Пўлат Бобожонов: аҳолига яқиндан хизмат кўрсатадиган тизим яратилди

11:04 20 Декабрь 2019 Жамият
1138 0

Пойтахтимизда бўлиб ўтган “Қонун устуворлиги ва инсон манфаатларини таъминлаш — мамлакат тараққиёти ва халқ фаровонлигининг гарови” мавзуидаги тадбирда Ички ишлар вазири, генерал-лейтенант Пўлат Бобожонов ички ишлар органлари тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар ҳақида маълумот берди.

“Мамлакатимизда тинчлик ва тотувликни асраш, жамоат тартиби ҳамда фуқароларимизнинг хавфсизлигини таъминлаш ички ишлар органларининг бирламчи вазифаси ҳисобланади. Таъкидлаш керакки, кейинги йилларда тизим фаолиятини янада такомиллаштириш ва самарадорлигини ошириш мақсадида “Ички ишлар органлари тўғрисида”ги Қонун қабул қилинди. Шунинг баробарида бевосита ички ишлар органларига доир 4 та қонун, 30 дан зиёд фармон, қарор ва фармойишлар, 150 дан ортиқ ҳукумат ва идоравий ҳужжатлар қабул қилиндики, мазкур ҳуқуқий ҳужжатларда белгиланган асосий норма ва вазифалар бугун ҳаётда ўз ифодасини топмоқда. Энг муҳими, натижада ички ишлар органлари халқ манфаатларига хизмат қиладиган халқчил ва профессионал хизмат сифатида шаклланиб улгурди.

Жойларда ҳуқуқбузарликлар профилактикаси, жиноят қидирув, тергов, миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлинмалари жорий этилиши орқали аҳоли учун яқиндан хизмат кўрсатадиган янги тизимга асос солинди. Бевосита маҳаллаларнинг ўзида жиноятчиликни жиловлаш ва ҳар қандай ҳуқуқбузарликка нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш йўлга қўйилди. Бунинг учун профилактика инспекторларининг сони 25 фоизга кўпайтирилди. Натижада улар томонидан шаҳар шароитида 2,5 минг, қишлоқда 5 минггача аҳолига хизмат кўрсатилиши таъминланди.

Маҳалла посбонлари фаолияти тугатилиб, уларнинг ўрнига 9 мингдан зиёд профилактика инспекторларининг ёрдамчилари лавозимлари жорий этилди.

Президентимиз ташаббуси билан профилактика инспекторларига хизмат уйлари, фуқаролар билан самарали ишлаш, уларнинг мурожаатларини ўз вақтида ва сифатли кўриб чиқиш, яқиндан кўмак кўрсатиш мақсадида замонавий хизмат хоналари ажратилди. Имтиёзли кредит асосида автотранспорт воситалари билан таъминланди.

Ҳудудларда хотин-қизлар билан ишлаш борасида алоҳида ёндашув шакллантирилиб, 360 нафар аёл инспекторнинг фаолияти йўлга қўйилгани ҳам аҳоли ўртасида катта қизиқишларга сабаб бўлди.

Ҳаммамизга маълумки, энди автотранспортнинг давлат рақамини олишда коррупцион ҳолатга йўл қўйилмайди. Боиси, давлат рақамлари онлайн тарзда очиқ аукцион савдолари орқали харид қилинмоқда. Енгил автотранспорт воситалари ойналарининг тусини қорайтиришга ҳам бевосита фуқароларимизнинг хоҳиш-истакларига кўра рухсат берилди.

Ҳозирги кунда республикамиз ҳудудларида 115 та онлайн радар иш олиб бормоқда. Бу эса йўл-ҳаракатини инсон омили эмас, балки замонавий технология ёрдамида назорат қилинаётганидан далолат беради.

Фуқароларга ходимларнинг ноўрин хатти-ҳаракатлари устидан шикоят қилиш учун 24 соат фаолият кўрсатадиган “1102” қисқа рақамли колл-центр, шунингдек, одам савдоси билан боғлиқ ҳолатлар бўйича ягона ишонч телефони узлуксиз ишлаб турибди.

Ва яна шуни алоҳида таъкидлаш керакки, мамлакатимизнинг туристик салоҳияти кун сайин ошиб бормоқда. Буни биргина жорий йилнинг 11 ойида 7,6 миллион сайёҳнинг юртимизга ташриф буюрганида ҳам кўриш мумкин. Хорижлик меҳмонларнинг хавфсизлигини таъминлаш учун, давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан республикамизнинг 7 та ҳудудида Хавфсиз туризмни таъминлаш бошқармалари ўз ишини бошлади”, — деди Пўлат Бобожонов.

“Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?