Қизилқум яйловларига мўғул қўйлари келтирилмоқда
Темур ЭШБОЕВ/“Халқ сўзи”. Ота-боболаримиз “деҳқон деҳқонга бир йилда, чўпон чўпонга қирқ йилда етади”, деб бежиз айтмаган. Дунё мўйна бозорида қоракўл териларга талаб пасайиши ва бошқа муайян сабаблар туфайли Навоий вилоятида чорва хўжаликларининг иқтисодий депсиниши анча чўзилиб кетди. Чорва бош сони камайиб, олис овулларда ота-бобо касбини улуғлаб келаётган чорва сулолалари оғир ижтимоий аҳволга тушиб қолганлиги, Қизилқум яйловларидан чорва йўлида фойдаланиш самарадорлиги пасайиб кетганлиги бугуннинг ҳақиқати.
Мамлакатимиз Президенти 2024 йил 1 ноябрь куни “Навоий вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича қўшимча имкониятларни ишга солиш ҳамда амалга оширилиши лозим бўлган асосий вазифалар”га бағишлаб ўтказилган йиғилишда мазкур масалани таҳлил этаркан, Конимех тумани ҳокими ва Республика Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитасига 2024-2026 йилларда Монголия давлатидан 20 минг бош гўшт ва жун йўналишидаги қўй-эчкиларни олиб келиш, шу жумладан уларнинг 10 минг бошини 2024 йил якунига қадар олиб келиш вазифасини белгилаган эди.
Ушбу топшириқлар ижроси доирасида Конимех тумани ҳокими раҳбарлигида чорвачилик йўналишида фаолият юритувчи бир гуруҳ тадбиркорлар Монголия давлатига хизмат сафарида бўлиб, гўшт ва жун йўналишидаги “Баят“ зотли қўй-эчкиларни олиб келиш бўйича битимлар имзоланишига эришди.
— Ушбу зотдаги қўйларнинг иқлим шароитимизга мослиги мамлакатимизнинг ветеринар олимлари томонидан чуқур ўрганилди, — дейди Республика Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси раиси ўринбосари Аброр Акбаров. — “Баят“ зотли қўйлар гўшт-жун йўналишида бўлиб, уларнинг тирик вазни 70-80 кг, қўчқорлари 100-120 кг гача етади, гўшт чиқими тирик вазнига нисбатан 60 фоизни ташкил этади.
Имзоланган битимлар доирасида яқинда Навоий халқаро аэропортига биринчи босқичида “Баят“ зотли қўйларнинг 1000 бошга яқини олиб келинди. Улар вилоятда яйловлардан самарали фойдаланиш ташқари чорвачилик маҳсулотларини етиштириш ҳажмларини ошириш ҳамда янги иш ўринлари яратилишига хизмат қилади.
Жониворларнинг парваришини Конимех туманида тўғри ташкил этиш мақсадида омихта ем ва дағал озуқалар захираси яратилиб, тажрибали мутахассислар бириктирилди.
Чорва молларини олиб келиш ишлари давом этмоқда. Келгусида четдан олиб келинадиган чорва сонини 50 мингга етказиш режалаштирилган.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Тинчлик сулҳи шартлари бажарилмоқда: Ғазо 3 нафар, Исроил 90 нафар маҳбусни ватанига қайтарди
- Шавкат Мирзиёев аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартиришга оид муҳим қарорни имзолади
- “Энг яхши мақолалар” танлови ғолиблари аниқланди
- Ўзбекистонда 2025 йил 1 апрелдан электр энергияси ва газ нархлари оширилади
- Вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тизими такомиллаштирилмоқда
- Ҳарбий хизматни ўташ билан боғлиқ тартиблар янгиланади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг