Президент АҚШ божларининг жаҳон иқтисодиётига таъсири ҳақида гапирди
Фото: Президент матбуот хизмати
Президент Шавкат Мирзиёев раислигида бошланган видеоселектор йиғилишида дунёда юз бераётган иқтисодий ва савдо чекловларининг Ўзбекистонга таъсирини юмшатиш масалалари муҳокама қилинмоқда.
Аввало, давлатимиз раҳбари глобал иқтисодий ҳолатга тўхталди.
“Ҳозирги дунё аввалгидек эмас. Гап тариф ёки уларни миқдорида ҳам эмас. Узоқ йиллар давомида давлатлар ўртасида барқарор муносабатлар ва ўзаро ишончни таъминлаган халқаро институтлар, улар ишлаб чиққан қоида ва нормалар бугун самарасиз бўлиб бораяпти.
Албатта, бу жараёнлар занжирли таъсир кўрсатиб, жаҳон иқтисодиётини секинлашуви ва халқаро савдони камайишига олиб келиши мумкин”, деди Президент.
Биргина юқори тарифлар оқибатида халқаро савдо ҳажми 3,5 триллион долларга қисқариб, дунёдаги инфляция даражаси 7,5-8 фоизга кўтарилиши ҳақида прогнозлар берилмоқда.
“Уч-тўрт кун ичида халқаро молия бозорлари 10 триллион доллар йўқотгани биз учун қаттиқ “сигнал” бўлиши керак.
Энг катта хавф – пандемия даврида бўлгани каби дунё бўйлаб таъминот ва қиймат яратиш занжирларида узилишлар пайдо бўлишидадир.
Айниқса, бундай ҳолат жаҳон экспортида юқори улушга эга тўқимачилик, электротехника, автомобилсозлик, озиқ-овқат саноати каби “драйвер” тармоқларга катта зарба бериши мумкин”, деди Президент.
Ўзига нисбатан энг катта импорт божлари қўйилган давлатлар эндиликда Ўзбекистон экспорт қилаётган йўналишларга ўзининг маҳсулоти билан кириш учун агрессив савдо сиёсатини юритиши мумкинлиги қайд этилди. Яъни, мамлакатимиз кириб борган ип-калава, мато, газлама, тайёр текстиль ва маиший техника бозорларида ҳам аёвсиз рақобат бўлади.
Гарвард университети таҳлилига кўра, ўтган беш йилда Иқтисодий мураккаблик индексида Ўзбекистоннинг ўрни 25 поғона яхшиланиб, 105-ўриндан 80-ўринга кўтарилди.
Бугунги кунда 162 турдаги миллий маҳсулотларимиз “дунё бозорларида рақобат устунлигига эга” деб эътироф этилаяпти.
Натижада охирги йилларда экспорт 2,2 баробар ошди. Ташқи савдо айланмаси ялпи ички маҳсулотга нисбатан 57 фоизга етди.
“Бу – иқтисодиётимиз ташқи бозорларга қанчалик боғлиқ эканини кўрсатадиган жуда катта рақам”, деди Президент.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- АҚШ ва Британия Сурия муваққат президенти Ахмад аш-Шаръани «қора рўйхат»дан чиқарди
- G20 саммитининг Жанубий Африкада ўтказилиши шармандали ҳолат – Трамп
- Ўзбекистон U-17 терма жамоаси Жаҳон чемпионатидаги иккинчи ўйинида мағлуб бўлди
- Машинада хавфсизлик камарини тақиш мумкин бўлмаган касалликлар рўйхати тасдиқланади
- Ўзбекистон миллий терма жамоасининг халқаро мусобақа учун қайдномаси эълон қилинди
- “Доҳа — Қатарнинг юраги, тунги ритмда уриб турган шаҳар”
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг