“...Қаю панжаким, панжаи офтоб”

16:04 06 Февраль 2024 Маданият
579 0

Фото: Архив сурат

Даҳо шоир Алишер Навоий нафақат ижодий мероси, балки ҳаёти, эзгу фазилатлари билан ҳам биз, авлодларга доимий ибрат намунасидир. Хусусан, унинг устозларига муносабати, меҳр-муҳаббати, бу инсонларни беҳисоб ардоқлаши, камтарлиги кишига ҳавас ва ифтихор бахш этади.

Буюк мутафаккирнинг бу хислатлари унинг “Садди Искандарий” достонининг якунловчи 89-бобида кўзга яққол ташланади. Ушбу боб нафақат бешинчи достон, балки муҳташам “Хамса”нинг якунловчи қисмидир. Ҳазрат Навоий “Хамса” достонларида ўзининг нек нияти, муддаолари, олдига қўйган олий мақсади, уни ёзишга қизғин тайёргарлик кўриши, илҳомий онлари, маълум муддат ёза олмай қолган пайтларидаги тушкун кайфияти, чеккан машаққатлари ёхуд Аллоҳдан мадад ва нажот сўраб қилган илтижолари ёки сўз, қалам, қоғоз, довотига мурожаатлари, тавба ҳамда тазаррулари ҳақида жуда таъсирли, ибратомуз байтлар ёзган.

Шу билан бирга, ҳар бир достони аввалида Низомий Ганжавий, Хусрав Деҳлавий, Абдураҳмон Жомий каби хамсанавис устозларини шарафлаб алоҳида боблар битган. Уларда хамсачилик мактаби ва асосчиси, анъана ҳамда новаторлик масалалари, ижод жараёни, услуб жилолари, тарихий ва адабий далиллар хусусида гапирган.

“Садди Искандарий”нинг 89-бобида бахту иқболи қўллаб, юксак орзулари рўёбга чиқиб, “Хамса”ни тугатгани хусусида ва беш достон номи, мазмуни ҳақида тўлқинланиб ёзаркан, устозларига самимий дил изҳорларини билдиради, уларни шарафлайди ва алқайди. Бундай гўзал муносабат достоннинг кўплаб ўринларида келган, аммо биз мақола ҳажмини ҳисобга олиб, баъзиларини таҳлил ва талқин этишга ҳаракат қилдик.

Биринчидан, Алишер Навоий бобнинг дастлабки тасвирида хамсачилик мактаби ҳақида сўз очади ва панжа, қўл, илик сўзларини образли ифода тарзда қўллайди. Ифтихор туйғуси билан Низомийни илк хамсанавис сифатида таништиради ва унинг “Панж ганж”ини образли ифода шаклида “панжаи офтоб” дея шарафлайди:

Не панжа эрур, “Хамса”и ганжсанж

Ки, доно қўюбтур отин “Панж ганж”.

Қаю “Хамса”ким, махзани дурри ноб,

Қаю панжаким, панжаи офтоб.

Иккинчидан, “Садди Искандарий”ни ёзишга қўл урган ҳазрат Навоий гоҳида буюк замондоши Жомийнинг “Бийик ҳимматидин мададкорлиқ” истаб ва дуо сўраб унинг ҳузурига тез-тез бориб турганини айтган. Тасвирда у қулф ва калитни маҳорат ила образли ифода билан қўллаб, Жомий каби буюклар дуоси қулфни очувчи калит эканини тўлқинланиб ёзади:

Ки, ҳар қуфлким фатҳидур нопадид,

Анга бор эранлар дуоси калид.

Жомий дўсти Алишер Навоийга кенг фикр, юксак ижодий онг ва тафаккур соҳиби эканини гапириб, “Ки, сўз таври келди сенинг шаънинга”, “Сўз ичра сенга паҳлавонлиқ доғи”, “Умид улки, бўлғай муяссар сенга”, дея катта умид беради.

Учинчидан, Алишер Навоий якунланган “Хамса” қораламасини ғилофга солиб, яъни “Саводин солиб жузвдоним аро”, дея Жомий ҳузурига равона бўлади. Унга “Хамса” хотимаси хусусидаги хушхабарни айтади ва кўнгли тўлиб устозини “...мададкор анинг ҳиммати”, “Не иш тушса, ғаврумға етгучи ул”, дея олқишлайди.

Тўртинчидан, ҳазрат Навоий ўзини ростлаб олгач, “Узун умрлар анда сарф эттилар”, деган юксак эътироф билан Низомий Ганжавийни “Низомийки, назм аҳли устодидур”, Хусрав Деҳлавийни эса “Ки, сўз бирла олди Ажам то Араб”, деб улуғлайди. Шарқ мумтоз адабиётининг Саъдий Шерозий, Абулқосим Фирдавсий, Аҳмад Унсурий, Саноий, Ҳоқоний, Анварий каби буюк сўз усталарини, ҳатто унга рубоий ёзиб “Сўз мулкининг Соҳибқирони, қаҳрамони” дея шарафлаган мунаққиди Султон Ҳусайн Бойқарони талмеҳ санъати воситасида ёдга олади. Уларга ҳурмати ва бой ижодий меросига қизиқиши баландлигини эслаб ўтади.

Бешинчидан, “Хамса”ни басмала билан бошлаган Алишер Навоий асар хотимасида фахрия усулида ўзига мурожаат қилиб, Тангрининг карами, марҳамати, инояти билан олий мақсади раво бўлганига олам-олам шукроналар изҳор қилади:

Навоий, қилиб Тенгри коминг раво,

Сенга рўзи этти ажойиб наво.

Узот Тенгри шукри навосиға тил,

Наво ортуқ истар эсанг, шукр қил!

Мухтасар айтганда, “Садди Искандарий”нинг биргина мазкур боби тасвири, талқини буюк мутафаккир шоирнинг қалб ва ижод оламини намоён этади.

Буробия РАЖАБОВА,

ЎзРФА Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори

институти етакчи илмий ходими,

филология фанлари номзоди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?