Қадимий қабр ёнидаги ҳожатхона. Ёхуд манқуртликнинг бир кўриниши

12:31 23 Февраль 2021 Маданият
739 0

Кўҳна Бухоронинг бошқа тарихий шаҳарлардан ажралиб турадиган жиҳатларидан бири қадамжо ва зиёратгоҳларнинг бениҳоя кўплигидир. Тор кўчалардан юрсангиз ҳар қадамда бир азиз-авлиё, тарихий шахс мангу қўним топган даҳмага дуч келасиз.

Уларнинг баъзилари масжидлар, савдо тоқлари, мадрасалар ичида, айримлари шундоқ кўча ёқасида. Ҳовлилар ичида сақланаётганлари ҳам бор.

Бундан ортиқ манқуртлик бўлиши мумкинми?

Ўзбекистон Фанлар академияси Тарих институти таянч докторанти, ёш тадқиқотчи Шавкат Бобожоновнинг таъкидлашича, бу қадимий қабрларга муносабат ачинарли аҳволда.

— Таассуфки, айрим қадамжоларни ҳозирги кунда ҳам вайрон қилиш ҳолатлари учраяпти, — дейди у. — Мана бир мисол.Шаҳарнинг Саодат кўчасида жойлашган, манбаларда ХI асрда яшаб ўтгани қайд этилган Хожа Ҳалимиддин Деҳмунийнинг қабри атрофида ўтмишда қабристон бўлган. Шўро тузуми даврида бу қадамжо йўқотилиб, ўрнига тураржойлар барпо этилган. Деҳмунийнинг қабри жойлашган ер эса бундан икки йил муқаддам қад ростлаган 30-сонли мактабгача таълим муассасаси ҳудудида қолди. Аниқроғи, боғча зиёратгоҳнинг ўрнини эгаллади.

XI асрга тааллуқлиги айтилаётган қабр.

Энг ачинарлиси, муассасанинг ҳожатхонаси авлиё қабри билан ёнма- ён қурилган. Нечоғли хижолатли бўлмасин, айтишга мажбурмиз: ишчи-ходимлар ўзлари истамаган ҳолда қадимий қабр билан ёндош жойда ҳожатларини чиқаришга мажбурлар.

Бундай “илғор” қурилиш илмига қандай баҳо беришни ҳам билмайсан, киши.

Бу қабрнинг ёнида жойлашган ҳожатхона

Дарҳақиқат, 180 ўринга мўлжаллаб қурилган ва бундан икки йил муқаддам  фойдаланишга топширилган мактабгача таълим муассасасининг бир чеккасида мунғайибгина Хожа Ҳалимиддин Деҳмунийнинг қабри турибди. Нари борса тўрт метр нарида эса ҳожатхона.

Бундан ортиқ манқуртлик бўлиши мумкинми?!

“Бошимизни оғритма” дейишди

— Бу ерда бир пайтлар гумбазли расадхона, туғ, масжид бор эди, — дея эслайди қадамжога ёндош ҳовлида яшовчи Анвар Абдуллаев. —Зиёратчилар тез-тез келиб туришарди. Ҳаммасини йўқотишди. Боғча қурилиши пайтида шаҳар раҳбарлари ҳар куни шу ерда эдилар. Бу қадамжони сақлаб қолайлик, уч-тўрт туп дарахт кўчатини ўтқазиб, соя- салқин, шинам гўшага айлантирсак, аждодлари руҳи шод бўлади, зиёратчилар қадами ҳам узилмайди, деб кўп бор мурожаат қилдим. ”Бўпти, тахлаймиз”, дейишдан нарига ўтишмади. Бундан икки- уч ойча муқаддам шаҳар ҳокими Ўткир Жумаевга ҳам учрашдим. ”Бошимизни оғритма” деган гапни эшитгандан кейин ҳафсалам совиди. Савоб бўлади, деган ниятда шу қадимий қабрни асраб-авайлаб турибмиз.

Давлатимиз раҳбари зиёрат туризмини ривожлантириш зарурлигига эътиборни қаратиб турган паллада қадимий қадамжога бўлган бундай муносабатни қандай тушуниш мумкин?!

