Президент Халқаро дзюдо федерацияси раҳбарини «Дўстлик» ордени билан мукофотлади

19:00 27 Февраль 2025 Сиёсат
2118 0

Фото: Президент матбуот хизмати

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 27 февраль куни нуфузли "Катта дубулға" халқаро турнири доирасида мамлакатимизда бўлиб турган Халқаро дзюдо федерацияси раҳбари Мариус Визерни қабул қилди.

Мазкур йирик спорт ташкилоти билан мамлакатимизда дзюдо мактабини ривожлантириш ва ушбу яккакураш турини оммалаштириш борасидаги самарали ҳамкорликни янада кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди.

Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон халқаро федерация фаолиятида фаол иштирок этмоқда. 2022 йилда мамлакатимизда катталар ўртасида жаҳон чемпионати, ўтган йили ҳарбий хизматчилар ўртасида жаҳон биринчилиги муваффақиятли ўтказилди. Париж шаҳрида бўлиб ўтган ёзги Олимпия ўйинларида Диёра Келдиёрова Ўзбекистон тарихида илк бор дзюдо бўйича олтин медални қўлга киритди.

Федерация раҳбари Мариус Визер мамлакатимизда соғлом турмуш тарзини оммалаштириш ва спортнинг барча турларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, ёшлар, айниқса, қизларни кенг жалб этиш, замонавий спорт инфратузилмасини яратиш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларни юқори баҳолади.

Учрашувда спортчилар, мураббийлар ва ҳакамларни тайёрлашда федерациянинг техник кўмаги ва эксперт ёрдамини кенгайтириш, иқтидорларни саралашнинг самарали механизмини жорий қилиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Бундан ташқари, мамлакатимиз ҳудудларида дзюдо бўйича халқаро мусобақаларни мунтазам ўтказиб бориш таклифи билдирилди.

Учрашув якунида Ўзбекистон Президенти миллий дзюдо мактабини ривожлантиришга қўшган катта шахсий ҳиссаси учун Халқаро дзюдо федерацияси раҳбари Мариус Визерга давлатимизнинг юксак мукофоти - "Дўстлик" орденини топширди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?