Қадимий Арк бағридаги синоат
Кўҳна Бухорои шариф қадимда Нумижкат, Бумичкат, Мадинат аттужжор, Фохира каби номлар билан ҳам аталган. Шундан келиб чиқилса, мозийда Бухоро сингари кўп номга эга бўлган шаҳарни учратиш қийин. Қолаверса, у осори атиқаларга ўта бой гўша саналади. Баъзи маълумотларга кўра, меъморий ёдгорликларининг ўзи 400 тадан зиёддир. Буюк аждодимиз Муҳаммад Наршахийнинг ёзиб қолдиришича, улар орасида Арк қалъаси алоҳида ажралиб туради. У бундан 1,5 минг йил, эҳтимолки, ундан аввалроқ ҳам ҳукмдорларнинг яшаш манзили вазифасини ўтаган. Қалъага асос солинган даврнинг милоддан аввалги IV асрга бориб тақалиши ҳам жуда кўп нарсани англатади.
Аркда бир неча бор археологик қазишма ишлари олиб борилган. Бу ўринда 2018-2019 йилларда Франция, 2020-2022 йилларда АҚШ археологлари билан ҳамкорликда олиб борилган илмий изланишларни эслашнинг ўзи кифоя. Шу жараёнда иштирок этган, қазишма ишлари гувоҳи бўлган мутахассис сифатида айта оламизки, кўҳна Арк қаъридаги сир-синоатлар ҳали тўлиқ аниқланганича йўқ. Тадқиқотлар эса ҳудудда бой маданий меросимиздан дарак берувчи осори атиқалар кўплигини кўрсатмоқда. Чунончи, Арк қўрғони шарқида жойлашган Шаҳристон атрофида олиб борилган археологик қазишмалар чоғида турли даврларга оид бино қолдиқлари, металл буюмлар, сопол, шиша, деворий сурат бўлаклари топилди.
Мозийшунослар ва тадқиқот ишларини олиб борган олимларнинг ёзиб қолдиришича, Арк қўрғони ва Шаҳристонни кесиб ўтувчи анҳор бўлган. XI-XII асрларга келиб у кўмилиб, қабристонга айлантирилган. Кейинчалик аҳоли сони кўпайиши ортидан қабристон ўрнида уй-жойлар қад ростлаган. Археологик қазишмалар пайтида у ердан чақалоқларнинг жасади топилиши олимларимизни яна бир синоат олдида лолу ҳайрон қолдирди. Негаки, жасадлар ноодатий анъаналарга кўра, яъни қувур ҳамда сопол идишларга солинган ҳолда дафн этилган эди. Бу эса кўплаб тахминларга сабаб бўлди. Хусусан, топилмаларнинг XI-XII асрларга тегишли эканлиги аниқлангач, турли фаразлар юзага келди.
Тарихдан маълумки, араблар истилосига қадар Бухорода зардуштийлик динига эътиқод қилганлар. Бу дин расм-русумига кўра, инсон вафотидан сўнг жасади суякдонларга солиб дафн қилинган. Юртимизга ислом дини кириб келгандан кейин ҳам зардуштийликка оид баъзи бир анъаналар сақланиб қолган бўлиши мумкин. Демоқчимизки, туб аҳоли ота-боболардан қолган дафн маросими анъаналарини ҳаётдан эрта кетган чақалоқларни шунақа идишларга солиб дафн қилиш орқали давом эттирган бўлиши эҳтимоли йўқ эмас.
Қизиғи, бу топилмалар музей-қўриқхонамиз таъмирлаш лабораториясига келтирилиб, ўрганилганда, идишларнинг ҳаммаси пишириш жараёнида яроқсиз бўлиб қолгани аниқланди. Бинобарин, бу буюмларни ясашда катта куч, анча-мунча хомашё сарфланганлиги инобатга олиниб, уларни шунчаки ташлаб юбориш увол ҳисобланган. Аниқроқ айтганда, сопол буюмлар лойини тайёрлашда махсус тупроқ, шамот, квас ва шунга ўхшаш органик материаллар ишлатилган. Лойни пиширишда эса ўтин ва вақт сарфланган.
Шу ўринда бошқа бир савол ҳам туғилади. Ўша даврларда хум ва шунга ўхшаш бошқа сопол буюмлар ҳам яроқсиз ҳолатга келиб қолган-ку? Нега жасад уларга эмас, айнан сув идишларига солиниб дафн қилинган?
Айтиш жоизки, сув барча динларда бутун инсоният учун поклик, тозалик рамзи ҳисобланган. Шунинг учун ҳам эҳтимолки, чақалоқлар жасади гуноҳсиз, худди сув каби пок деган ақидага амал қилинган ҳолда сопол идишларда дафн қилинган. Қолаверса, ўша даврга назар солинса, Бухорода бир қанча ҳаммом ва ҳовузлар бўлган. Табиийки, бу идишларга эҳтиёж юқори эди. Чунки қувурлар асосан ҳовузларга сув тўлдириш ва эскирган сувни чиқариб ташлашда ишлатилган. Хумсимон сопол идишлар эса ҳаммомда ёки оила шароитида сувни қиздириш учун ишлатилган. Бу идишлар лойининг таркиби оддий сополларникига қараганда бошқача эди. Улар оловга чидамли қилиб ишланган. Оддий сополларда кўпроқ махсус лой ишлатилган бўлса, бу идишларнинг таркиби юқори температурага бардош берадиган тоғ тоши, шамот, квасдан иборат. Хумдондан носоз чиққанларини чақалоқларни дафн қилишда ишлатишган. Чунки бу идишларни қия қилган ҳолда кўтариш қулай. Улар замбил вазифасини бажарган бўлиши эҳтимоли ҳам бор.
Бир неча оғиз сўз топилмаларни таъмирлаш жараёни ҳақида. У механик ва кимёвий усулларда амалга оширилди. Сабр-тоқат, қунт билан олиб борилган реставрация ишлари рисоладагидек якун топди. Экспонатлар музей фондига топширилди.
Шу ноёб топилмаларнинг ўзи Бухоро тарихи ва этнографиясининг бизга ҳали номаълум қирралари жуда кўплигини кўрсатади. Кўҳна қўрғонга келсак, бу ерда Бухоро давлат музей-қўриқхонаси, Арк ўлкашунослик музейи фаолият кўрсатаяпти. Тарихимиз ихлосмандлари учун 2500 дан зиёд экспонат намойиш этилмоқда.
Дилмурод ХОЛОВ,
Бухоро давлат музей-қўриқхонаси реставратори,
Ўғилой ҲАКИМОВА,
Бухоро давлат университети археология йўналиши магистранти.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Собиқ бош вазир узоқ муддатга қамалди
- Тинчлик сулҳи шартлари бажарилмоқда: Ғазо 3 нафар, Исроил 90 нафар маҳбусни ватанига қайтарди
- “Энг яхши мақолалар” танлови ғолиблари аниқланди
- Туркияда қалбаки алкоголдан яна 3 нафар ўзбекистонлик ҳаётдан кўз юмди
- Шавкат Мирзиёев аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартиришга оид муҳим қарорни имзолади
- “Дунёда турмоқ учун дунёвий фан ва илм лозимдир”
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг