Қашқадарёдаги Наврўз сайлида газбаллон портлашига сабабчи бўлган йигит қамалди

12:38 15 Август 2024 Жамият
202 0

Фото: Видеодан кадр

Кўкдала туманида Наврўз сайлида газбаллон портлашига сабаб бўлган йигитга ҳукм ўқилди. Бу ҳақда “Халқ сўзи”га Олий суд матбуот котиби Азиз Обидов маълум қилди.

Суд ҳукмда келтирилишича, 2002 йилда Чироқчи туманида туғилган, Тошкент Иқтисодиёт ва технологиялар институти талабаси бўлган Б.Ш. Кўкдала туманида ўтказилган Наврўз байрами сайлига 27 литр сиғимдаги газбаллон олиб борган. У сайлда балиқ пишириб сотмоқчи бўлган.

Профилактика инспектори йигитга бир неча бор газбаллонини аҳоли тўпланиб турган ҳудуддан четроққа олиш ёки ерга кўмишини айтган. Аммо Б.Ш. эҳтиёткорлик чора-тадбирларига амал қилмасдан, газбаллонга газ плитасини ўрнатиб, ундан фойдалана бошлаган. Кўп ўтмай газбаллон портлаб кетган.

Ҳодиса оқибатида 7 киши ўртача оғир, 7 киши оғир тан жароҳати олган. Бир киши эса 80 фоиз куйиш жароҳати билан шифохонага ётқизилган. Бироқ бемор аёл 2024 йил 25 апрель куни шифохонада вафот этган.

Б.Ш. судда айбига тўлиқ иқрорлик билдирган. У шунингдек, қилган ишидан пушаймонлиги, эҳтиётсизлик қилганини айтиб, суддан ўзига нисбатан қонуний енгиллик беришни сўраган.

Суд Б.Ш.ни Жиноят кодексининг 102-моддаси 1-қисми (Эҳтиётсизлик орқасида одам ўлдириш) ва 111-моддаси 3-қисмида (Эҳтиётсизлик орқасида икки ёки ундан ортиқ шахс баданига ўртача оғир ёки баданга оғир шикаст етказиш) назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топган.

Унга нисбатан 2 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. Йигитга қўлланган муносиб хулқ-атворда бўлиш ҳақидаги тилхат эҳтиёт чораси ўзгартирилиб, у суд залида қамоққа олинган.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер