Қарз қиёматда қолмасин
Истам ИБРОҲИМОВ/«Халқ сўзи». Бухоро вилоят мусиқали драма театрида «Қиёмат қарз» спектаклининг премьераси бўлиб ўтди. Таниқли ёзувчи Ўлмас Умарбеков қаламига мансуб ушбу асар режиссёр Бўрон Акобиров томонидан саҳналаштирилди.
— «Қиёмат қарз» кўпчиликка яхши таниш , — дейди театрнинг адабий бўлими мудири Моҳигул Назарова. — Кекса авлод вакиллари ундаги Сулаймон ота ролини Ўзбекистон халқ артисти Шукур Бурҳонов талқинида кўришган. Жуда катта тарбиявий аҳамиятга эга бу драма мана, неча ўн йилдирки, ҳалоллик, одамийлик, бедор виждон тараннуми сифатида қадрланиб келмоқда. Унинг бугунги ёшлар тарбиясида алоҳида ўрни бор.
Дарҳақиқат, «Қиёмат қарз»да бировнинг ҳақига хиёнат этмаслик, ўзгалар ўй-ташвишини худди ўзиникидек қабул қилиш, виждонли бўлиш каби инсоний фазилатлар улуғланган. Премьерадан олдин театр директори, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Й. Генжаев, режиссёр Б. Акобиров сўз олиб, асарнинг мана шу жиҳатларига эътибор қаратди.
Спектаклдаги бош ролни истеъдодли актёр Бахтиёр Нажмиддинов талқин этди. Театрнинг Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Раъно Ҳошимова, Рўзигул Қандова, Туроб Жумаев сингари тажрибали актёрлари қаторида Бахтиёр Пирматов, Дилафрўз Кенжаева, Нафиса Саидова каби истеъдодли ёшлар ҳам ўзларига топширилган ролни қиёмига етказиб ижро қилишган.
Ўзбекистон халқ артисти Шукур Бурҳонов таваллудининг 115 йиллиги ва Иккинчи жаҳон урушида қозонилган ғалабанинг 80 йиллигига бағишлаб саҳналаштирилган асар томошабинлар томонидан илиқ кутиб олинди.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- “Башакшеҳир” Туркиянинг гранд клуби билан дуранг ўйнади
- Ўзбекистон миллий терма жамоаси учун Жаҳон чемпионати қуръаси омадли ўтдими?
- Саккизта гол урилган ўйинда “Барселона” ғалаба қозонди
- Ўзбекистон терма жамоасининг Жаҳон чемпионатидаги ўйин саналари эълон қилинди
- АҚШ Европадан НАТО мажбуриятларининг асосий қисмини ўз зиммасига олишни талаб қилди
- Германияда ўқувчилар ҳарбий чақирувга қарши намойишга чиқди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг