Қамчиқ довонида йирик сайёҳлик лойиҳаси амалга оширилади
Осмонўпар тоғлар эгаллаган Қамчиқ довони ўзининг бетакрор табиати ва дилтортар манзаралари билан файзли. Бу ердан ўтган Фарғона водийси ва пойтахтни боғловчи трассанинг Наманган вилояти тасарруфидаги қисмида замонавий канат йўли ва йирик дам олиш мажмуаси қурилиши бошланмоқда.
Лойиҳа умумий майдони 90 гектарни ташкил этади. Ҳудуд сайёҳлик тизимида янги босқични бошлаб берувчи мазкур лойиҳа Австрия ва Швейцариянинг машҳур “Доппелмайр / Гаравента Гроуп” компанияси билан ҳамкорликда амалга оширилади. Жаҳонда ўз ўрнига эга ушбу компания ҳозирга қадар дунё бўйича 96 та давлатда 15 мингдан ортиқ канат йўлларини барпо этган.
Кеча Наманган вилояти ҳокими Шавкат Абдураззоков “Доппелмайр / Гаравента Гроуп” вакиллари — Жоҳаннес Триебник, Валерий Яшин ва Евгений Куприн билан учрашди. Мулоқот чоғида лойиҳанинг техник тафсилотлари, иқтисодий самараси ҳамда ҳудуд учун стратегик аҳамияти муҳокама қилинди.
— Наманганнинг табиати туризм учун аллақачон тайёр эди, энди унга муносиб инфратузилма керак, холос. Бугун одамлар Қамчиқдан йўловчи сифатида ўтишади, биз эса эртага бу жойда дам олиш истагини уйғотамиз, — дейди вилоят раҳбари.
Лойиҳа маҳаллий ташаббускори ва молиячиси — наманганлик йирик тадбиркор, “Аisha group” компанияси раҳбари Жобирхон Камолитдинов ҳисобланади. Катта иш амалга ошиши билан Наманган вилояти нафақат водийда, балки бутун Марказий Осиёда тоғ туризмининг янги марказига айланиши кутилмоқда.
Қудратилла НАЖМИДДИНОВ,
«Халқ сўзи».
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- АҚШ ва Британия Сурия муваққат президенти Ахмад аш-Шаръани «қора рўйхат»дан чиқарди
- G20 саммитининг Жанубий Африкада ўтказилиши шармандали ҳолат – Трамп
- Ўзбекистон U-17 терма жамоаси Жаҳон чемпионатидаги иккинчи ўйинида мағлуб бўлди
- Машинада хавфсизлик камарини тақиш мумкин бўлмаган касалликлар рўйхати тасдиқланади
- Ўзбекистон миллий терма жамоасининг халқаро мусобақа учун қайдномаси эълон қилинди
- “Доҳа — Қатарнинг юраги, тунги ритмда уриб турган шаҳар”
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг