Профессор юрак нуқсони билан туғилиш ҳолатлари кўпайиб бораётганининг муҳим сабабларини айтди

17:42 21 Июль 2022 Жамият
368 0

Маълумотларга кўра, бугун жаҳонда ҳар минг чақалоқдан саккиз-ўн нафари туғма юрак нуқсони билан дунёга келмоқда. Уларнинг қарийб 72 фоизи ҳаётининг илк йилида жарроҳлик амалиётига муҳтож.

Шу боис 1 ёшгача бўлган болалар ўртасида мазкур хасталикдан ўлим кўрсаткичи юқори ўринда туради. Бироқ ўз вақтида операция қилинган ўғил-қизларнинг 97 фоизи тўлиқ соғлом ҳаётга қайтиши мумкин.

Россиянинг Бакулев номидаги юрак-қон томир жарроҳлиги марказида тажриба орттириб қайтган моҳир кардиожарроҳ, тиббиёт фанлари доктори, профессор Рустам Ёрбеков юртимизда туғма юрак нуқсони билан дунёга келаётган болалар сони ортишини қуйидаги омиллар билан ҳам изоҳлади.

— Ҳомиладорликнинг дастлабки уч ойи — гўдак ички аъзоларининг шаклланиш даври, — дейди профессор. — Бироқ ана шу муҳим паллаларда кўпчилик ўзбек хонадонларида бўлажак она саломатлигига етарлича эътибор қаратилмайди.

Масалан, келинлик юмушлари, баъзан қайнота-қайнона, турмуш ўртоқ ва яқинлар олдидаги ҳаддан зиёд кўп вазифалар бўлажак онани зўриқтириб қўяди. Ҳомиладорлигига қарамай бундай опа-сингилларимизга хизматкор сингари муносабатда бўладиганлар ҳам, афсуски, орамизда кам эмас.

Оқибатда кичик бир стресс ҳолати ҳам фарзанднинг нуқсон билан туғилишига сабаб бўлиши мумкин.

Худди шундай, “юкли” аёлларнинг бозор, дўкон каби аҳоли гавжум жойларга чиқиши ҳам нотўғри. Чунки бу даврда, айниқса, ҳомиладорликнинг дастлабки 12 ҳафтасида турли инфекцияларни юқтириб олиш нафақат она, балки болада ҳам оғир асоратлар қолдириши эҳтимоли катта.

Жумладан, ҳозир қайта авж олаётган коронавирус, куз-қиш мавсумига хос грипп, шу билан бирга, қизамиқ, қизилча ва бошқа вирус ҳамда бактериялар чақалоқларнинг юрак нуқсони билан туғилишига олиб келиши мумкин.

Қолаверса, юртимизда бўлажак оналар учун скрининг текширувлари йўлга қўйилган. Бунга асло эътиборсиз қараб бўлмайди. Негаки, баъзи хасталикларни ҳомиладорлик давридаёқ аниқлаб, эрта ва самарали бартараф этса бўлади.

Бундан ташқари, болалик ва ўсмирлик даврида қизлар саломатлигига бефарқ бўлмаслик керак. Мактабларда турли спорт машғулотларини кўпайтириш, ўз навбатида, уйда уларни жисмоний машғулотларга кенгроқ жалб қилиш, тўғри овқатланиш ва асабийлашмаслик соғлом фарзандлар дунёга келиши учун мустаҳкам пойдевор яратади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер