Полвонлар қачон майдонга тушади?

14:55 19 Февраль 2025 Жамият
83 0

Темур ЭШБОЕВ/«Халқ сўзи». Навбаҳорлик Мамай полвон Хидировнинг курашдаги шуҳрат чўққиси ўтган асрнинг ўттизинчи йилларига тўғри келган. Қишлоқда биринчи тракторни бошқарган полвоннинг бўйи икки метр атрофида бўлиб, тўю маъракалардагина кураш тушган. Фурсати етгач, ортиқча чиранмай даврани тарк этган, яъни кураш билан хайрлашган. Шу боис Мамай полвон енгилганини ҳеч ким эслай олмайди. Эслаганлари бироз лофга ўхшасада ҳақиқатдан йироқ эмас.

— Мамай кучли полвон бўлган, трактор билан ер ҳайдаётиб, кучи етмай қолса, тушиб тракторга ёрдам бераркан, — дея хотирлайди учтутлик санъатшунос Ҳамиджон Ҳотамов. — Текис жойда ҳам тракторни итариб, ўт олдириб олар, отларни бир тортганда тўхтатиб қўяркан.

Табиийки, бу каби ҳангомалардан сўнг Алпомишдек эпик қаҳрамонларимиз шунчаки тўқима эмас, балки реал ҳаёт ҳақиқатимикин, деган ўйга борасан, киши.

Оққан дарё оқаверади. Кейинчалик Мамай полвоннинг юртдошлари — навоийлик спортчилар қиличбозлик, бадиий гимнастика ва баскетбол, сув спорти каби турларида ўз мактабларини яратишиб, мамлакат миллий терма жамоасида сафида улар муқим ўринга эга бўлишган. Бугунчи?..

Бугун навоийликлар дзюдо бўйича жаҳон чемпиони, Токио олимпиадасининг бронза медали совриндори Давлат Бобонов, паралимпия ўйинларининг уч карра ғолиби Ҳусниддин Норбековга мухлислик қилишади. Афсуски, ҳақли равишда, дейишга бироз тил айланмайди. Сабаби улар аслида Навоий вилоятида туғилиб вояга етган бўлсада, бугунги кунда турли вилоятларда мусобақа ва турнирларга тайёргарлик кўриб юксак марраларни забт этмоқда.

От минганники, деб халқимиз бежиз айтмаган. Давлат Бобонов 2022 йил дзюдо бўйича жаҳон чемпионати ғолиблигини қўлга киритганида, у туғилган Чуя қишлоғида кутиб олиш тантаналари ҳақиқий байрамга айланиб кетди. Нуротадан раҳбарият билан бирга карнай-сурнай, фольклор дасталари, қучоқ-қучоқ гул тутган атлас кўйлакли қизлар келишди. Ўйин-кулги, рақслар, бутун қишлоқ аҳлига бир олам қувонч туҳфа этди. Афсуски, чемпион Навоий шарафини ҳимоя қилганида, бу қувонч ва шодлик тугаллик касб этган бўларди.

Тўғри, масаланинг унчалик ҳам таассуфланадиган жойи йўқ. Ватан битта, спортда эришилган ҳар бир ютуқдан ғурур улғайиб, ташвишлар баҳам кўрилади. Гап ҳозир спортчининг саргузашт эмас, мутасаддиларнинг соҳага эътиборсизлиги туфайли муносиб тайёргарлик кўриш истагида ўз ҳудудидан ташқарига чиқиб кетганлиги хусусида бормоқда.

— Кечагидек эсимда 2015 йилнинг ёзи эди, — дейди Навоий вилояти олимпия ва паралимпия маркази мураббийси Тўймурод Адизов. — Қўшни вилоятнинг эркин курашдан умидли спортчиси телефон қилиб Тошкентга кетаётганлигини айтиб қолди. Йўл-йўлакай бир пиёла чойга таклиф этдим.

Дастурхон атрофидаги суҳбатда унинг Рио олимпиадасига тайёргарлик кўриш учун пойтахтга кетаётганлиги маълум бўлди. Унга Навоийда тайёргарлик кўришни таклиф этдим. Ўз уйимга рўйхатдан ўтказиб, тайёргарликни бошлаб юбордик.

Ихтиёр Наврўзов навоийликларга 2016 йил Рио де Жанейро олимпиадасининг бронза медалини тортиқ қилди. Асли навоийлик Ҳусниддин Норбеков ўша йили паралимпия ўйинларининг олтин медалини қўлга киритди. Кейинчалик у Токио ва Парижда ҳам ўз ютуқларини такрорлаб, паралимпия ўйинларида ўзи ўрнатган рекордларини бир неча бор янгилади. Бугун Ҳ. Норбеков пойтахтда навбатдаги турнир ва мусобақаларга тайёргарлик кўриб, кўплаб шогирдлар ҳам тайёрламоқда.

— Спортчи қаерда тайёргарлик кўрмасин, ғолибликни қўлга киритганида Ватанимиз мадҳияси янграб, байроғимизнинг баланд ҳилпираши кўнглимизни тоғдек кўтаради, — дея давом этади Т. Адизов. — Дунё Ўзбекистонни танийди, миллатимиз ўғлонининг матонати, маҳорати ва мустаҳкам иродасига тан беради. Бунга ҳар бир ҳудуд албатта, ўз ҳиссасини қўшиши керак. Президентимиз ХХХII ёзги Олимпия ўйинларида иштирок этган спортчи ва мураббийлар билан учрашувда: «Хориждан легионерлар эмас, етук мутахассисларни ва спортчиларни тайёрлаш методикасини олиб келиш керак», деганларида ўзимизнинг алпкелбат ўғлонларимизни, барчиной қизларимизни маҳоратли спортчи қилиб тарбиялаш, синовларда тоблаш, иқтидорини намоён этишга шарт-шароитларни яратиш вазифаларини илгари сурган эди.

Шу кунларда футболчи Абдуқодир Ҳусановнинг исми шарифи инглиз, француз, испан ва немис тилларида тез-тез янграб, «Ўзбекистон» ва «ўзбек» сўзлари билан қўшиб тилга олинмоқда. Чиндан ҳам спортчи қаерда муваффақиятга эришмасин, ўз юртида спортга қаратилган эътибор самарасини ифода этади.

Мамлакатимиз раҳбари олимпия ва паралимпия ҳаракатини янада ривожлантириш, оммавий спортни янги босқичга олиб чиқиш ҳамда аҳоли жисмоний фаоллигини ошириш чора-тадбирлари юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида ҳудудларда мавжуд салоҳиятлар тўлиқ ишга солинмаётгани, бу борада раҳбарлар масъулиятни умуман ҳис этмаётганлигини қайд этди. Хусусан, ўтган йили олимпия спорт турлари бўйича жаҳон чемпионатларида Навоий, Сурхондарё ва Қашқадарё спортчилари бирорта ҳам медаль олмаганлигини танқид қиларкан, ёндашувларни ўзгартириб, ёшларни спортга тайёрлаш, бу борада селекция ишларини яхшилаш, иқтидорли спортчи ва мураббийларни рағбатлантириш бўйича мутлақо янги тизим яратиш зарурлиги вазифаларини белгилади.

Мазкур вазифалар ижроси бўйича Навоий вилоятида соҳа мутасаддилари, спорт федерациялари раҳбарлари ҳамда ҳомийлар иштирокида кенгайтирилган йиғилиш ўтказилиб, унда ҳудудда спорт, айниқса, унинг олимпия спорт турларига эътибор қаратиш бўйича кечиктириб бўлмас чора-тадбирлар белгиланди. Вилоятда салоҳиятли ёшларимиз кўп эканлиги таъкидланиб, бунга куни кеча Абу Дабидаги жаҳон чемпионатида уч нафар мактаб ўқувчисининг якка курашларда олтин медални қўлга киритганлиги мисол сифатида келтирилди. Уларга муносиб шарт-шароитлар яратиш орқали мамлакатимиз довруғини ёйишга ҳисса қўшиш ҳар бир ҳудуд учун шараф эканлиги таъкидланди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?