Ачинарлиси, зиёратгоҳга борар йўл берк. Киришга имкон йўқ. Бу ердаги юқори кучланишли электр энергияси ўтган симёғоч эса омонат турибди. Ваҳолонки, мактабгача таълим муассасаси эгаллаган кераксиз, кўримсиз ётган чамаси, бир-икки сотих жой ҳудуднинг асл эгаси бўлган қадамжога қайтарилса, ҳожатхона нарига кўчирилса, авария ҳолатидаги симёғоч янгиланса, бу ерни зиёратчилар қадами узилмайдиган гўшага айлантириш мумкин.

Касални яширсанг иситмаси ошкор қилади

Мавзудан узоқлашмаган ҳолда яна бир масалага эътиборни қаратмоқчимиз. Мазкур мактабгача таълим муассасаси ёнида қадимий ҳовли жойлашган. Ҳозир боғча билан уни баланд урилган девор ажратиб турибди. Бадавлат кишилар тураржойи бўлган, кейинги пайтларда болалар боғчаси ўрнида фойдаланилган бу қадимий уй қаровсизлик оқибатида тутдай тўкилиб ётибди.

Ўрганишимиз жараёнида  касалнинг иситмаси ошкор бўлди:кўздан пана қилинган қадимий уй ҳозир ана шундай абгор аҳволда

— Ҳовлининг аҳволини кўриб йиғлагинг келади, кишининг, — дейди Анвар Абдуллаев. — Бу гўша асраб-авайланса, таъмирланса сайёҳлар томоша қиладиган манзилга айланади. Лоақал тураржойга муҳтож инсонларга берилганида  у шундай афтода ҳолга тушмасмиди...

Уйнинг ички қисмидаги безак ишлари чинакам санъат намунаси. Афсуски, эгасизлик, лоқайдлик  ва ташқи таъсир — ёғингарчиликлар оқибатида Бухоро яна бир осори атиқасидан маҳрум бўлаяпти.
Қачонгача иситмани яшириб, кўриб, кўрмасликка оламиз?

Қадимий қабрлар ҳам тарихий қимматга эга

— Бугун шаҳримизда 10 та қабристон ва 81 авлиёнинг қабри сақланган бўлиб, улар баҳоли қудрат асраб келинмоқда, — дейди Шуҳрат Бобожонов. — Фикримизча, ҳар бири тарихий ва меъморий аҳамиятга эга. Қабрларни тарихчи, санъатшунос, реставратор, дин уламолари, археологлар ва маҳалла оқсоқоллари билан маслаҳатлашган ҳолда таъмирлаш мақсадга мувофиқ.

Ваҳолонки, бу қадимий уйнинг ички қисмида чинакам санъат намуналарини кўриш мумкин

Суҳбатдошимиз бу ҳақда бежиз тўхталмаяпти. Кўпгина қадимий қабрлар таъмирталаб аҳволда. Масалан,Ҳисор кўчасидаги авлиё Хожа Ҳасан Намадпўш қабрини олиб кўрайлик. Ш. Бобожоновнинг таъкидлашича, бу қабр ҳовли ичида. У уй эгаси томонидан асраб келинмоқда.Бу мўъжаз зиёратгоҳга ҳатто Ҳиндистондан ҳам зиёратчилар келиб туришади.

— Бухоро IХ асрда Қуббат ул-ислом яъни ислом динининг қуббаси, ХIII асрда Бухорои шариф яъни муқаддас, шарофатли шаҳар мартабалари билан улуғланган, — дейди ёш тадқиқотчи. — Унинг 2020 йилда ISESCO томонидан Ислом олами маданияти пойтахти деб эълон қилинганидан барчамиз хабардормиз. Шундай экан, тарихий қимматга эга муборак қадамжоларни нафақат бузиш, балки бир ғиштига тегиш ҳам мумкин эмас.

Одамлар орасида “Бухорони бало-қазолардан авлиёлар асрайди”, деган гап бор. Авлиёларимиз қабрини-чи? Уларни биз асрамасак, ким асрайди?!

Истам ИБРОҲИМОВ,
(“Халқ сўзи”)

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?