Қирлишон массивида саксовулзорлар барпо этилмоқда
Бухоро вилояти Олот тумани Қирлишон массивидаги 40 минг гектардан зиёд майдонда саксовулзор барпо этилмоқда. Бу юмушга қирққа яқин ҳайдов техникаси, 150 нафардан зиёд ишчи жалб этилган. 100 тоннадан ортиқ саксовул уруғини экиш чора-тадбирлари кўрилаяпти.
— Саҳро экотизимини муҳофаза қилишда саксовулнинг ўрни ниҳоятда катта, — дейди вилоят Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси масъул ходими Н. Ибодов. — Улар ерга чуқур томир ёзади. Шунинг эвазига ер ости сувларидан озиқланади. Қурғоқчиликка чидамли. Муҳими, саксовуллар чўл тупроғини тутиб, чанг-тўзон йўлига тўсиқ бўлади.
Саҳронинг бу бебаҳо ўсимлиги барги туя ва қўйлар учун озуқа ҳам саналади. Улар ёнганида ўзидан катта миқдорда иссиқлик ажратиб чиқаради. Шўрликнинг айни шу хусусияти неча ўн йиллар давомида унинг умрига зомин бўлди. Одамлар саксовулни ўтин қилиб ёқишди. Оқибатда чўллардаги бир қисм саксовулзорлардан асар ҳам қолмади. Агар саксовулнинг нисбатан секин ўсадиган ўсимлик экани инобатга олинса, бу катта йўқотиш бўлгани сир эмас. Қолаверса, саксовулни экиш, уни ундириш, бута шаклига келтириш ўз-ўзидан бўлмайди. Вилоят давлат ўрмон хўжалиги мутахассислари буни яхши билишади.
Шу ўринда нега айнан Қирлишондаги шундай бепоён ҳудудда “яшил қоплама” барпо этилмоқда, деган савол туғилиши табиий. Вилоят ҳокими Б. Зариповнинг воҳа маданий-этнографик ва меъморий ўзлигини сақлаш ҳамда уни халқаро ҳамжамиятга янада кенг таништириш чора -тадбирларга доир ўтказилган тақдимотда таъкидлашича, мутахассисларни жалб этган ҳолда чанг-тўзон кўтарилиши билан боғлиқ нохуш экологик вазият ўрганилган. Кузатишлар эса кўп ҳолда вилоятнинг айнан шу саҳродан иборат жанубий ҳудуди орқали кучли шамол эсишини, оқибатда чанг, қум ва туз заррачалари осмонга кўтарилишини кўрсатмоқда. Бинобарин, асосий мақсад вилоятнинг бошқа чўл ҳудудлари қатори шу ерда ҳам “яшил қоплама” барпо этиш орқали воҳадаги иқлим ўзгаришларининг салбий таъсирини юмшатишдан иборатдир.
Истам ИБРОҲИМОВ, “Халқ сўзи”.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Тинчлик сулҳи шартлари бажарилмоқда: Ғазо 3 нафар, Исроил 90 нафар маҳбусни ватанига қайтарди
- Шавкат Мирзиёев аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартиришга оид муҳим қарорни имзолади
- “Энг яхши мақолалар” танлови ғолиблари аниқланди
- Ўзбекистонда 2025 йил 1 апрелдан электр энергияси ва газ нархлари оширилади
- Ҳарбий хизматни ўташ билан боғлиқ тартиблар янгиланади
- Вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тизими такомиллаштирилмоқда
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг