгича иш услублари, илмий ёндашувлар ва замонавий механизмлар амалиётга жорий этилди, ҳуқуқ-тартибот идоралари фаолияти буткул такомиллаштирилди, зарур куч ва воситалар билан тўлиқ таъминланди.
Жиноятчиликка қарши курашиш ишларига нафақат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, балки илмий соҳа вакиллари ҳамда бошқа вазирлик ва идоралар, кенг жамоатчилик ҳам тўла жалб қилинган. Энг асосийси, ҳуқуқбузарликларнинг оқибати билан курашиш эмас, балки уларнинг олдини олиш асосий мезонга айланган.
Сўзга чиққанлар криминоген вазияти мураккаб маҳаллаларда жиноятларнинг олдини олиш бўйича манзилли чоралар концепцияси тасдиқланиб, криминоген вазияти бўйича «қизил» тоифада турган маҳаллаларда жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг асл омилларини тизимли равишда илмий ёндашган ҳолда таълим муассасалари томонидан ўрганиб бориш амалиёти ҳам йўлга қўйилганини таъкидлаб ўтди.
Муҳокама якунида кўриб чиқилган масалалар юзасидан Қўмитанинг тегишли қарорлари қабул қилинди.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистонда Касбий таълим агентлиги ташкил этилади
- Рўзиқул Бердиевнинг матбуот анжуманидаги фикрлари юзасидан суриштирув ўтказилади
- Трамп Корея яриморолидаги можарога якун ясашга ваъда берди
- АҚШ Россияга босим ўтказишнинг муқобил усулларини ўрганмоқда
- Ўзбекистоннинг янги траекторияси: Асосий хорижий трансферлар харитаси
- Ҳиндистонда «Монтта» циклони сабабли қарийб 90 минг киши эвакуация қилинди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг