Қадр-қиммат ва қобилият намоёни
3 декабрь — Халқаро ногиронлар куни
Мамлакатимизда ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, саломатлигини мустаҳкамлаш, уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, қадр-қимматини ошириш ва қобилиятини намоён қилиш бўйича тизимли ишлар олиб борилмоқда. Амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар жараёнида уларнинг соғлигини мустаҳкамлаш, ижтимоий-сиёсий ҳаётда тўлақонли иштирокини таъминлаш, ногиронлик, ҳаракатчанликнинг чеклангани ёки бошқа омиллар асосидаги ҳар қандай камситишларга йўл қўймаслик бўйича барча имкониятлар ҳамда ҳуқуқий кафолатлар яратилаётгани ҳам диққатга сазовор.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 50 моддасида ҳар ким таълим олиш ҳуқуқига эгалиги, хусусан, таълим ташкилотларида алоҳида таълим эҳтиёжларига эга бўлган болалар учун инклюзив таълим ва тарбия таъминланиши белгилаб қўйилгани ногиронлиги бўлган шахслар ҳаётини яхшилашда муҳим омил бўлмоқда, десак, муболаға эмас. Айниқса, бу йўналишда уларнинг жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланишлари учун улкан шароитлар яратилаётганини ҳам урғулаш даркор.
Қайд этиш жоизки, сўнги йилларда бу борада қабул қилинган бир қанча қонун, фармон ва қарорлар орқали ногиронлиги бўлган шахсларнинг соғлигини мустаҳкамлаш, жисмоний тарбия ва спорт соҳасидаги ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш янада кучайтирилди. Хусусан, Ўзбекистон Республикасининг “Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида”, “Жисмоний тарбия ва спорт тўғрисида”, “Таълим тўғрисида”ги Қонунларида, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасида жисмоний тарбия ва спортни янада такомиллаштириш ва оммалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”, “Соғлом турмуш тарзини кенг татбиқ этиш ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонлари ҳамда “Паралимпия ҳаракатини ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” ва “Ногиронлиги бўлган шахсларни спортга жалб этиш орқали жисмоний реабилитация қилиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарорларида ногиронлиги бўлган шахсларнинг спорт билан шуғулланиши, спорт тадбирларида иштирок этиши, объектлар ва хизматларнинг қулайлигини ошириш, уларнинг жамиятда муносиб ўрин эгаллашларини рағбатлантириш каби қатор масалалар қатъий даражасида мустаҳкамлаб қўйилди.
Яратилаётган енгиллик ва шароитлар натижасида ногиронлиги бўлган шахсларнинг спортга жалб этилиши сезиларли даражада ошмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ўтказган хатлов натижаларига кўра, бугунги кунда мамлакатимизда 968 минг нафарга яқин ногиронлиги бўлган шахслар ҳаёт кечиришмоқда. Уларнинг 65 минг 378 нафари спорт билан профессионал шуғуллана олиши мумкин ва ҳозирда ташкил этилаётган турли оммавий спорт тадбирларига уларнинг 22 мингга яқини жалб қилинган. Шунингдек, улардан 7 мингга яқини профессионал спорт билан мунтазам шуғулланмоқда.
Ногиронлиги бўлган шахсларнинг халқаро спорт майдонларида муносиб иштирок этишини таъминлаш ва давлат томонидан қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилган саъй-ҳаракатлар натижасида улар катта ютуқ ва зафарларга эришаётгани қувонарлидир. Масалан, рақамларга эътибор берайлик. Спортчиларимиз шу кунгача Паралимпия ўйинлари дастуридаги халқаро мусобақаларда 224 та, Махсус олимпия ўйинларида 194 та, IBCA Жаҳон ўйинларида 92 та, Сурдлимпия ўйинларида 14 та, ногиронлиги бўлган шахслар шуғулланадиган бошқа спорт турларидан 164 та медалларни қўлга киритган.
Бугун матонатли ва иродали пара спортчиларимиз — Асила Мирзаёрова, Ҳусниддин Норбеков, Шерзод Номозов, Бобур Омонов, Нурхон Қурбонова, Гулжаной Наимова, Қудратуллахон Маъруфхўжаев, Асадбек Тоштемиров, Элбек Султонов, Ёрқинбек Одилов, Толиббой Йўлдашев, Сафия Бурханова, Моҳигул Ҳамдамова, Зиёдахон Исоқова, Сервер Ибрагимов, сурдлимпиячиларимиз — Сирожиддин Зайниддинов, Дилбар Тожибоева, Гўзал Эшмирзаева, Мафтуна Абдуюсупова, шунингдек, Ўзбекистон қизлар гандбол терма жамоаси ҳам фахримизга айланган. Улар қайд этган натижалар, рекордлар, қўлга киритган медаллар шодаси нафақат юртимиз, балки жаҳон ҳамжамияти томонидан ҳам кенг эътироф этилмоқда.
