Қизилқумнинг ўзига хос Лас-Вегаси

11:10 15 Апрель 2025 Жамият
72 0

Темур ЭШБОЕВ/«Халқ сўзи». Зарафшон шаҳрининг АҚШдаги Лас-Вегас шаҳри билан бир қатор ўхшашликлари мавжуд. Биринчидан, ҳар иккиси ҳам бийдай чўлнинг қоқ марказида жойлашган бўлса, иккинчидан, улар истеъмолидаги обиҳаётнинг тўқсон фоиздан ортиғи олисдан тортиб келинган. Ва ҳоказо...

Яқинда бу ўхшашликлар қаторига яна бир жиҳат қўшилиши режалаштирилмоқда. Яъни шаҳардаги «Марварид кўл»га туташ ҳудудда бетакрор лойиҳага қўл урилди.

Шу ўринда таъкидлаш жоиз, «Марварид кўл» атрофида бугунги кунда бир қанча лойиҳалар қад ростлаган бўлиб, уларнинг аксарияти Ўзбекистон доирасида ягона ҳисобланади. Хусусан, бу ерда елканли сув спорти мажмуаси ҳамда ҳаво шари шаклидаги спорт залида йўлга қўйилган лойиҳалар нафақат кўнгилочар, балки профессионал спортчиларни ҳам тарбияламоқда.

Оқшом тушиши билан кўл сатҳида денгиз руҳини кузатиш мумкин. Катта-кичик елканли кемаларда саёҳат, турли-туман ҳордиқ чиқариш масканлари, ранг-баранг чироқлар ҳозирча Қизилқумда ўзига хос мини Лас-Вегаси ҳисобланади.

Орзуга айб йўқ. Улкан режаларни олдига қўйган зарафшонликлар янада кўпроқ қулайликлар эга бўлиш ва бўш вақтларини мазмунли кечиришга йўналтирилган яна бир янги лойиҳага қўл уришди. Унга кўра чўлнинг бетакрор экстремал туризмини ўзида акс эттирган ушбу лойиҳага «Янги Зарафшон» маҳалласи ҳудудидан 30 гектар ер майдони ажратилиб, Туркиянинг «Сигма Тошкент» компанияси томонидан мини шаҳарчанинг мастер-режаси ишлаб чиқилди.

— Мазкур режа асосида замонавий бозор, кўнгилочар парк, беш юлдузли меҳмонхона, экстремал ҳудуд, дала ҳовлилар ва хизмат кўрсатиш, бунгало ва капсула шаклидаги уйлар, замонавий аквапарк сингари лойиҳалар амалга оширилади, — дейди Зарафшон шаҳри ҳокими Назирбек Раҳмонов. — Қиймати 70 млн. АҚШ доллари бўлган ушбу лойиҳалар амалга ошгач, кўл атрофида янги замонавий беш юлдузли меҳмонхоналар, йирик ва ўрта ҳажмдаги хизмат кўрсатиш объектлари, халқаро стандартларга мос савдо маркази, 100 га яқин туристик тураржойлар қурилади. Бу ўз навбатида, янги иш ўринларини яратиш имконини беради.

Дарвоқе, ушбу лойиҳаларни амалга оширишда зарафшонликлар тадбиркорларни ҳамкорликка чорламоқда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?