Қандай дори ва озиқ-овқатлар анафилактик шокни келтириб чиқариши мумкин?

— Тадқиқотларга кўра, анафилактик реакциялар 46,5 фоиз ҳолатда дори-дармонларни қабул қилиш оқибатида юзага келади. Бунга сулфаниламидлар, антибиотиклар, талваса (судороги) ва яллиғланишга қарши препаратлар, силга қарши дорилар, зардоблар ҳамда таркибида ёд сақловчи контраст моддалар сабаб бўлиши мумкин, — деди Республика илмий ихтисослаштирилган аллергология маркази директори Илмира Разикова.
Баъзи ҳолларда яллиғланишга қарши ностероид дорилар, аспирин ва унинг аналоглари, қолаверса, турли витаминлар ҳам хасталикни қўзғатиш хусусиятига эга.
Анафилактик шокнинг иккинчи энг кенг тарқалган сабаби (31 фоиз ҳолатда) озиқ-овқат аллергиясидир. У егуликлар таркибидаги оқсиллар, баъзан оқсилсимон моддалар таъсирида вужудга келади. Уни маълум бир таом ёки ноз-неъмат истеъмолидан сўнг дарҳол пайдо бўладиган иммунитет тизими реакцияси сифатида баҳолаш мумкин.
Болаларда касаллик кўпинча онанинг ҳомиладорлик ёки эмизикли даврида нотўғри овқатланиши сабабли ривожланади.
Қолаверса, кичкинтойлар севиб истеъмол қиладиган сигир сути — кучли аллергия қўзғатувчи маҳсулот. Товуқ тухуми ҳам кенг тарқалган аллергенлар жумласидан. У овалбумин, овомуеоид, овотрансферрин ва овомутсин оқсиллар гуруҳларини ўз ичига олади.
Балиқ — кучли антиген. Унинг гўштида парваалбумин ва тропомиозин оқсил гуруҳлари мавжуд. Буғдой ва соя ҳам баъзида аллергик реакцияларни келтириб чиқаради.
Гўшт маҳсулотлари орасида эса парранда ва от гўшти бошқаларига нисбатан кўпроқ антиген хусусиятга эга. Цитрус мевалар, қулупнай ва ертут ҳам кўпроқ аллергия қўзғайди.
Катталарда бундай патология ривожланишига сабаб бўлувчи озиқ-овқат маҳсулотларидан биринчиси ерёнғоқдир. У кўп ҳолларда анафилактик реакцияни келтириб чиқаради. Шунингдек, бошқа турдаги ёнғоқлар, кунжут, асал, шафтоли, узум, малина, сабзи, шоколад, кофе ва какао аллергия чиқарувчилар рўйхатидан жой олган.
Анафилактик шок 20 фоиз ҳолатда ҳашаротлар чақиши туфайли ҳам пайдо бўлиши аниқланган.
Бу хасталикка аниқ ташхис қўйиш учун кенгайтирилган аллергоанамнез ва аллергологик синамалар, қон ҳамда аллергенлар таҳлили, тери биопцияси ва гистологик кўриклар талаб этилади.
Хасталик аниқланган беморларни зудлик билан интенсив терапия бўлимига ётқизиш зарур.
Аммо кўпчилик беморлар анафилактик шок ҳолати бартараф этилиб, саломатлиги ўнгланиши билан муолажаларни тўхтатиб қўядилар. Бу жуда катта хато.
Ваҳоланки, кучли аллергик реакцияни келтириб чиқарувчи омиллар аниқланиб, унга қарши зарур тиббий чоралар кўрилмагунича анафилактик шокнинг такрорланиш хавфи сақланиб қолаверади.
Бугунги кунда Республика илмий ихтисослаштирилган аллергология марказида ушбу касалликка аниқ ташхис қўйиш баробарида, уни самарали даволаш усуллари йўлга қўйилган.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Эрон ва Исроил ўртасидаги зиддиятлар хронологияси ёхуд бугунги «уруш»нинг илдизи қаерда?
- Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Исроил–Эрон можароси юзасидан баёнот берди
- «Air India» фожиасидаги тирик қолган ягона йўловчи ҳикояси
- Шомуродовнинг кўз ёшлари, Файзуллаевнинг рақси ва мухлислар ҳайқириғи — Мундиал эшикларини очган ўйиндан фоторепортаж
- Тошкент давлат тиббиёт университетининг «Битирувчи – 2025» тантанали маросими бўлиб ўтди
- «ЖЧ-2026»га Осиёдан тўғридан-тўғри йўлланмани қўлга киритган терма жамоалар маълум
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг