Қарши давлат университетида янги объект фойдаланишга топширилди

18:06 30 Июль 2024 Жамият
202 0

Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ/«Халқ сўзи». Қарши давлат университетида янгидан барпо этилган Туризм амалиёт маркази ҳамда Муқобил энергия манбаларидан фойдаланиш лабораторияси фойдаланишга топширилди.

Шу муносабат билан ташкил этилган тантанали тадбирда Олий таълим, фан ва инновациялар вазири Қўнғиротбой Шарипов, университет раҳбарияти ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Таъкидлаш жоиз, Туризм амалиёт маркази 4 юлдузли меҳмонхона андозасида барпо этилган бўлиб, эндиликда университетнинг туризм ва меҳмондўстлик таълим йўналишида таҳсил олаётган талабалар бевосита амалиёт ўташи мумкин.

Марказ меҳмонларни кутиб олиш, жойлаштириш, умумий овқатлантириш хизматлари, анжуманлар зали ва ўқув хоналарини ўз ичига олган.

Муқобил энергия манбаларидан фойдаланиш лабораторияси фотоэлектрик қуёш қурилмаларини ишлашини ва қуёш панелларида ишлаб чиқарилган электр энергияси мониторингини олиб боришга мўлжалланган бўлиб, бу ерда муқобил энергия манбалари йўналишида таълим оладиган талабалар амалиёт ўташи, ёш олимлар илмий-тадқиқот ишларини олиб бориши учун барча шароит яратилган.

— Сўнгги йилларда университетда замонавий бинолар қад ростлаб, моддий-техник база янгиланди, — дейди университет ректори, профессор Дилмурод Набиев. — Янги ўқув йилини янада яхшиланган шароитларда қарши олмоқчимиз. Чунки сифатли таълим учун яратилаётган бу имкониятлар талаба-ёшларнинг келгусида билимли ва дунёқараши кенг кадрлар бўлиб камол топишида муҳим пойдевор вазифасини ўтайди.

Шу куни вазир бошчилигидаги масъуллар олий таълим муассасасининг Биокимё ва Микробиология ўқув лаборатория хоналари, Академик фаолият ва регистратор бошқармасини бориб кўришди. Жорий йилда фойдаланишга топширилиши режалаштирилган 1000 ўринли ўқув биносида бўлиб, ишларни сифатли амалга ошириш бўйича тегишли тавсия ва кўрсатмалар берилди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?