Қашқадарёда юқори технологияли жарроҳлик амалиёти ўтказиш салмоғи ошиб бормоқда

16:42 30 Январь 2024 Жамият
277 0

2023 йилда Қашқадарё вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази ҳамда Республика шошилинч тиббий ёрдам маркази Қашқадарё филиалида 10 нафар беморда буйрак кўчириб ўтказиш амалиётлари бажарилган.

Бу ҳақда Қарши шаҳридаги Журналистлар уйида “Вилоятда ихтисослаштирилган тиббий хизматни ташкил этиш” мавзусида ўтказилган матбуот анжуманида Қашқадарё вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Алишер Бобоев айтиб ўтди.

— Ваҳоланки, шу пайтгача бу турдаги мураккаб жарроҳлик амалиётларини фақат хориж ва пойтахтнинг нуфузли клиникаларидагина бажариш мумкин эди, — дейди у. — Мамлакатимизда тиббиёт соҳасини ривожлантиришга қаратилаётган юксак эътибор, соҳага энг замонавий тиббий технологияларнинг олиб келинаётгани, яратилаётган шарт-шароитлар чекка ҳудудлардаги тиббиёт муассасаларида ҳам мана шундай юқори технологияли тиббий амалиётларни бажариш имконини бермоқда.

Алишер Бобоевнинг қўшимча қилишича, бундан ташқари, ўтган йили вилоятдаги ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказларида 134 нафар беморда эндопротез қўйиш, 94 нафарида нейрожарроҳлик, 240 нафарида ошқозон-ҳазм тизими, 33 нафарида урологик, 791 нафарида офтолмологик ҳамда 2133 нафарида кардиожарроҳлик йўналишидаги юқори технологияли жарроҳлик амалиётлари ўтказилган.

Шунингдек, матбуот анжуманида вилоятда тиббий хизмат кўрсатиш сифатини янада юксалтириш йўлида амалга оширилаётган ишлар, келгусидаги мақсад ва вазифалар борасида кенг маълумотлар берилди.

Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер