Қўлимиздаги «қотил»

14:15 23 Ноябрь 2022 Жамият
639 0

Фото: Иллюстратив cурат

Бугун мобил телефони кундалик ҳаётимизда энг муҳим воситалардан бирига айланган. Қўлимиздаги шу митти «ақлли» техника биз учун биргина мулоқот воситаси эмас, балки у чегара билмас қизиқишларимизга жавобан исталган ахборот, медиа маҳсулотлар манбаи ҳамдир. Бироқ унинг ҳар қанча афзалликларига қарамай, айнан инсон жисмоний-физиологик саломатлигига жуда катта таъсири борки, бутун дунё олимлари бу ҳақида бонг уришдан асло тўхтаганлари йўқ.

Статистик маълумотларга қараганда, дунёда ҳар 20 нафар инсоннинг биттаси ушбу мобил алоқа нурланишидан азият чекмоқда. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти уяли телефонлар зарарига оид Европа парламентига тақдим этган ҳисоботида инсонларнинг саратон касалига чалинишида уяли телефонларнинг таъсири кучли экани алоҳида қайд этилган. Немис мутахассислари камерали ва камерасиз уяли телефонларда электромагнит нурланиши бўйича тест ўтказишганда, камерали телефонларнинг нурланиши содда уяли телефонларга қараганда кўпроқ бўлганини аниқлаганлар. Нурланиш асосан уяли телефондан сўзлашув вақтида чиқади, лекин «кутиш» ҳолатида у нурланишдан буткул халос бўлмайди, чунки уяли телефон база станциясига ўзининг тармоқ доирасида эканлиги, қўнғироқ, SМS ва шу каби маълумотларни қабул қилишга тайёрлиги ҳақида ахборот бериб туради. Бинобарин, Халқаро саратон тадқиқотлари агентлиги ҳам мобил телефонлар инсонда хавфли ўсмаларни келтириб чиқаришини тасдиқлади. Шу пайтгача бу ҳақида асосан тахминлар айтиб келинган бўлса, эндиликда нуфузли халқаро ташкилотлар ҳам қўл телефонининг зарари ҳақида аниқ фикр билдирмоқда.

Айниқса, буни тунда уяли телефонига «будильник» қўйиб, ёнида олиб ётадиган фойдаланувчилар билиб қўйишлари фойдадан холи бўлмайди.

— Дунё олимларининг эътироф этишича, мобил телефон, айниқса, ёш болалар учун ўта зарарли, — дейди Республика ихтисослаштирилган кўз микрохирургия илмий-амалий тиббиёт маркази Фарғона филиали директори Абдураззоқ Шерматов. — Электромагнит тўлқинлар инсон ирциятидаги тартибнинг бузилиши, ҳужайралар фаолиятининг издан чиқиши ҳамда организмдаги маълум бир касаллик вирусларининг фаоллашувига сабаб бўлади, кўпинча хавфли ўсмаларни «уйғотади».

Испаниядаги невродиагностика илмий текшириш институти олимларининг фикрича, 11-13 ёшли болалар қўл телефони орқали икки дақиқа гаплашса, уларнинг бош миясидаги биоэлектрик ўзгаришлар икки соатча сақланиб қолар экан. Болалардаги безовталанган мия фаолияти руҳий муаммолар ва ўқиш қобилиятининг пасайишига олиб келади. Бундан ташқари, мобил телефонлар болаларнинг организми, бўйининг ўсиши, иммунитети ва диққатини жамлашига салбий таъсир кўрсатади. Қолаверса, телефондаги ўйинларни узлуксиз ўйнаш оқибатида болаларда умуртқа поғонасининг қийшайиши, кўз хасталиклари кузатиляпти. Шу билан бирга ёшлар орасида агрессивлик, депрессия, виртуал ҳаётда яшашга мойиллик авж олиб бораётгани янада ачинарли.

— Охирги вақтда дунёда нутқ бузилиши ҳамда ақлий жараёнлар билан боғлиқ муаммолардан азият чекаётган болалар сони сезиларли кўпайган, — дейди Фарғона политехника институти психологи Зийнат Қодирова. — Нутқ бузилишининг сабабларидан бири - бу телефонлардаги маълумотларнинг ҳаддан ташқари кўп юкланишидир. Сўнгги вақтларда ёшлар орасида телефон, айниқса, интернетга қарамлик ошиб, уларнинг психологик ривожланишига ҳам ўзининг ёмон таъсирини кўрсатаётир. Уяли телефон ақлий қобилиятни пасайтириб, асабийлашишга олиб келади, ўқувчи-талаба ва унинг атрофидагиларни фойдали машғулотлардан чалғитади.

Электромагнит тўлқинлари ҳамиша саломатлик учун зарарли, деб ҳисоблаб келинган. Агар у тўғридан-тўғри ҳар куни қулоққа йўналтириб турилса, унинг ичкарисидаги эшитиш ҳамда кўриш аъзолари (кўз тўр пардаси) фаолиятини таъминлайдиган асаб тўқималарига таъсир кўрсатади. Баъзи одамлар гоҳо кунига соатлаб мобил телефонини қулоқларидан олишмайди. Бироқ айни шу вақтда организм нақадар зўриқаётганини унутмаслик керак.

Бош мия тўқималарининг зарарланиши, айрим тадқиқотчилар фикрига кўра, бирданига эмас, балки орадан 15-20 йил ўтгачгина яққол намоён бўлади. Шу сабабли улар яқин келажакда бош мия ўсмаси билан хасталанган одамлар сони кескин ошиб кетади, деб ҳисоблашмоқда. Демак, бу каби электромагнит нурланиш ҳосил қиладиган воситалардан фойдаланиш меъёрини белгилаб олсак, ўзимиз ҳамда наслимизни асраган бўламиз.

Ботир Мадиёров, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?