Ногиронлиги бўлган шахсларни спортга кенгроқ жалб этиш борасидаги ишларни янада такомиллаштириш мақсадида давлатимиз раҳбарининг жорий йил 8 декабрда қабул қилган “Ногиронлиги бўлган шахсларни спортга жалб этиш орқали жисмоний реабилитация қилиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори уларни қўллаб-қувватлашнинг янги босқичи бўлди дейишимиз мумкин.
Қарорга мувофиқ, инди спорт билан шуғулланишни истаган ногиронлиги бўлган шахсларнинг мурожаатига кўра “Инсон” ижтимоий хизматлар марказлари томонидан давлат мулкида бўлган жисмоний тарбия-соғломлаштириш ва спорт иншоотларида бепул спорт билан шуғулланиш учун йўлланма берилади. Кўз ва таянч-ҳаракат аъзолари касалликларига чалинган имконияти чекланган шахсларни спорт иншоотларига бориб-келишига ёрдам бериш учун ҳамроҳлик хизмати ташкил этилади. Спорт иншоотларига ташриф буюришда имконияти чекланган одамларга кўнгиллилар, шунингдек, нотижорат ташкилотлари аъзолари ҳамроҳ бўлади, кўнгиллилар гуруҳлари “Инсон” марказларида ташкил этилади.
Алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болалар учун ихтисослаштирилган таълим муассасалари ва “Мурувват” интернат уйларида 2025 − 2026 йилларда Ижтимоий ҳимоя давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан спорт иншоотларини қуриш, таъмирлаш ва жиҳозлаш, шунингдек, спорт тўгаракларини ташкил этиш режалаштирилган.
2025 йил 1 февралдан бошлаб паралимпия спорт турлари, карлар спорти, кўриш қобилияти бузилган шахслар спорти, махсус олимпиада спорт турлари, шунингдек, ногиронлиги бўлган шахслар шуғулланадиган бошқа спорт турлари бўйича мутахассисларни қайта тайёрлаш ва малака ошириш курслари йўлга қўйилади.
Ногиронлиги бўлган шахслар Ягона интерактив давлат хизматлари порталининг мобил иловаси орқали жисмоний тарбия-соғломлаштириш ва спорт иншоотларини, шунингдек адаптив спорт турлари бўйича гуруҳлар ташкил этилган спорт мактабларини танлаш имкониятига эга бўладилар.
Уч босқичли “Беш ташаббус паралимпиадаси” доирасидаги мусобақалар дастурига карлар, кўзи ожизлар ва махсус олимпия спорт турлари киритилиб, мазкур тадбир доирасида ўтказиладиган оммавий спорт мусобақаларининг ғолиб ва совриндорлари орасидан ногиронлиги бўлган иқтидорли шахслар саралаб олиниб, улар профессионал спортга йўналтирилади.
Эндиликда Паралимпия ўйинлари билан бир қаторда Сурдлимпия, Махсус олимпия, IBCA Жаҳон ўйинлари, Сурдосиё ва Океания ўйинлари, Махсус олимпия Европа ёзги ўйинлари, Ампутантлар ўртасида футбол бўйича жаҳон чемпионатида ғолиб ва совриндор бўлган спортчилар ҳамда уларни тайёрлаган мураббийлар давлат бюджети маблағлари ҳисобидан рағбатлантирилади.
Бундай юксак эътибор орқали олиб борилаётган ислоҳотлар ногиронлиги бўлган шахсларининг ҳуқуқларини тартибга солиш, улар учун жамият ҳаётининг барча жабҳаларида камситилмасдан, жамиятнинг бошқа аъзолари билан тенгма-тенг равишда иштирок этиш учун имкониятлар яратиш инсонийликка уйғун ҳолда олиб борилаётгани кун келиб яхши натижа беришига шубҳа йўқ.
Зеро, Янги Ўзбекистонни барпо этишда ҳар бир фуқарога ўз салоҳиятини ривожлантириш учун барча енгилликларни яратиш, соғлом, билимли ва маънавий баркамол авлодни тарбиялаш, уларнинг хоҳиш-иродасини рўёбга чиқариш устувор вазифадир ва бу йўл шонли келажакка йўл очажакдир.
Олимжон ШОДИЕВ,
Адаптив жисмоний тарбия ва спорт мутахассисларини
қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш
институти директори.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Собиқ бош вазир узоқ муддатга қамалди
- Тинчлик сулҳи шартлари бажарилмоқда: Ғазо 3 нафар, Исроил 90 нафар маҳбусни ватанига қайтарди
- “Энг яхши мақолалар” танлови ғолиблари аниқланди
- Шавкат Мирзиёев аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартиришга оид муҳим қарорни имзолади
- Туркияда қалбаки алкоголдан яна 3 нафар ўзбекистонлик ҳаётдан кўз юмди
- Ўзбекистонда 2025 йил 1 апрелдан электр энергияси ва газ нархлари оширилади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг