Қамашида 11 та узумчилик кооперацияси очилди

17:18 05 Октябр 2021 Жамият
865 0

Президентимизнинг 2021 йилнинг 28 июлдаги “Узумчиликни ривожлантиришда кластер тизимини жорий этиш, соҳага илғор технологияларни жалб қилишни давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида” қарори асосида Қашқадарё вилояти Қамаши туманида узумчиликка ихтисослаштирилган 11 та кооперация ташкил этилди.

– Кооперацияларга 450 гектар ер ажратилиб, 450 нафар ташаббускор фуқарога 1 гектардан бўлиб берилди,- дейди туман фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари Кенгаши раиси Жасур Абраев. – Узумзорларда фуқаролар оилавий иш юритмоқда. Бу, албатта, 450 рўзғорга барака кира бошлаганидан далолат беради. Узумчилик билан банд бўлган аҳолининг 30 фоизини ёшлар ташкил этмоқда.

Артезиан қудуқлари қазилиб, узумзорларни томчилатиб суғориш йўлга қўйилди. Ўтган йилнинг кузи ва жорий йил баҳор ойларида водий вилоятларидан келтирилган кишмиш навли ток қаламчалари экилди.

– 1 гектар узумзорда оилавий меҳнат қиляпмиз,- дейди тумандаги Оқробот қишлоғида яшовчи Аҳмад Абдуллаев. – Бу йил ток қатор ораларига тарвуз, қовун, ошқовоқ ва бошқа экинлар экиб, яхши ҳосил олдик. Токлар яхши ривожланмоқда, томчилаб суғориш технологияси ўрнатилган, сувда муаммо йўқ. Насиб этса, келгуси йил токларимизнинг олди ҳосилга кириб қолади.

Юқоридаги қарор асосида Қашқадарё вилоятида Китоб, Шаҳрисабз, Чироқчи, Яккабоғ ва Қамаши туманлари узумчиликка ихтисослаштирилди. Узумчилик соҳаси ходимлари тажриба алмашиш мақсадида Фарғона вилоятининг Олтиариқ туманида бир ҳафталик амалий семинарда иштирок этди.

Республика алькогол ва тамаки бозорини тартибга солиш ҳамда виночиликни ривожлантириш агентлиги бўлим бошлиғи Шерали Мирзаевнинг айтишича, илгари 35 гектар ерга 1 та артезиан учун 120 миллион сўм субсидия ажратилган бўлса, энди шу миқдордаги субсидияга 15 гектар ерда артезиан қазилмоқда. Агар томчилатиб суғориш жорий қилинса, 8 миллионгача субсидия берилади. Бу имтиёзлар маҳаллий узум навларининг миллий брендларини яратиш ва янги бозорларга чиқиш орқали экспортни кенгайтиришда муҳим аҳамият касб этади.

Узумчиликни ривожлантириш учун Қашқадарёда имконият жуда катта. Бўш ерлар кўп. Вилоятда ҳам Олтиариқдаги каби аҳоли хонадонларида, маҳаллаларда вайиш қилиниб, 2 минг гектар узумзорлар барпо этишга киришилди. Бу борадаги саъй-ҳаракатларни воҳа аҳли мамнуният билан қўллаб-қувватламоқда.

Фахриддин Бозоров, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?