"Халқ сўзи" танқидидан сўнг: Қадимий қабр ёнидаги ҳожатхона бузиб ташланди. Кўҳна уй эса маданий мерос рўйхатига киритилади

20:29 23 Февраль 2021 Маданият
1961 0

Бугун онлайн нашримизда «Қадимий қабр ёнидаги ҳожатхона. Ёхуд манқуртликнинг бир кўриниши» номли мақолани эълон қилгандик. Материал ижтимоий тармоқларда ҳам катта акс-садо берди. 

Бухоро вилояти маданий мерос бошқармаси ушбу мақола бўйича расмий муносабат билдирди.

«Мақолада Бухоро шаҳрининг Саодат кўчасида жойлашган, манбаларда ХI асрда яшаб ўтгани қайд этилган Хўжа Ҳалимиддин Деҳмунийнинг қабри яқинида 30-сонли мактабгача таълим муассасасининг ишчилар учун мўлжалланган ҳожатхонаси қурилганлиги айтиб ўтилган.

Ҳолат юзасида вилоят ҳокими ўринбосари Б.Шаҳриёров, Бухоро шаҳар ҳокими Ў.Жумаев ҳамда вилоят маданий мерос бошқармаси, вилоят мактабгача таълим бошқармаси, вилоят санитария-эпидемиология ва осойишталик маркази, вилоят мусулмонлар идораси, вилоят қурилиш бош бошқармаси мутахассислари томонидан дарҳол жойига чиқиб ўрганиш ишлари олиб борилди. Ўрганиш натижасида қабр яқинида жойлашган ҳожатхонани бартараф этишга келишилди ва мазкур ҳожатхона шу куннинг ўзида бузиб ташланди.

Шунингдек, мақолада мазкур мактабгача таълим муассасаси ёнида қадимий ҳовли жойлашганлиги ва бу қадимий уй қаровсизлик оқибатида тутдай тўкилиб кетганлиги айтиб ўтилган.

Мазкур қадимий ҳовли-жой ҳам масъуллар томонидан кўздан кечирилиб, ҳовлини моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари миллий рўйхатига киритиш чораларини кўриш бўйича топшириқлар берилди дейилади ушбу муносабатда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?