Қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш ҳолати ўрганилди

15:37 07 Декабрь 2023 Жамият
462 0

2023 йил 12-октабр куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Саноат, қурилиш ва савдо масалалари қўмитаси ҳамда Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масалалари қўмитаси ҳамкорлигида эшитув ўтказилди.

Унда “Қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш тўғрисида»ги Қонуннинг ижро этилиши ҳолати назорат-таҳлил тартибида Қашқадарё вилояти мисолида ўрганиш якунлари юзасидан мутасадди вазирлик ва идоралар раҳбарларининг ахборотлари эшитилди.

Таъкидланганидек, мамлакатимизда аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг қайта тикланувчи энергия манбаларидан кенг фойдаланишини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, энергия самарадорлигини ошириш орқали республика ҳудудларида энергия тақчиллиги қопланишини таъминлаш, соҳанинг инвестициявий жозибадорлигини ошириш мақсадида кенг қамровли ишлар амалга оширилмоқда.

Соҳага оид ҳуқуқий муносабатларни тартибга солиш мақсадида қатор қонун ҳужжатлари қабул қилинди. Хусусан, “Қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш тўғрисида»ги Қонун билан қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари, соҳани давлат томонидан қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш механизмлари белгилаб берилди.

Шунингдек “Ўзбекистон – 2030» стратегиясида “Яшил иқтисодиёт”га ўтиш, унинг асоси бўлган қайта тикланувчи энергиядан фойдаланиш кўрсаткичларини кескин ошириш борасида устувор мақсад ва вазифалар акс этди.

Қўмиталар томонидан Қашқадарё вилоятида ўтказилган ўрганишлар мобайнида аҳоли билан мулоқот қилинди, хонадонларга, ижтимоий соҳа объектлари ҳамда тадбиркорлик субъектлари бино ва иншоотларида ўрнатилган қайта тикланувчи манбалари қурилмаларининг ҳолати билан танишилди.

Қайд этиш жоиз, қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш соҳасидаги 2023 йилга мўлжалланган ҳудудлар кесимидаги манзилли дастурлар доирасида Қашқадарё вилоятида бир қатор ишлар амалга оширилган.

Назорат-таҳлил тадбирида аниқланишича, Қашқадарё вилоятида электр энергияси ишлаб чиқариш қувватлари камлиги, шунингдек йилдан йилга истеъмолнинг ўртача 10 фоизга ортиб бориши оқибатида куз-қиш даврида 291 млн. кВт.соат электр энергияси ва 45 млн. куб метр табиий газ дефицити кутилмоқда.

Вилоятдаги 733 та ижтимоий соҳа объекти ва давлат ташкилотларида қуввати 7,4 МВт қуёш панеллари, 8,3 минг литр сув иситиш учун мўлжалланган гелиоколлекторлар ўрнатиш белгиланган бўлиб, бугунги кунда 584 та объектда 11,6 МВт қувватли қуёш панеллари ҳамда 62 минг литр сув иситиш учун мўлжалланган гелиоколлекторлар ўрнатилган. Шунингдек, тадбиркорлик субъектлари бино ва иншоотларига ўрнатилиши лозим бўлган қуввати 38,7 МВт қуёш панелларидан, амалда 833 та объектда қуввати 8,7 МВт қувватли қуёш панеллари ўрнатилган.

Йиғилишда депутатлар томонидан кўп қаватли уйларда ва давлат идораларида кичик қувватли қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмаларини ўрнатиш борасида белгиланган кўрсаткичларни ўз муддатида ижро этилишини таъминлаш юзасидан фикрлар билдирилди.

Эшитувда депутатлар қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш соҳасига инновацион технологиялар, илмий-техникавий ишланмаларни жорий этиш, инвестициявий жозибадорликни ошириш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш, давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш лозимлигини қайд этдилар.

Шунингдек, қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш соҳасида кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишни ташкил этиш, шунингдек ўрнатилган қуёш панеллари бўйича аниқ ҳисоб-китобларни юритиш, ушбу ускуналарга сервис хизмати кўрсатиш, панелларни эксплуатация қилиш, хавфсизлигини таъминлаш чора-тадбирларини амалга ошириш бўйича таклифлар берилди.

Эшитувда кўрилган масала юзасидан қўмиталарнинг тегишли қарори қабул қилинди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер